» » Ўзбекистон чигиртка ҳужумидан қанчалик ҳимояланган?

Ўзбекистон чигиртка ҳужумидан қанчалик ҳимояланган?

 Сурат манбаси: sreda.uz

Бутун дунё COVID-19 пандемияси билан курашаётган бир пайтда, Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари яна бир офат – чигиртка “ёмғири”га дуч келди. Бир давлат ҳудудидан бошқа қўшни давлатларга чигиртка тўдасининг тезкор равишда кўчиб ўтиши миллионлаб инсонларнинг даромад манбаи ва ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Коронасирус пандемияси даврида чигирткаларнинг ёпирилиши ушбу мамлакатлардаги миллионлаб одамлар учун иккинчи зарбадир.

22 май куни Жаҳон банки Яқин Шарқ ва Африкада чигирткалар билан курашиш бўйича фавқулодда вазиятлар дастурини амалга ошириш учун 500 миллион доллар ажратганини маълум қилди. Орадан 10 кун ўтиб, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги республика бўйлаб зарарли чигирткаларнинг 327,4 минг гектар майдондатарқалганлигини айтиб, бунга қарши фаол ва тезкор чоралар кўрилаётганлигини таъкидлади. Бу ишлар қўшни давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан ҳамкорликда олиб борилаётганлиги ҳақида хабар қилинди. 

Иқлимнинг глобал миқёсда исиб бориши оқибатида Марказий Осиё давлатларида чигирткаларни қисқа вақт оралиғида кўпайиши, яъни, 20-30 кунда тухумни очиб чиқаётгани охирги йилларда жиддий муаммога айланмоқда. Чунки 30 йил аввал улар бундай тезликда кўпаймаган. Марказий Осиё ҳудудида марокаш чигирткалари аввал денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда учраган бўлса, иқлимнинг исиб бориши оқибатида бу зараркунанда ҳашоратлар денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда ҳам жойлашмоқда”, – дейди чигирткаларга қарши кураш бўйича эксперт Фурқат Гаппаров.

Чигирткалар барча қишлоқ хўжалик ўсимликларини зарарлайди: арпа, буғдой, оқ жўхори, тариқ, маккажўхори, тамаки, беда, ғўза ва полиз экинларига, айниқса катта зарар етказади. Ёппасига кўпайган йилларда ток ва мевали дарахтларнинг барглари билан ҳам озиқланади. Ушбу зарарли ҳашаротлар Ўзбекистон ҳудудида қадим замонлардан буён мавжуд. Тарихий маълумотларга кўра, улар ўтган асрнинг биринчи ярмида кўплаб очарчиликларга сабаб бўлган.

UzAnalytics мухбири Ўзбекистон ҳудудларида зарарли чигирткаларнинг тарқалиш ҳолати, жойларда уларга қарши курашиш чора-тадбирлари ва ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақида таниқли мутахассис, профессор Фурқат Гаппаров билан суҳбатлашди.

Фурқат Ахатович Гаппаров – қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор. Ўзбекистон ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий тадқиқот институтида чигирткаларни ўрганиш лабораториясининг мудири, Ўзбекистон зарарли чигирткаларга қарши кураш комиссиясининг таъсисчиси ва аъзоси, Бутунжаҳон чигирткаларни ўрганиш жамияти аъзоси, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ-хўжалиги ташкилотининг чигирткалар бўйича эксперти.

Фурқат Ахатович Гаппаров

– Ўзбекистоннинг қайси ҳудудлари чигирткалардан нисбатан кўпроқ зарар кўрди ва неча гектар ерларга кимёвий ишлов берилди?

– Жорий йилда Ўзбекистоннинг Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Жиззах вилоятлари марокаш чигирткасидан зарар кўрди. Республикадаги 512 минг гектар ишлов берилган майдоннинг 75 фоизида чигирткага қарши чоралар кўрилган.

Хусусан, республикамиз бўйича 2019 йилда 503,4 минг гектар майдонларда ишловлар ўтказилиб, чигирткаларнинг қишлоқ хўжалиги экинларига зарари бартараф этилган. 2020 йилда республика бўйича зарарли чигирткаларни 597,9 минг гектарда тарқалиши ва кимёвий ишлов ўтказилиши башорат қилинган. Бу борадаги кураш тадбирлари бўйича иш дастурлари ишлаб чиқилиб жойларга етказилган. Шунингдек, бу йилги кураш тадбирларини муваффақиятли ўтказиш бўйича техника, ёқилғи мойлаш материаллари ва кимёвий воситалар заҳираси тўлиқ яратилган.

Зарарли чигирткаларга қарши курашда барча тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бевосита иштироки ва кўмагида амалга оширилмоқда:

– Ўзбекистон ҳудудида чигирткаларни қандай тури кўпроқ тарқалган?

– Маълумот учун республикамизда 150 дан ортиқ чигиртка тури тарқалган бўлиб, шулардан 10 тури қишлоқ хўжалик экинлари, яйловлар ва бошқа ўсимликларга катта зарар етказиши мумкин. Чигирткалар яшаш тарзига қараб 2 гуруҳга ажратилади. Булар тўда ҳосил қилиб яшовчи марокаш, осиё ва воҳа чигирткалари ҳамда тўда ҳосил қилмайдиган (маҳаллий) чигирткалардир.

Кенг тарқалган чигиртка турларидан бири марокаш чигирткаси бўлиб, бу тур Шимолий Африка давлатлари ҳудудидан Хитойнинг Шарқий Туркистон ўлкасигача, қарийб 10 миллион кв.км бўлган тоғ олди майдонларининг ярим чўлларида тарқалган. У Афғонистон, Қирғизстон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон давлатларининг, Ўзбекистон билан чегарадош туманларида денгиз сатҳидан 250 – 1600 метр баландликдаги тоғ олди ҳудудларининг мавсумий ўсимликлар ўсадиган яйловларда учратиш мумкин.

Ўзбекистоннинг Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятининг денгиз сатҳидан 250 метр баландликлардаги барча ҳудудларида учрайди. Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Фарғона водийсининг яйловларида кенг тарқалган. Чигиртка тухумлари эрта баҳорда тупроқнинг устки қатлами ҳарорати +10 даражага етганда, яъни март ойининг охирларида, баҳор салқин келган йилларда эса апрель ойининг ўрталарида чиқади. Бу ҳашоратлар барча қишлоқ хўжалик ўсимликларини зарарлайди: арпа, буғдой, оқ жўхори, тариқ, маккажўхори, тамаки, беда, ғўза ва полиз экинларига айниқса катта зарар етказади. Ёппасига кўпайган йилларда ток ва мевали дарахтларнинг барглари билан ҳам озиқланади.

Марокаш чигирткаси
Осиё чигирткаси
Осиё чигирткасининг тухумлари. Орол бўйи ҳудуд.
Ишловдан сўнг

– Охирги 2 ойда кунда матбуот ва кенг омма орасида Африка ва Осиё қитъасининг турли давлатларида зарарли чигирткаларнинг кўпайиши ҳақида тури хил малумотлар берилмоқда. Ёппасига кўпайётган бу турдаги чигирткалар нима учун айнан Африка ва Осиё давлатларининг турли худудларида кўпаймоқда?

– Саҳро чигирткаси (Schistocerca gregaria Forssk., 1775) ер юзида энг кўп зарар етказадиган 12 турдан бири бўлиб, унинг тарқалиш ареали Шимолий ва Марказий Африка ҳамда Жануби Ғарбий Осиё мамлакатлари ҳудудларини эгаллайди. Илмий маълумотларга кўра, саҳро чигирткаси йил давомида икки муддатда ялпи кўпайиши мумкин. Унинг ривожланиши бизнинг ҳудудда тарқалган зарарли чигирткалардан фарқли равишда тиним даврига эга эмас. Шунинг учун ҳам у баҳорги кўпайиш даврида Шимолий Aфрикани (Марокаш, Жазоир, Тунис, Ливия ва Миср), Сомали ярим оролининг кўп қисмини, Кения ва Танзанияни, Қизил денгиз соҳилларини, Aрабистоннинг шимолий ярмини ваЭроннинг жанубини қамраб олади. Бу ҳудудларда саҳро чигирткасининг кўпайиши қишки ёмғирлар мавсуми билан боғлиқ. Чўл чигирткаларининг ёзги кўпайиш даврида эса унинг ривожланиш зонаси Сенегалдан Ғарбий Aфрика бўйлаб, Саҳрои кабирнинг жанубий чеккасидан Судан ва Хабашистонга қадар, Жанубий Aрабистон, Ғарбий Покистон ва Шимолиарбий Ҳиндистонгача чўзилади. У асосий яшаш жойларида оммавий кўпайган йиллари Эрон ва Aфғонистонга тарқалади ва у ердан баъзан Марказий Осиё ҳудудига ҳам учиб келади.

Бу турдаги чигирткаларнинг энг кенг тарқалиши 1929 йилда кузатилган бўлган бўлиббу даврда у 1,5 млн гектарданкўпроқ майдонда тарқалган ва қишлоқ хўжалигига катта зарар етказган. 1940–1944 ва 1957–1959 йиллардачигиртканинг бизгача тарқалиши хавфи ҳам мавжуд бўлган. Саҳро чигирткасининг бир неча галаси Шимолий Афғонистонгача ва Туркманистон чегараларигача учиб келган. Унинг кейинги оммавий кўпайиши 1962 йилда содир бўлди. Ҳашоратнинг тухумлари диапаузасиз, яъни тиним даврисиз ривожланганлиги сабабли, унинг учиб келган имаголари тухум қўйгандан 35-40 кун ўтгач, тухумдан чиқиши май ойининг ўрталарида, июнь ойида қанот чиқаришикузатилган. Саҳро чигирткасининг 2018 – 2020 йилларда ҳам ялпи кўпайиши кузатилмоқда. Бу даврда чигиртка, бир қатор Африка давлатлари худудида ва Осиёнинг айрим жумладан, Покистон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Йемен, ва шу каби мамлакатлар худудида тарқалиб зарар келтирмоқда. Айрим йилларда Африкадан учган саҳро чигирткаси шамол ёрдамида Лотин Америка, ҳатто Буюк Британия оролларигача учиб ўтганлиги маълум.

Ҳашоратнинг ялпи кўпайиши кузатилган йилларда уларнинг Ўзбекистон билан жануб томондан чегарадош бўлган мамлакатлар ҳудудларига учиб келиши ва республикамизга ҳам кириб келишини истисно қилмаган. Шунинг учун бу чигиртканинг кейинги ривожланиш ареалининг Осиё давлатлари ҳудуди бўйлаб кириб келиши ва унинг жанубий давлатлар бўйлаб тарқалишини муттасил кузатишни тақозо этади.

2008 йилда Сурхондарё вилоятига қўшни давлатдан учиб келган Марокаш чигирткаси Музрабод туманидаги 2000 минг гектар пахта майдонига зарар келтирган. Айниқса, 1982 йилда Марокаш чигирткаси Ўзбекистоннинг қишлоқ- хўжалигига жиддий зарар келтирган эди. Ўша йилларда мен аспирант эдим. Барча муаммолар бўйича Москвага ҳисобот бериларди. Чигирткага чора кўриш бўйича Москвадан буйруқ келгунча, тирик офат экин майдонларини расво қилган. Жумладан, 30 минг гектар пахта, 20 минг гектар ғалла ва 10 минг гектар боғлар зарарланган. МДҲ давлатлари орасида фақат Ўзбекистонда барча вилоятларда чигирткага қарши кураш хизмати мавжуд.

– 2020 йил 13-15 ноябрь кунлари 10 та давлат мутахассислари (Афғонистон, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) Тошкентда чигирткага қарши кураш чораларини муҳокама қилди. Мазкур давлат мутахассислари томонидан чигирткага қарши курашнинг қандай чоралари ишлаб чиқилди?

– 2019 йилнинг 13-15 ноябрь кунлари 10 та давлат (Афғонистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Туркманистон ва Ўзбекистон) мутахассислари Тошкентда ўтган семинарда чигирткага қарши кураш чораларини муҳокама қилдилар. Мазкур семинар БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ-хўжалиги бўлими томонидан ҳар йили “Марказий Осиё ва Кавказ ҳудудида миллий ва минтақавий миқёсда чигирткага қарши курашни такомиллаштириш” масаласи бўйича ташкил этилган эди. БМТнинг ушбу дастури 2011 йилдан йўлга қўйилган. Ўтган йили Тошкентда ўтган семинарда бир қанча масалалар муҳокама қилинди ва кўп тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш мўлжалланган эди. Хусусан, Ўзбекистон-Тожикистон ҳамда Ўзбекистон- Қирғизистон мутахассис ва олимлари жорий йилнинг май ойида учрашувлар ўтказиши режалаштирилган эди. Худди шу ойда яна олимларимиз Орол бўйи ҳудудига экспедиция уюштиришни кўзланган эди. Афсуски, пандемия туфайли режадаги бу ишлар амалга ошмади. Кавказ давлатлари ҳам шу каби учрашувларни ўтказиши кўзланган, бироқ COVID-19 пандемияси сабаб бу режалар амалга ошмади.

Тошкентда ўтган семинарда кўп масалалар мисол учун Қирғизистон, Афғонистон ва Туркманистон давлати мутахассисларини Ўзбекистондаги ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий тадқиқот институтида малака ошириш режалаштирилган эди. Чунки юқорида айтилганидек, зарарли чигирткаларни ўрганувчи илмий тадқиқот институти МДҲ давлатлари бўйича фақат Ўзбекистонда мавжуд. Ушбу режани БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ-хўжалиги ташкилоти ҳам ижобий ҳал қилишни ваъда қилган эди. Аммо, пандемия туфайли мазкур режалар амалга ошмади.

Учрашувда мен бутун жаҳон иқлимнинг исиб бориши оқибатида Марказий Осиё давлатларида чигирткалар қисқа вақт оралиғида яъни 20-30 кун ичида тухумни очиб чиқаётгани масаласини кўтардим. 30 йил аввал уларнинг кўпайиши бу қадар тез бўлмаган ва Марказий Осиё ҳудудида марокаш чигирткалари аввал денгиз сатҳидан 1200 метр баландликдаги тоғларда учраган. Ҳозирда иқлимнинг исиб бориши оқибатида зараркунанда ҳашоратлар денгиз сатҳидан 2200 метр баландликларда жойлашмоқда. Бу эса уларга қарши курашни янаям оғирлаштирмоқда. Мазкур масалалар юзасидан семинарда маъруза қилдим. Йиғилишда осиёлик соҳа мутахассислари ва олимлар бу борада илмий изланишлар олиб боришга келишиб олишди.

Ҳозирги кунда кўпгина ривожланган давлатларда чигирткаларга қарши курашда экологик зарарсиз воситалар ишлатилмоқда. Бу йўналиш бўйича ҳам БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ-хўжалиги ташкилоти илмий грантлар ажратишни кўзлаган.

Энг асосийси Тошкентда ўтган семинарда Марказий Осиё давлатлари бир-бири билан келишган ҳолда чегарадош ҳудудларда биргаликда чигирткаларга қарши курашиш чораларини олиб боришни келишиб олишди.

– Ўзбекистонлик олимлар қишлоқ хўжалигини зараркунандалардан ва шу жумладан чигирткадан ҳимоя қилиш учун қандай илмий тадқиқотлар олиб бормоқдалар?

– Ўзбекистонда мутахассислар томонидан чигирткаларнинг 146 тури аниқланган. Бизда илк бор чигирткаларнинг қайси тури хавфли ва уларнинг бир-биридан фарқ қилиши, биологияси, тарқалиши бўйича қўлланма, тавсия ва фотоальбомлар ишлаб чиқилган. Ҳар бир вилоятдаги чигирткага қарши кураш хизматлари бизнинг қўлланмалардан фойдаланади. Бугунги кунда институтимиз олимлари Австралия, АҚШ, Италия, Франция мутахассислари билан ҳамкорликда зарарли чигирткаларга қарши экологик зарарсиз воситаларни яратиш бўйича илмий изланишлар олиб боришмоқда. Айни дамда 1 та воситамиз патентлаштирилган. Аммо, бу патентни такомиллаштириш зарур.

Япониянинг JICA фонди мана уч йилдирки, “тирик офат” бўлган чигирткаларга қарши курашда Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатларига беғараз ёрдам бериб келади. Жорий йилдан Ўзбекистонга ҳам ёрдам кўрсатилишини JICA фонди вакили тасдиқлаган эди. Ҳозирча эса бу борада аниқ жавоблар йўқ. Аммо, Президент Шавкат Мирзиёев Японияга ташриф буюрганда мазкур масала ижобий ҳал бўлгани маълум бўлган эди. Ўйлайманки, йилнинг охиригача фонд бизга ёрдам қилади. Ўзбекистонга JICA фонди томонидан 8 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўзланган эди. Шунингдек, Орол бўйи ҳудудида чигирткаларга қарши кураш учун мақсадида моторли қайиқлар, махсус автомобиллар ва мотоцикллар сўраганмиз. Тахминимиз қилишимизча, ушбу техникалар 2021 йилгача Ўзбекистонга етказилади.

UzAnalytics сайти таҳририяти ушбу мақолани тайёрлашда яқиндан ёрдам берганлиги учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматларига миннатдорчилик билдиради.
Манба: UzAnalytics.uz

скачать dle 12.0
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР

10:50
Каниза уч маротаба турмушга чиқиб, ажрашганми? (видео)
10:46
Коронавирусга қарши вакцина учун навбатда биринчи бўлиб турган давлатлар маълум қилинди
09:46
«Пирамидаларни ўзга сайёраликлар қурган» – Илон Маскнинг твити муҳокамаларга сабаб бўлди
09:45
Йўлак тўла мурдалар видеоси Ўзбекистонда олингани тасдиқланди. Аммо...
09:44
Кавказликларнинг узоқ умр кўриш сири очилди
13:11
Самолётни тўхтатган ошиқ
12:48
Россиядаги ғаройиб солиқлар ҳақида
12:43
Кўнгиллиларда синалган рус вакцинаси коронавирусга қарши 100% иммунитет шакллантирди - ТАСС
12:40
«Одноклассники»да ўзини аёл сифатида таништирган самарқандлик эркак ушланди
12:38
Қандай ҳолларда ЙПХ ходими ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиши мумкин?
12:35
Вирусдан вафот этган майит нега яқинларига берилмаяпти?​​​​​​​
12:31
Бу сафар Самарқанд вилояти касалланиш бўйича Тошкентни ортда қолдирди
12:29
Жанубий Кореяда минглаб вакилларига коронавирусни юқтирган диний секта етакчиси ҳибсга олинди
12:27
Олимлар банан баргидан автомобиль ишлаб чиқаришни таклиф қилишмоқда
12:50
Моддий ёрдам ололмаган эҳтиёжманд оилалар кимга мурожаат қилиши керак?
12:15
Ўзбекистон фуқароларини хориждан олиб келиш бўйича чартер рейслар рўйхати
БАРЧА ЯНГИЛИКЛАР