“VAPSHE MALADES BALA” МЧЖ рўйхатдан ўтказилган, фақат давлат хизматлари марказида эмас

“VAPSHE MALADES BALA” МЧЖ рўйхатдан ўтказилган, фақат давлат хизматлари марказида эмас

Куни кеча ижтимоий тармоқларда “VAPSHE MALADES BALA” номли юридик шахс ташкил этилгани ҳақида хабар тарқалиб, турли саволларга сабаб бўлмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи ваколатли орган сифатида мазкур вазиятга ойдинлик киритишга қарор қилдик.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддасига асосан, юридик шахс бўлган тадбиркорлик фаолияти субъекти фирма номига бўлган ҳуқуққа эга, бу номни унинг ўзи мустақил равишда белгилайди ва ўз таъсис ҳужжатларида кўрсатади.

Масъулияти чекланган жамиятни давлат рўйхатидан ўтказишни 2 та усул билан амалга ошириш мумкин:

- my.gov.uz ёки fo.birdarcha.uz орқали;

- Давлат хизматлари марказларига ташриф буюрган ҳолда.

Юқорида номи қайд этилган МЧЖ ҳақиқатдан ҳам Жиззах шаҳри ҳудудида давлат рўйхатидан ўтказилган. Аммо мазкур жараён Давлат хизматлари маркази орқали эмас, балки тадбиркорнинг ўзи томонидан онлайн тарзда fo.birdarcha.uz сайти орқали амалга оширилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 9-бандига асосан, масъулияти чекланган жамиятни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза берувчи ўзининг шахсий кабинети ёки “тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинети”дан эркин фойдаланиш имконига эга бўлгандан сўнг:

-  “бизнесни рўйхатдан ўтказиш” — давлат хизматини танлайди;

-  тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларга тегишли  сўровномани шакллантиради;

-  сўровнома шакллантириш жараёнида ариза берувчи томонидан фирма номини танлаш ва бир хиллигининг текширилиши Тизим томонидан автоматик тарзда амалга оширилади;

-  сўровномага давлат тилидаги таъсис ҳужжатлари (ариза берувчи таъсис ҳужжатларини ўз ихтиёрига кўра қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда намунавий шакллар асосида ёки бошқа шаклларда расмийлаштириш ҳуқуқига эга) илова қилинади;

-  сўровнома охирига етганидан сўнг давлат божи тўлови амалга оширилади.

Маълумот тариқасида, Ўзбекистон Республикаси “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасига асосан Фирма номида:

1) давлатнинг расмий номи, халқаро, ҳукуматлараро ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг қисқартирилган ёки тўлиқ номи;

2) тарихий ёки Ўзбекистон Республикасида машҳур бўлган шахснинг тўлиқ ёки қисқартирилган исми, белгиланган тартибда бериладиган рухсатсиз;

3) фирма номининг эгаси, унинг фаолият тури ёки у келиб чиққан мамлакат хусусидаги сохта ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгилар;

4) жамият манфаатларига, инсонпарварлик ва ахлоқ принципларига зид бўлган белгилар кўрсатилмаслиги керак.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати