ДХА аралашгач...

ДХА аралашгач...

Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаро Д.Абдуллаеванинг яшаб турган ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан мурожаати ўз вақтида қаноатлантирилмагач, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоят халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Ушбу мурожаат юзасидан Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси ходимлари ўрганиш олиб борди.

Аниқланишича, Д.Абдуллаеванинг Шодлик маҳалласи, Довон тепа кўчасидаги уй-жойи ноқонуний қурилма бўлганлиги ва мамлакат миқёсида ўтказилган бир марталик акцияда мулк ҳуқуқига эга бўлиш истагида Жиззах шаҳар Давлат хизматлари марказига 2018 йил 26 ноябрда мурожаат қилган.  

Ушбу мурожаат юзасидан Ишчи органга (“Ермулккадастр” ДК шаҳар филиали) белгиланган муддатда комиссия аъзолари томонидан ижобий хулоса берилган бўлсада, ишчи орган томонидан қонун ҳужжатларда белгиланган муддатларда далолатнома шакллантирилмаган.

Натижада мурожаат юзасидан шаҳар ҳокимининг ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича қарори белгиланган муддатларда қабул қилиниши таъминланмаган.

Мазкур қонун бузилиш ҳолати юзасидан Жиззах вилоят “Ермулккадастр” ДК Жиззах шаҳар филиали маъсул ходимига нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Мурожаатни кўриб чиқиш якуни бўйича шаҳар ҳокимига ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида қарор лойиҳаси киритилди.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати