Солиқ қонунчилигидаги янгиликларни билиб қўйган яхши

Солиқ қонунчилигидаги янгиликларни билиб қўйган яхши

Мамлакатимизда амалга оширилаётган солиқ ислоҳотлари юртимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш ҳамда тадбиркорликка кенг эркинлик беришга қаратилган.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулайлик ва енгилликларга қарамасдан айрим тадбиркорлик субъектлари ўзининг бюджет олдидаги мажбуриятлари кечикиб бажариши ёки умуман бажармаслик ҳолатлари кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республика Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-599-сонли қонуни билан амалиётга киритилган янги таҳрирдаги Солиқ кодексига солиқ тўловчилар учун енгиллик ва қулайликлар билан бирга қатор солиқ мажбуриятларини бажармаганлиги учун жавобгарликлар ҳам киритилди.

Бажарилмаган солиқ мажбуриятлари бўйича давлат солиқ хизмати органи огоҳлантиради:

Биринчидан, Солиқ кодексининг 121-моддаси талабларига мувофиқ,тижорат банкларига солиқни тўлаш учун тўлов топшириқномаси мустақил равишда юборилмаган бўлса, солиқ органининг инкассо топшириқномаси солиқ тўловчининг ҳисобварағига (шу жумладан, корпоратив карталардаги пул маблағларига) солиқни тўлаш учун белгиланган муддат тугагач уч иш кунидан кечиктирмай қўйилади;

Иккинчидан, cолиқ  қарзини  ундириш миллий валютадаги талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварақларидан, бундай ҳисобварақларда маблағлар етарли бўлмаган тақдирда эса – чет эл валютасидаги талаб қилиб олгунга қадар депозит ҳисобварақларидан амалга оширилади, бунда қарздорнинг муддатли депозит маблағларига ҳам ундирув қаратилиши мумкин;

Учинчидан, 120-модда талабларига мувофиқ солиқ тўловчининг товарларни (хизматларни) реализация қилишдан оладиган тушуми, мулклари ёки бошқа даромадлари ўзга шахслар ўтказилган бўлса, солиқ қарзи шу шахслардан ундирилади;

Тўртинчидан, 114-модда талабларига мувофиқ солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома олган кундан бошлаб ўн кун ичида эътироз бўлмаса ва ўн беш календарь куни ичида солиқ қарзи бюджетга тўлиқ тўлаб берилмаса давлат солиқ хизмати органи қарори асосида қарздорга тегишли мол-мулклар хатланади;

Бешинчидан,  123-модда талабларига мувофиқ солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома олган кундан бошлаб ўн кун ичида эътироз билдирмаса ва солиқ қарзи ўттиз кун ичида тўлиқ тўланмаган тақдирда,солиқ қарзини қарздор мол-мулки ҳисобидан ундириш тўғрисида давлат солиқ хизмати органи қарори қабул қилинади ҳамда ижро органига юборилади;

Олтинчидан, 123-модда талабларига мувофиқ солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома олган кундан бошлаб ўн кун ичида эътироз билдирилса ва солиқ қарзи ўттиз кун ичида тўлиқ тўланмаган тақдирда, солиқ қарзини қарздор мол-мулки ҳисобидан ундириш тўғрисида судга ариза киритилади.

Саволлар бўйича Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси Солиқ қарзини мажбурий ундиришга қаратиш бўлими бошлиғи Эркабоев Эркин Нормуродовичга мурожаат этишингиз мумкин. Телефон: 72-226-02-80 моб. 94-197-88-68 

                                               Вилоят ДСБ Ахборот хизмати