» » Тарихнинг очилмаган саҳифаси: “Қадимчилар” кимлар?

Тарихнинг очилмаган саҳифаси: “Қадимчилар” кимлар?

ХХ асрнинг бошлари Туркистонда турли сиёсий партия ва оқимларнинг шаклланиш даври бўлди. Кўплаб тарихий манба ва тарих фани дарсликларида Туркистонда жадидлар ҳаракати ўлканинг сиёсий ҳаётида муҳим ҳодисалардан бўлгани қайд этилади. Шубҳасиз, жадидлар турли соҳаларда ислоҳотлар зарурлиги ҳақида ғояларни илгари суришган, газеталар нашр этишган, янги услубдаги мактаблар ташкил қилганлар. Бироқ, улар билан “сиёсий майдон”да “Қадимчилар” ёки “анъаначилар” деган атамага эга яна бир сиёсий ҳаракат бор эди. Улар ким бўлган ва Туркистон тарихида қандай рол ўйнаган? Бу ҳақда UzAnalitycs сайти мухбири тарихчи олим Мурод Зикриллаев билан суҳбатлашди.

Мурод Зикриллаев – Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейида илмий ишлар бўйича директор ўринбосари. Илмий изланиш мавзулари: XIX аср иккинчи ярми ва XX аср бошларида Ўзбекистон тарихи, 2 та рисола ва 30 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи.

– Мурод Файзуллаевич, бир неча йилдирки жадидчилик ҳаракати катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Шу билан бирга, ўша даврда жадидлардан фарқли ўлароқ “Қадимчилик” деб номланган яна бир муҳим сиёсий оқим ҳам фаолият юритган. Ушбу сиёсий ҳаракат ҳақида бизга нималар маълум?

– Маълумки, Туркистон Россия империясининг мустамлакасига айлантирилгач, маҳаллий халқнинг миллий ва диний қадриятлари, урф-одатлари оёқ-ости қилинди. Мустамлакачилар ислом дини заминида вужудга келган одоб-ахлоқ меъёрлари, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизимини издан чиқаришни ҳам ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эдилар. Бу хусусда турли қонунлар ҳам чиқарилган эди-ки, улар маҳаллий халқ манфаатига бутунлай мос келмасди.

Масалан, Туркистон генерал-губернаторлигида ўрнатилган тартиб-қоидага мувофиқ, илм ва истеъдодидан қатъий назар, 25 ёшга етган туркистонлик фуқаро волост бошқарувчиси ёки қози бўлиши мумкин эди. Бу тартиб етарли илмга эга бўлмаган кишиларнинг қози, мударрис, имом бўлиб қолишлари учун замин бўлиб хизмат қилди. Ҳолбуки, хонлар замонасида диний лавозимларга шайхулисломнинг ва бошқа уламоларнинг иштирокидаги имтиҳондан сўнггина кишилар тайин қилинар эдилар.

Ушбу маккорона сиёсат ҳақида М.Беҳбудий шундай дейди: “Миссионерлар тарафидан ва ёйинки бизни йўқ ва нобуд бўлишимизни ва шариати муқаддасамизни ҳукмдан қолишини хоҳлатадурғон эски ва мустабид ҳукумат одамлари тарафидан шундай законлар чиқарди” [Беҳбудий М. Бизга ислоҳот керак// Нажот, -1917 йил 17 апрел.].

Суратда: Мурод Зикриллаев

Шунингдек, мустамлакачи ҳокимият халқ ва ўлкани маърифатлантириш ва тараққий эттириш учун ҳаракат қилган ҳар бир кишини “панисломизм” ва “пантуркизм” ёрлиғи билан айблади.

Империя ҳарбий маъмурияти арзимаган нарсани баҳона қилиб, миллий зиёлиларни, хусусан, сиёсий қарашга эга бўлган кишиларни ўлкадан сургун қилиш билан шуғулланди. Матбуот эса истеъмолда йўқ “жадид ва қадим” иборасини истеъмолга киритиб, Мунаввар қори Абдурашидхонов сўзи билан айтгандек “кекса тараққийпарварлар билан ёш тараққийпарварлар ўртасига нифоқ солди”.

Айнан мазкур даврда россиялик тадқиқотчилар империя мусулмонлари ҳаракатларини асосий уч гуруҳга таснифлай бошлайдилар. Буларнинг биринчиси мусулмончиликка ёд бўлган барча маданиятларни инкор этувчи, уларни қабул қилишдан бош тортувчи мутаассиб-консерватив мусулмонлар, иккинчиси Ғарб ва Шарқдаги замонавий номусулмон бўлган давлатларга қарши чиқа оладиган янги мусулмон давлатининг ташкил этилиши масаласига кўп даражада бепарво бўлган тараққийпарвар панисломчилар бўлса, учинчи гуруҳга империя ҳудудида аҳолининг аксарият қисмини ташкил этадиган маҳаллий халқлар томонидан ўзини-ўзи бошқарадиган мухториятларнинг ташкил этилишига интилган, мусулмонларнинг маданий ва сиёсий тараққиётлари йўлида фаолият олиб борган тараққийпарвар зиёлийларни киритганлар [Б.И.Елчиев. О некоторых течения среди мусульман. Очерк. Продолжение // Свободный Туркестан. 1918 г.]

Фикримизча ана шу тариқа, Россия империяси маъмурларининг Туркистон ўлкаси мусулмонлари бирдамлигини йўқ қилишга йўналтирилган сиёсати натижасида Туркистоннинг зиёли уламолари орасида “жадидчилик” ва “қадимчилик” сингари икки ғоявий оқимга ажралиш юз берди. Бу ўлкада кучли ижтимоий-сиёсий жараёнлар авж олган палла – XIX аср охири XX аср бошларида содир бўлди. Кейинчалик ҳам тарихий адабиётларда “қадимчилар” калимаси муҳрланиб қолди.

– Демак, жадидчиликни “қадимчилик”ка қарама-қарши қўйиб, ушбу икки ўзига хос ҳаракатни бир-бирига нисбатан мухолиф қилиб қўйилди. Умуман уларни ажратиб турувчи кескин омиллар бормиди?

– Яқин ўтмиш тарихшунослигида жадидчилик ҳаракатининг у ёки бу жиҳатлари ижобий томондан ёритилган бўлса-да, “қадимчилар” фақатгина ўта салбий тарафлама қайд этилган холос. “Қадимчилар” октябрь инқилобидан олдинги, қолаверса совет даври тарихшунослигида “реакционерлар” ва “барча янгиликларга қарши чиқувчилар” сифатида ёритилиб келинган. Ёки бўлмаса “жадидчилар” ҳам “қадимчилар” ҳам бир қаторда “панисломчилар”, “пантуркчилар” деб номлаб келинган. Нима бўлганда ҳам “қадимчилар” мавзусини ўрганиш фойдали деб қаралиши бир ёқда турсин, ҳавфли ҳам ҳисобланган.

Шунинг учун бўлса керак “қадимчилар” тарихини ўрганиш бўйича амалга оширилган тадқиқотлар деярли йўқ. Республикамиз тарихшунослигида, қолаверса, хорижда ҳам бу ҳодисани тўлақонли ёритувчи илмий ишни учратиш қийин.

– Хўш, “қадимчилар” ким бўлган?

– “Қадимчилар”, мен уларни кўпроқ “анъаначилар” дейиш тўғрироқ бўлади деб ҳисоблайман. Улар ўлканинг таниқли уламолари, муфтий, мударрис ва қозилари бўлишган. Улар мусулмон жамоасининг асрлар давомидаги ривожи жараёнида шаклланган анъанавий диний, маънавий ва миллий қадриятларни, ижтимоий институтларни асл ҳолатида сақлашга ҳаракат қилганлар.

Ўтмишдаги алломаларнинг инкор қилиниши жамиятнинг маънавий таназзулига олиб келиши мумкин бўлган бой меросини, анъаналарини муҳофаза қилиш “анъаначилар”нинг муҳим меъёрларидан бири ҳисобланган.

“Анъаначилар” вакиллари якка шахслар онгига эмас, балки бир неча авлодлар тажрибаси билан суғорилган жамоатчилик онгига мурожаат қилганлар.

Улар жадидлар билан муносабатларидаги асосий мунозарали масалаларда қўйилаётган муаммога Қуръон ва ҳадисдан келиб чиққан ҳолда ёндошар эдилар. Лекин жадидлар ҳам ўз қарашларини шаръий нуқтаи назардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилганлар. Агар ўша давр матбуотига назар солинса, бу икки гуруҳ ўртасидаги баҳслар 1917 йил феврал инқилобигача асосан ахлоқий-маънавий, фақат қисмангина сиёсий мавзулар атрофида айланганлигининг гувоҳи бўламиз. Айниқса дунёвий илм-фан ва Европа маданиятининг ўлка мусулмонлари орасида тарқалиши масаласига ҳар иккала тоифа томонидан алоҳида ўрғу берилган.

Уламоларнинг бу ҳаракатлари, албатта европаликларни ҳавотирга солган. Улар Туркистондаги европача тараққиёт жараёнига ҳавф туғдиради, чунки уларнинг бош орзуси қонунлар асосида бошқариладиган бутунжаҳон ислом империясини тузишдан иборатдир. Бу эса европаликларнинг манфатига умуман мос келмайди, деб таъкидлайди [Б.И.Елчиев. О некоторых течения среди мусульман. Очерк. Продолжение // Свободный Туркестан. 1918 г.].

Анъаначилар шариат меъёрларини халқ турмуш тарзида қатъий равишда сақлаб қолишни Россия империяси маъмуриятининг шовинистик сиёсатига, православ миссионерлик ҳаракатига ва баҳоийликка ўхшаш бошқа оқимларнинг тарқалишига қарши муҳим тўсиқ деб билардилар. Масалан уламолардан Мулла Шоҳислом “ҳар мўмин муслимнинг керак диний тараққийси бўлсин, керак дунёвий таолийси бўлсин, шаръан илм ва амалсиз мумтаниъул вуқуъи (мислсиз қоқилиши) бир ҳақиқатдир”, деб эътироф этади.

“Ҳар қандай катта кичик ишларда шариатга мурожаат қилинаверса, дунёвий тараққиётда ривожланиш бўлмайди, деб ўйлаш керак эмас. Тарихга назар солиб қаралса, ўлкада турли соҳаларда юксалиш бўлган замонларда ислом қонунларига мурожаат қилганимизда тараққиётга монелик қилганмиди. Ўша замонларда мусулмонлар қайси бошқа миллатлардан ортда қолган эди”, деб ёзади уламолардан Мулла Алижон “Ал-Изоҳ” журналидаги ўзининг “Аҳли ислом тараққиётлари борасида” номли мақоласида. Муаллиф мақоласига “Ислом ҳеч бир тараққиётга монеъ бўлмайди, балки ўзимизнинг ҳар хил бемаъно, шариъатга хилоф бўладиган ҳаракатларимиз монеъ бўлади”, деб ҳулоса ясайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, шариатни, миллий-анъанавий қадриятларни сақловчи восита деб билиш ҳақидаги фикр фақатгина “анъаначилар” орасида мавжуд бўлган ғоя бўлмай, балки бундай фикр-ғояларни баъзи жадид намояндалари қарашларида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, айни пайтда айрим жадидлар ҳам ўз фаолиятларини шариатдан четга чиққан ҳолда тасаввур этган эмаслар.

Бизга маълумки, маиший турмушни, миллий урф-одатларни ислоҳ қилиш борасида жадидлар талайгина ишларни амалга оширдилар. Маросимлардаги дабдабабозлик ва исрофгарчиликларни кескин танқид қилдилар. Ҳатто “Шўрои Исломия” 1917 йили бу хусусда махсус қарорнома ҳам чиқарди. Шу билан бирга, асрий миллий қадриятлар ҳамда маҳаллий аҳолининг минталитетига хос бўлган ахлоқ-одоб меъёрларининг ҳимоячиси бўлиб чиқдилар. Бу хусусдан маърифатпарварлардан Чўлпон “… Эй қариндошлар… катта илтимосимиз шулдурки, Оврўпанинг мўдосидан, шишасидан, бузуқ ахлоқидан намуна олмасдан ва бунларға бул жиҳатдан тақлид қилмасдан, балки илм, фан, ҳунар, саноатга ўхшашлик маданиятлардан намуна олиб, бул жиҳатдан тақлид қилмоқимиз лозимдур. Оврўпонинг мўдоси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан, асир-қул қиладур. Бундан сақланингиз!!!”, дея хитоб қилади.

Манбаларда кўрилишича, Туркистоннинг тараққиётпарвар уламолари Европа илм-фани тараққиёти самаралари, замонавий техник воситаларнинг ўлкага кириши борасида жадидлар билан ҳамфикр бўлганлар. Қўқоннинг машҳур уламоларидан Камолиддин қози ўз қарашларида замонавий техника воситаларининг кириб келишини ҳеч бир ёмонлик томони бўлмасдан, аксинча, бу ҳам давр тақозоси эканлигини баён қилади ва кишиларни “Замон сенга боқмаса сен замонга боқ” зайлида иш юритишга чорлайди: … Мана! Икки йилда ҳам бориб келиб бўлмайдурғон ҳажи шарифға, поезд ва параходлар соясида икки ойда бориб келса бўлур, бул ҳам усули жадид, ўлтурғон ўрнимизда туриб дунёнинг нариги четидан телеграф воситаси бирла хабар оламиз, шул жойда туруб телефон воситаси бирла Андижон, Намангандаги билиш, танишларимиз билан сўзлашамиз, бул ҳам усули жадид. Қани бунинг ёмонлиги? Яъни усули жадид инсоннинг умрини бўлур-бўлмасға зоъе қилмаслик учун чиқарилғон усулдур…” деган қарашларни ифода этади.

Тўғри, Туркистон жадидлари ва анъаначилари муносабатига назар солсак, айрим муаммоларда бу икки гуруҳ ўртасида қарама-қаршиликлар бўлганлигини кўрамиз. Бир жамият ёки бир ташкилот аъзолари ичида ҳам дунёқараш ва ижтимоий-сиёсий савиянинг турли даражада бўлганлигини инобатга олсак, анъаначилар орасида ҳам айни бир масалага турлича ёндошилганлигининг гувоҳи бўламиз. Чунончи, айрим анъаначилар усули жадидни маъқул кўрсалар ҳам, уни ушбу ном билан аталмаслигини талаб қилганлар: “…баъзи диёримиз уламолари усули жадид тартиблари ижро қилинсун, аммо “усули жадид” унвони ила аталмасун, дебдурлар…”. Албатта, ушбу тоифа уламоларни тараққийпарвар уламолар билан бир сафга қўйиб бўлмайди.

Юқорида келтирилган далиллар асосида шундай хулосага келса бўладики, уламолар доирасида ҳар бир янгиликка бидъат деб баҳо берувчи, Европа фан ва техникаси ютуқларини ўлкага киритилишига мутлақо қарши бўлган гуруҳ ҳам мавжуд бўлган. Айни пайтда ушбу уламолар гуруҳини анъаначи уламолар ташкил этган. Лекин, барча уламоларни улар тоифасига киритиш мақсадга мувофиқ эмас. Маълумки, деярли барча жадидлар мадрасаларни тамомлаган эдилар. Шунинг учун уларни ҳам аслида уламо деб ҳисобласа бўлади. Уламолар ичида шундай қатлам бор эдики, улар том маънода тараққийпарвар уламолар эдилар.

Ўз дунёқарашида консерватив унсурларнинг бўлишига қарамасдан, анъаначилар тараққийпарвар-жадидлардан кам бўлмаган ватанпарварлик рухига эга эдилар.

– Маълумки, тарихий манбаларда “Шўрои уламо” партияси “қадимчилар” сиёсий бирлашмаси сифатида кўрсатилади. Ушбу сиёсий уюшма ҳақида гапириб берсангиз?

– Аксарият тарихчилар томонидан “қадимчилар” ёки бизнинг таъбир бўйича “анъаначилар”нинг ташкилоти сифатида талқин қилиниб келинган “Шўрои уламо”, аниқроғи “Уламо жамияти” хусусида ўз фикрларимни баён қиламан.

1917 йил Россияда рўй берган воқеалардан кейинги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар даврида Туркистонда 1916 йилга қадар ҳам фаолият кўрсатган миллий жамиятлар ўз олдиларига сиёсий вазифа ва миллий озодлик ғояларини қўя бошладилар. 1917 йилнинг дастлабки ойларидан бошлаб “Шўрои Исломия”, “Турон”, “Иттифоқ”, “Турк Адам Марказият” фирқаси каби кучли миллий ташкилотлар тузилди.

Россия империясининг диний қадриятларга бўлган муносабатидан норози бўлган уламолар ҳам хурриятни ҳурсандчилик билан қарши олдилар. Улар ҳам ўз навбатида юзага келган озодлик замонидан унумли фойдаланиб, миллат эркинлиги йўлида бир ёқадан бош чиқариб саъйи ҳаракат қилишни ғоя даражада муҳим ва зарур деб ҳисобладилар.

Натижада 1917 йилнинг июнь ойида Тошкентнинг бир гуруҳ уламолари миллий озодлик ҳаракати уюштирувчиси бўлган “Шўрои исломия” жамияти билан умумий иш кўриш билар баробар миллатлар ҳамда мусулмонларнинг ахлоқий асосларини муҳофаза қилишни кўзда тутиб “Уламо жамияти”ни таъсис этдилар.

Жамиятнинг ташкил этилиши ва унинг мақсад ҳамда ғоявий йўналишига оид кенгроқ маълумотларни беришдан олдин бир неча масалага ойдинлик киритиш лозим.

Биринчидан, ўша даврдаги “уламо” тушунчасига изоҳ бериб ўтиш жоиз. ХХ аср бошларида “уламо” тушунчаси ижтимоий маъно касб этарди. “Уламо” дейилганда, асосан, мадрасаларни тамомлаган, диний ва дунёвий илмга эга бўлган зиёли кишилар тушунилган. Бироқ сиёсий мақсадлар сари интилишлар ҳам кучайиб боргач, жадидлар билан айрим масалаларда мухолифатда бўлган ўлка зиёлилари “уламолар” деб атала бошланди. Бу даврга келиб уламо тушунчаси сиёсий маънода қўлланиладиган бўлди.

Иккинчидан, Туркистон/Ўзбекистоннинг XX аср бошидаги тарихига бағишланган деярли барча тадқиқотларда жамиятнинг номи “Шўрои уламо” тарзида нотўғри бериб келинган. Ҳаттоки, 2000 йилда нашр этилган “Ўзбекистон янги тарихи” китобининг 2-жилдида ҳам жамият номи шу тарзда берилган.

Маълумки, 1917 йилда “Бор ҳукумат шўроларга!” шиори оммавий бўлган. “Шўрои исломия” ташкилотчилари ҳам ўзларини ўлканинг мусулмон аҳолиси манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилот эканликларини кўрсатиш мақсадида ташкилот номига “Шўро” сўзини қўшишган бўлиши мумкин. Бу сўз оммабоп бўлганлиги учун кейинчалик совет тарихшунослари томонидан “Уламо жамияти” номига ҳам қўшиб юборилган бўлиши эҳтимоли бор.

Бироқ, тадқиқотлар натижасида ҳеч қандай расмий ҳужжатда унинг номида “Шўро” сўзи учрамайди. Жамиятнинг думалоқ мухрида ҳам “Уламо жамияти” (араб имлосида) ва “Организация Улема” (рус тилида) деб қайд этилган.

Учинчидан, “Уламо” жамиятми, ташкилотми ёки партиями, деган масалада ҳам тарихчилар томонидан турли фикрлар билдирилган. “Уламо жамияти” ўз Низоми ва юмалоқ муҳри бўлган жамият бўлган. У Шаҳар бошқармасидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва юридик мақомга эга бўлганлар.

Суратларда: “Уламо жамияти”нинг юмалоқ муҳри ва бурчак штампи тасвири.  Ўзбекистон Марказий Давлат архивининг И-1 фондидан

Янги ташкил этилган “Уламо жамияти” мусулмон фуқаролар орасида диний заминда юзага келиши мумкин бўлган ҳар хил шикоят ва англашимовчиликларни ҳал этиш ва тушунтириш каби вазифаларни ўз фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида белгилаб олди. Мазкур вазифалар жамият низомида ҳам ўз аксини топди.

Жамиятнинг Дастур ва Низоми июнь ойи бошларида Тошкентдаги Беклар Беги мадрасасида бўлиб ўтган 25 000 кишилик митингда тасдиқланди. Унинг молиявий таъминоти асосан маҳаллий бойлар томонидан берилган хайрия маблағлари ҳисобидан бўлган.

Суратда: “Уламо жамияти”нинг Тошкент шаҳар Думасига ўтказилган сайловлардаги варақаси

Жамиятнинг фаол аъзоларидан, ўз даврида диний ҳамда дунёвий илмлардан хабардор бўлган мулла Абдулмаликҳожи Абдуннабий ўғли, мулла Маҳдихон Саййид Боқийхон ўғли, Саид Аҳрорхон махдум, мулла Тошпўлат қори Турсунбой ўғли, Шерали Лапин, мулла Сайидрасул Сайидазиз ўғли, Азизҳожи Илҳомжон ўғли, мулла Саидмаҳмудхон Муҳиддинхон ўғли, Аҳмадхўжа Мўминхўжаев, Садриддинхон муфтий Муҳаммад Шарифхўжа қози ўғли сингари шахслар эдилар. Аъзоларнинг 86 кишилик рўйхати “Турон” газетасининг 1917 йил 20 июль (20 шаввол 1335 ҳижрий) сонида эълон қилинган. Жамиятнинг айрим таниқли аъзолари, жумладан, мулла Исахон аълам, Саид Аҳрор махдум, Садриддинхон муфтий Муҳаммад Шарифхўжа қози ўғли кабилар ушбу рўйхатда қайд этилмаган. Бу ҳол рўйхатнинг тўлиқ эмаслигидан далолат беради.

– “Қадимчилар” сиёсий ҳаракатининг пешқадамлари кимлар бўлган?

– Аксарият совет даврида, қолаверса, мустақилликнинг илк йилларида мазкур давр тарихини ёритиш билан боғлиқ тадқиқотларда жамиятнинг раиси сифатида Шерали Лапин кўрсатилган.

Ҳатто, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да Лапин ҳақидаги мақолада (муаллифлар Қаҳрамон Раджабов, Муродилла Хайдаров) у “Шўрои уламо” ташкилотининг раҳбарларидан бири”, “Шўрои уламо” ташкилотининг Тошкент шўъбасини бошқарган (1917-18)”, деган маълумотлар ёзилган.

Бунинг сабаби, келиб чиқиши қозоқ бўлган Шерали Мунайтбасович Лапин (айрим манбаларда Сер Али тарзда берилган) Перовск шаҳар мактаби, кейин Туркистон ўқитувчилар семинариясида таълим олган, рус тилини пухта билган. Самарқанд области ҳарбий губернатори ҳузурида таржимон-котиб бўлиб ишлаган. Табиийки, у империянинг ўлкадаги амалдорлари орасида таниқли шахс бўлган, уламолар ҳам ўз баёнотлари, арзлари, таклифлари, қарашларини рус маъмурларига етказишда Лапин хизматларидан фойдаланишган. Шунинг учун ҳам у бора-бора жамиятнинг “лидери” сифатида танила бошлаган. Бинобарин, рус тилидаги манбаларда у айнан “Уламо жамияти”нинг “лидер”и сифатида кўрсатилган. Лидер сўзи фақат раҳбар ёки йўлбошчи эмас, балки пешқадам деган маънони ҳам англатади. Ўзбек тарихчилари томонидан бу сўз раҳбар, раис маъносида қабул қилиниб янглишликка йўл қўйилган деб ҳисоблаймиз. Аслида Шерали Лапин жамиятнинг пешқадамларидан бири бўлган. Жамият раиси Абдулмаликҳожи Абдуннабий ўғли бўлган. 

Ўзбекистон Кинофотофоноҳужжатлар Марказий давлат архивида сақланаётган “Туркестанский край в 1898-1900 годах” альбомидан олинган сурат. Туркистон ўлкаси губернатори С.М.Духовской томонидан 1900 йилда ташкиллаштирилган туркистонлик маҳаллий болаларнинг Санкт Петербургга иккинчи экскурсияси аъзоларининг жамоавий сурати. Гуруҳ раҳбари Шерали Лапин бўлган. (ўртада оқ ҳарбий кийимда)

Жамиятнинг расмий нашри бўлган “Ал-Изоҳ” журналининг 1917 йил 11 декабрда чиққан 18-сонида “Исломға чиқув” сарлавҳаси билан берилган ахборотда “Бу кунларда Семирчиский губернадан, Николайский уезд, Коминкбурутский булусға қарошли Иван Яковлович Бородувли исмли 18 ёшлик пракотчик бир рус боласи 28 ноябрда Тошкендға келиб “Уламо жамияти”нинг раиси ҳожи Абдумалик мударрис жанобларининг ҳузурларинда ислом диниға мушарраф бўлғон. Муҳтарам ҳожи домла анинг исмини мулла Абдуллоҳ қўйғонлар…”, деган маълумот қайд этилган. “Турон” газетасидаги рўйхатда ҳам унинг номи биринчи рақам билан берилган. Шунингдек, “Улуғ Туркистон” газетасининг 1918 йил 21 майдаги 95-сонида босилган “Ал-Изоҳ” ёпилуви” сарлавҳали хабарнома сўнгида “Раис ва мудир хожи Абдулмалик Абдуннабий ўғли” имзоси қўйилган. Бу эса фикримизнинг яққол далилидир.

Суратларда: “Ал-Изоҳ” журналининг 1-сони муқоваси ва 1-саҳифаси

Тез орада Туркистоннинг кўплаб шаҳарларида, хусусан, Фарғона водийсида ҳам “Уламо жамияти”нинг шўъбалари тузила бошланди. 1917 йил 28 августда Қўқон шаҳрининг “Жомеъ” мадрасасида бўлиб ўтган йиғилишда “Уламо жамияти”нинг Қўқон шўъбасига асос солинди. 4 сентябрда “Арис” станциясида “Уламо жамияти” ташкил қилиниб, съезд ўтказилган.

“Уламочилар” 1917 йилнинг дастлабки ойларида диний маърифатчилик доирасида фаолият кўрсатишган. Кейинчалик эса, “Шўрои Исломия” ташкилоти ва “Уламо жамияти” ташкилотлари ўз фаолиятларида демократик эркинликлар ва янги бошқарув услубини татбиқ этишни талаб қила бошладилар. Бироқ, “Уламо жамияти”нинг вакиллари фикрига кўра, Туркистон жамиятининг бўлажак ички сиёсий тузилмасида шариат қонунларига қатъий равишда амал қилиниши керак эди.

Айни пайтда, ғоявий қарашлар ортодоксаллигига қарамай, жамият аъзолари ўлка маҳаллий аҳолисининг озодликка интилишларини фаоллаштиришга ўз ҳиссаларини қўшдилар, мустақил мусулмон давлатини таркиб топтириш зарурати ҳақидаги фикрни жамоатчилик онгига сингдирдилар. Уламочилар Туркистон мусулмонларининг диний-этник қарашлар жиҳатидан якдил бўлиш йўлида анчагина ҳаракат қилдилар.

Афсуски, Тошкентдаги “Уламо жамияти”нинг Низомини топишга муваффақ бўлинмади. Бироқ, Қўқонда ташкил этилган “Уламо жамияти”нинг низоми билан танишиб чиқиб, унинг ўз олдига қўйган вазифалари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш мумкин. Унда, жумладан, қуйидаги мақсадлар қўйилади:

– Мусулмонларни ягона ташкилотга бирлаштириш учун мутараққий-маърифий асосларда миллий-диний тафаккурни оммалаштириш ва сиёсий ҳаракатни шакллантириш.

– Миллатлар ҳамда мусулмонларнинг ахлоқий асосларини вақтли нашрлар ҳамда доимий босма органлар йўли билан муҳофаза қилиш.

– Мусулмон фуқаролар орасида диний заминда юзага келиши мумкин бўлган ҳар хил шикоят ва англашилмовчиликларни ҳал этиш ва тушунтириш.

– Мадрасаларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш ва тартибга солиш, ўқитувчи ва ўқувчиларни муҳофаза қилиш, уларнинг тарақий этиши ҳақида ғамхўрлик кўрсатиш ва муҳтожларга ёрдам бериш.

– Илмий-маърифий фаолиятда ўзини кўрсатган муносиб кишилардан ўқитувчилар танлаш ва тайёрлаш.

Мазкур мақсад ва дастурларни тарғиб қилиш учун тез орада Тошкентда ҳафтада бир марта чиқадиган диний, илмий, адабий, сиёсий нашри афкори – “Ал-Изоҳ” журналини чиқара бошлади.

Гарчи тарихчилар томонидан ушбу жамиятнинг ташкил этилиши ва унинг фаолияти 1917-1918 йилларда Туркистонда рўй берган сиёсий жараёнларга салбий таъсир кўрсатганлиги эътироф этилган бўлсада, жамият аъзолари ўлка маҳаллий аҳолисининг озодликка интилишларини фаоллаштиришга катта ҳисса қўшдилар ҳамда уламолар аҳоли орасида кенг кўламда диний-маърифий ишларни амалга оширдилар.

“Уламо жамияти” нинг фаолияти Туркистон Ҳалқ Комиссарияти Советининг 1918 йил 13 май ойидаги буйруғига биноан тугатилган.

Суратда: Туркистон Автоном Федератив республикаси ХКСнинг “Уламо жамияти”ни ёпиш тўғрисидаги буйруғи

Мақолада келтирилган суратлар тарихчи олим Мурод Зикриллаев томонидан тақдим этилди.

UzAnalytics сайти таҳририяти Мурод Зикриллаевга мазкур интервью учун ўз миннатдорчилигини билдиради ва муваффақият тилайди.

скачать dle 12.0
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР

15:26
Вилоят ҳокими бошчилигида туманлардаги ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди (фото)
14:42
Коронавирусни юқтириб олган машҳур сиёсатчилар (фотогалерея)
12:14
Жиззах вилоятида коронавирус юқтириб олиш ҳолати қайд этилмади. 3 нафар карантиндаги фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланмади ва уларга рухсат берилди
10:01
Жиззах шаҳрига 2020 йил 28 мартдан бошлаб кириш ва чиқиш тўхтатилди
09:44
Коронавирус пандемияси фонида ривожланаётган Топ-IT стартаплар
09:43
Нью-Йорк кўчаларида жасадлар учун музлатгичлар ўрнатилди
09:41
30 мартдан Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари учун масофавий таълим бошланади
09:39
Қоидабузар ҳайдовчи ЙТҲ содир қилди
09:20
Швейцарияда бойларга карантин учун ҳашаматли квартиралар таклиф этилмоқда
09:18
Зулфиқор Мусоқов карантинда кўриш учун энг яхши 6 та фильмни тавсия қилди
09:16
Криштиану Роналду 9,5 млн еврога янги машина сотиб олди
17:40
Сиз кимгадир кераксиз – УЙДА ҚОЛИНГ!
16:40
Коронавирусдан вафот этган марҳумни дафн этиш тўғрисида фатво эълон қилинди
13:55
Эстафета байроқчаси – Янгиободда
12:47
Вилоятлараро автотранспорт ҳаракати бутунлай тўхтатилди
12:27
РАСМИЙ БАЁНОТ: 15 беморда ўпка яллиғланиши белгилари кузатиляпти, 7 нафарининг аҳволи оғир
БАРЧА ЯНГИЛИКЛАР