Сиз кимгадир кераксиз – УЙДА ҚОЛИНГ!

Сиз кимгадир кераксиз – УЙДА ҚОЛИНГ!

 Бу йилги баҳорга ичим ачиди. Сепини ёйиб, кўз-кўз қилганини кўпчилик сезмади ҳам. Ҳамманинг тилидаю дилида биргина ҳадик: коронавирус...

 Баҳорда айб йўқ. Сичқон мучалида ҳам. Бу бир синов. Масалан,  Иккинчи жаҳон уруши  илон мучалида бошланган. Ҳадеб оҳ-воҳ қилиб, энергия йўқотгандан кўра жим туриб, сабр қилишга ўтиш вақти келди.

Коронавирусга қарши курашнинг энг муҳим, самарали чораси – карантин. Албатта, бу осон эмас. Дам олишни соғинганлар икки кундаёқ уйқудан безор бўладилар. Болалар ҳам ўқишни, синфдошларини, ўқитувчисини аллақачон соғиндилар.

Аммо... эртага саломат бўлиш учун бугун уйда қолиш керак. Эртага мактабга бориш учун бугун уйда қолиш керак. Эртага ишга бориш учун бугун уйда ўтириш керак. Ношукрлик қилмасдан, чиройли сабр билан уйда бўлиш керак. 

  Деярли барча давлат ташкилотларига бормасдан ишни уйда, шахсий компьютер ёки мобиль телефон воситасида амалга оширишнинг имкони бор. Солиқ тўловчига ҳам тадбиркорларга ҳам солиқ борасида кўп имкониятлар берилди. Шу билан бирга Давлат солиқ қўмитаси уйда қолишингизни тавсия қилади. Янги “Soliq” мобил иловаси билан Сиз масофадан туриб барча солиқ мажбуриятларини амалга оширишингиз мумкин.  Қарзларингизни кечиктиришга изн берилди. Телефон алоқаси ишлаб туради. Сиздан эса биргина нарса талаб қилинаяпти: УЙДА ҚОЛИНГ!

 Ҳар доим ҳам кимнингдир чекига асосий юкни ортмоқлаш тушади. Кексаларни, болаларни асранг. Соғу саломатмисиз, шукр қилинг. Уни асранг. Уйда қолинг! 

Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси ва

 ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати.