Концерт томоша фаолияти солиққа тортиладими?

Концерт томоша фаолияти солиққа тортиладими?

Маълумки, 2020 йил 1 январдан амалиётга жорий этилган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида бир қатор ўзгаришлар ва янгиликлар киритилди. Жумладан, унга асосан концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар концерт-томоша фаолиятидан олган даромадлари тўғрисида декларация асосида 2020 йил 1 апрелдан бошлаб даромад солиғини тўлаб боришлари белгиланди.

Бу ҳақда Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан жойларда ўтказилаётган семинарлар, учрашувлар ва давра суҳбатларида батафсил маълумотлар айтиб ўтилмоқда. Жумладан яқинда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси Сирдарё вилояти бўлимида ташкил этилган учрашувда вилоят ҳудудида концерт –томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар, хонандалар, қўшиқчилар иштирок этди. Бугунги кунда вилоятда 86 нафар хонандалар фаолият юритаётган бўлса, шулардан 26 нафари белгиланган тартибда лицензия асосида фаолият юритмоқда.

 - Концерт-томоша кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларни (шу жумладан норезидентларни) жалб этиш йўли билан оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромадлар оладиган юридик шахслар 5 фоизли солиқ ставкасида солиқ тўлашлиги белгиланган, - дейди Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи ўринбосари Ахтам Хамдамов. – Ўтказилаётган учрашувларда кенг жамоатчиликни мазкур янгиликлардан бохабар қилмоқдамиз. Шунингдек, меъёрий ҳужжатлар асосида тегишли рухсатномалар билан қонуний фаолият юритиш борасида ҳам тушунчалар берилмоқда.

Тадбирда сўз олган «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи Ш.Холмуратов тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти хусусида ҳам гапириб ўтди.

Ҳар бир ўзгариш ва янгиликлардан аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган бу каби тадбирлар ҳар бир маҳаллаларда ва соҳалар кесими ўтказилаётганлиги солиқ тўлаш маданиятининг ортишига хизмат қилиши шубҳасиздир.

 

А.Бекматов,

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи.