Давлат хизматлари марказларида аҳолига хизмат кўрсатишда хавфсизлик чоралари кўрилган

Давлат хизматлари марказларида аҳолига хизмат кўрсатишда хавфсизлик чоралари кўрилган

Айни кунларда бутун дунёни ваҳимага солган коронавирус инфекциясига қарши одамлар кўп тўпланадиган жойларда хавфсизлик чораларининг кучайтирилишини тақозо этмоқда. Зеро, мамлакатимиз биринчи маротаба бундай қийинчиликка дуч келди ва одамларда номаълум қўрқувлар пайдо бўлиши табиий. Аммо ваҳима қилиш керак эмас.
Айниқса, аҳоли билан гавжум бўладиган Давлат хизматлари марказларида касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида хавфсизлик чора-тадбирларини кўриш, шахсий гигиена ва тозалик қоидаларига амал қилиш зарур.

-Бугун куннинг биринчи ярмида туман санитар-эпидимеологик маркази томонидан дезинфекциялаш ишлари олиб борилди, - дейди Сирдарё тумани Давлат хизматлари маркази директори Равшан Усмонов. – Чунки марказимиз доимо у ёки бу давлат хизматидан фойдаланувчилар билан гавжум бўлади. Зеро, фуқароларнинг оғирини енгил қилиб, уларга тезкор ва сифатли давлат хизматларини кўрсатиш баробарида халқимизнинг саломатлигини асрашга барчамиз бирдек масъулмиз.

Шунингдек, вилоятдаги барча туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларида кўринарли жойларга коронавирусдан ҳимояланиш тартиб-қоидалари, эҳтиёт чораларини кўриш бўйича тарғибот плакатлари жойлаштирилди.

Ходимларга иш давомида гигиена қоидаларига амал қилиш ва буни фуқароларга ҳам тушунтириш бўйича эслатма қилинди. Хизмат кўрсатувчи ходимларнинг тиббий ниқоблар, антисептик воситалар билан таъминланганлиги ҳам алоҳида назоратга олинган.


ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар шўъбаси