» » Ўзбекистонда яқин 5 йилликда нархи 10 минг долларлик арзон автомобиллар ишлаб чиқарилади

Ўзбекистонда яқин 5 йилликда нархи 10 минг долларлик арзон автомобиллар ишлаб чиқарилади

7 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзбекистонда автомобилсозликни ривожлантириш стратегияси» мавзусида ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда 2030 йилга қадар мўлжалланган Ўзбекистон автосаноатини ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилгани ҳақида маълумот берилди.

«Ушбу концепция интернетдаги порталда эълон қилинади, ўрганиб чиқасизлар, муҳокама бўлади. Мазкур концепцияда 2та тенденция ҳисобга олинган: биринчи 5 йилликда нархи 10 000 АҚШ доллари атрофида бўлган арзон автомобиллар ишлаб чиқарилишига эътибор қаратилади, чунки шу тоифа транспорт воситаларига талаб юқори бўлади. Дунё тажрибасидан маълумки, кроссовер, яъни йўлтанламас автомобилларга қизиқиш ва эҳтиёж йил сайин ошиб бормоқда.

Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда биринчи 5 йилликдан кейин янги тенденция бошланишини тахмин қиляпмиз: келгусида Ўзбекистонда нархи 15 000 АҚШ доллари атрофида бўлган кроссовернинг кичикроқ моделларини ишлаб чиқаришга эътибор қаратилади», — деди «Ўзавтосаноат» стратегик режалаштириш дирекцияси бошлиғи Рустам Қодиров.

Мулоқот давомида премиум сегментда Chevrolet Equinox кроссовери, Chevrolet Trailblazer йўлтанламас ва Chevrolet Traverse оилавий кроссовери ишлаб чиқарилиши жорий йилнинг охиригача бошлашни режалаштирилаётгани билдирилди.

«Ўзавтосаноат» мутасаддиларининг айтишича, премиум сегмент мамлакатимизда катта талабга эга эмас, ҳатто автоконцерн умумий ҳажмининг 10 фоизини ҳам ташкил этмайди, чунки ҳамманинг ҳам бундай автомобил сотиб олишга қурби етмайди.

«Шу йилнинг охирида, эҳтимол декабрда ёки кейинги йилнинг бошида 3та янги модел ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, — деди Рустам Қодиров. — Уларнинг ҳажми кам бўлади. Биз талабдан келиб чиқиб, иш тутамиз. Сотиб олинмайдиган минглаб Тrailblazer ишлаб чиқаришнинг нима кераги бор? Бозорга қанча машина керак бўлса, шунча чиқарамиз».

Учрашувда Ўзбекистон МДҲ давлатлари ичида Россиядан кейин иккинчи энг катта бозор экани қайд этилди. Қозоғистон, Россия, Беларусь, Украина эса Ўзбекистоннинг асосий экспорт бозорлари сифатида тилга олинди.

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!


Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив