Йигирма йилга кечиккан никоҳ

Йигирма йилга кечиккан никоҳ

Aйни пайтда Давлат хизматлари Сирдарё вилоят бошқармаси томониданСардоба  сув омбори тошқинидан зарар кўрган Cардоба, Оқолтин ва Мирзаобод тумани аҳолисининг йўқолган туғилганлик, никоҳ ва бошқа ҳужжатлари тиклаб берилмоқда. Бугунга қадар 656 та туғилганлик, 236 та никоҳ, 4 та ўлим, 1 та никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома, жами 897 та тикланган ҳужжатлар ўз эгаларига топширилди. Таъкидлаш жоизки, тадқиқотлар жараёнида алоҳида ажралиб турувчи турфа тақдир эгалари билан ҳам бирма-бир суҳбатлар ўтказилди. 

-Сардоба сув тошқини сабабли Гулистон шаҳрига эвокуация қилинган  ҳужжатлари йўқолган фуқаролар билан ўтказилган суҳбатлар жараёнида бир оиланинг 20 йилдан бери шаръий никоҳ асосида яшаб келаётганлиги аниқланди, - дейди Гулистон шаҳар Никоҳ уйи мудираси Лола Муротова. - Эр-хотин икковинининг ҳам ёши 50 ёшдан ошганлиги ва 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан ушбу оиланинг никоҳи қонуний расмийлаштирилиб, никоҳ гувоҳномаси тантанали равишда топширилди.

-Турмуш ўртоғим вафот этгач, уч бола билан қолдим, - дейди Гулсара опа. - Тақдир экан, худди ўзим каби турмуш ўртоғи вафот этиб, уч нафар ёш боласи бор инсон билан ҳаётимни боғладим. Биргалашиб олти фарзандни оёққа қўйдик, тўйлар қилиб, уйли-жойли қилдик. Йиллар ўтиши билан эр-хотин бир-бирига суяниб қоларкан, шунгами, никоҳимизни қонунийлаштиришга унчалик ҳам эътибор бермаган эканмиз. Қарангки, ҳар ишда бир ҳикмат бор, деганларидек сув тошқини баҳона бўлиб, қонуний никоҳимиз Гулистон шаҳар Никоҳ уйи томонидан ҳеч қандай тўловларсиз расмийлаштирилиб берилди. Албатта, бундан жуда хурсандмиз. Бу оиламиз учун Халқаро оила кунига катта совға бўлди.

Дарҳақиқат, ҳар қандай вазиятдан ҳикмат излаб яшайдиган халқмиз. Оилавий муносабатларда жуфти-ҳалоли билан иноқлик, меҳрибонликда умр кечирувчиларнинг хонадони бахт ва саодат ошиёни бўлишини шубҳасиз.

ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси