Новқа ота зиёратгоҳи (Видео)

Новқа ота зиёратгоҳи (Видео)

Ривоят қилишларича, қадимда Балх ҳокимининг гўзалликда тенги йўқ қизи бўлиб, отаси уни ҳаддан ортиқ яхши кўрган экан. Кунларнинг бирида ҳукмдор аъёнлари билан овга жўнаб кетибди. Зериккан малика сарой теварагидаги гулзорни кезиб юрганда узоқдаги шуъла эътиборини тортибди.

Борса, қайнаётган булоқ қуёш нурида товланаётган экан. Чанқаган малика ҳовучини тўлдириб сув ичиб, қонмасдан яна қўл узатибди. Аммо чашма бирдан ғойиб бўлибди. Қиз бу мўъжизанинг сирини англамабди.

Кўп ўтмай, маликанинг бўйида борлиги аён бўлибди. Бундан хабар топган ҳокимнинг фиғони кўкка етибди. Қиз бегуноҳлигига отасини ишонтира олмабди. Ҳукмдор фарзандини қатл қилишни буюрибди. Шунда сарой донишмандларидан бири отани гуноҳ қилмасликка чақириб, фарзанд доғини кўтара олмаслигидан огоҳлантирибди.

Ҳоким бироз ўйлаб, қизини бадарға қилишни буюрди. Уни битта туяга миндириб, озиқ-овқат ва бойлик бериб ҳайдаб юборишибди. Қиз боши оққан томонга кетаверибди. У шаҳару қишлоқларда тунаб, кундузлари йўлга чиқаркан. Роппа-роса уч ой юргач, қизнинг ой-куни яқинлашибди.

Буни сезгандек туя чўккалабди. Малика нажот илинжида атрофга аланглабди, лекин ҳеч ким кўринмабди. Шу ерда кўзи ёришини илғаган қиз фарзанди ва ўзига омонлик тилаб, Аллоҳга илтижо қила бошлабди. Уялганидан туясини тупроққа айлантириб қўйишни сўрабди.

Илтижо амалга ошибди. Туя туп­роқ уюмига айланиб қолгач, она бир ўғилни дунёга келтирибди. У боласини қўлига олиб, покланиш учун сув қидира бошлабди. Ҳеч қаердан топа олмагач, қайтиб келса, фарзандининг бармоқлари теккан жойдан сув қайнаб чиқаётганмиш.

Тез орада булоқ кўзининг атрофидаги тупроқлар ювилиб, беш бармоқни эслатувчи тошлар намоён бўлибди. Аёл боласи билан шу ерда яшай бошлабди. Анча муддатдан сўнг ғойибдан овоз келибди: «Болангни сувга тушир». Она бу овозга бўйсуниб, фарзандини сувга яқинлаштирган экан, у балиққа айланиб сувга тушиб кетибди. Шунда аёл жигарбандининг бир ҳовуч сувдан пайдо бўлганини ёдга олибди. Кўп ўтмай, онанинг ўзини ҳам фаришталар кўкка олиб кетибди.

Бу пайтда маликанинг тоғаси жигаридан хавотирланиб, йўлга чиққанди. Суриштириб, аёл ва ўғли макон тутган манзилни топибди. Аммо она-боланинг қаерга ғойиб бўлганини ҳеч ким айта олмабди. У жияни келиб қолишига умид қилиб, шу жойда қолибди, умрини тоат-ибодатга бағишлаб, булоқ теварагини обод қилибди...

Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги Новқа ота зиёратгоҳига бориб қолсангиз, сизга шу ривоятни сўзлаб беришади. Дарҳақиқат, булоқ кўзидаги тошлар инсоннинг бешта бармоғини ёдга солади. Афсона ҳақиқатга қанчалик яқин билмадиг-у, аммо Новқа ота зиёратгоҳини юртимиздаги энг сўлим гўшалардан бири, деса бўлади.

Қишин-ёзин бир хил миқдорда сув қайнаб чиқадиган булоқлари, ёнғоқ, бодом, чинор, тут, олча, ўрик, хурмо, шафтоли, қайрағоч, оқтерак, кўктерак каби мингга яқин дарахтлар инсон шуурини йилнинг ҳар қандай фаслида сеҳрлаб қўядиган манзарани ҳосил қилади. Зиёратгоҳнинг умумий майдони
1,5 гек­тар бўлиб, ҳудудда 6 та булоқ бор.

5 та асосий булоқнинг кўзлари ёнма-ён жойлашган. Уларнинг оралиғи ўртача 1 метрни ташкил этса-да, ҳар бир булоқ суви ҳароратида фарқ бор, яъни жануб томондаги чашма кўзи энг совуғи ҳисобланади, шимолга томон сув ҳарорати илий бошлайди. Бунга балки жануб томонни тикликлар эгаллаганлиги сабабдир. Булоқ сувлари асосий, ўрта ва қуйи ҳавзаларга тўпланиб, ҳарорати қишин-ёзин ўзгармайди, 18 даражани ташкил қилади.

Ҳавзалардаги сув 5 километрлик сойда оқиб, 1,5 минг хўжаликка эга Новқа қишлоғининг турмушини обод қилади. Новқа ота зиёратгоҳи ҳавзаларининг энг чуқур жойи 1,5 метр. Қишлоқ одамлари бу ердаги балиқларни азиз санайди, шу боис уларга ҳеч ким тегмайди. Энг йирик балиқнинг узунлиги 35 санти­метрга етади.

Ҳудуддаги олтинчи чашма етимбулоқ, деб аталиб, асосий булоқлардан
5 метр юқорида жойлашган. Унинг суви қуйидагиларга қараганда анча илиқ. Етимбулоқнинг суви алоҳида ариқдан оқиб, барча булоқ сувлари пастки ҳавзада қўшилади.

– Бу ерга республикамизнинг ҳамма вилоятларидан зиёратчилар келишади, – дейди Новқа ота қишлоғида яшовчи Пардабой Ҳамидов. – Ҳудудда юз йил илгари қурилган масжид, хонақоҳ ва зиёратчилар учун мўлжалланган икки қаватли дам олиш жойи бор. Хонақоҳдаги қабр шу жойни обод қилган Балх маликасининг тоғасиники, деган тахмин мавжуд. Шўролар даврида хонақоҳ суриб ташланди, мустақиллик йилларида эса қайта тикланди. Боболаримизнинг айтишича, узунлиги 20 метрлик ғор ҳам бўлган, деворида эса қилич осиғлиқ турган. Ғор тубига кирганлар ер ости дарёсининг шовуллашини эшитган. Ушбу ғор ҳам шўролар даврида кўмиб ташланган. Балх маликасининг туяси чўккан жойнинг тупроғи сўгалга малҳам ҳисоб­ланади. Кимда сўгал бўлса, шу жойдан тупроқ олиб кетади. Халқ орасида булоқларимизнинг сувлари ер ости оқимлари орқали вилоятимизнинг Ғаллаорол туманидаги Саъд ибн Ваққос ҳамда Навоий вилоятидаги Нурота зиёратгоҳлари сувлари билан алмашиб туради, деган қараш ҳам мавжуд. Элимиз «Бешпанжа» деб атайдиган ушбу булоқлар билан боғлиқ яна бир нечта ривоят мавжуд.

Булоқлар ҳосил қилган иқлим сабаб­ми, қишда ёндош ҳудудларга нисбатан Новқа қишлоғи 1–2 даража илиқ, ёзда эса анча салқин бўлади. Умуман олганда, Бахмал туманида Новқа ота зиёратгоҳига ўхшаш сўлим гўшалар, узоқ ўтмишдан дарак бергувчи манзиллар кўп. Уларнинг ҳақиқий тароватини шу ерга келган кишигина ҳис этиши мумкин.