Байрам арафасида - фахрий солиқчилар хонадонида бўлинди

Байрам арафасида - фахрий солиқчилар хонадонида бўлинди

 Вилоятимиз солиқ хизмати тизимида баҳорнинг илк байрами ўзгача кўтаринкилик билан нишонланмоқда. Машаққатли бўлган солиқчилик касбидан бахт топган аёллар меҳнати ижобий баҳоланаяпти.

Вилоятимиз солиқ идораларида 28 нафар хотин-қиз меҳнат қилишмоқда. Улар давлат хизматчиси бажариши лозим бўлган барча юклама ва топшириқларни ўз вақтида, сифатли амалга оширишда ҳамкасбларига намуна бўлишаётир. Зулхумор Мустафоева ҳам уларнинг бири. У кўп йиллардан буён Ғаллаорол туман давлат солиқ инспекциясида фаолият кўрсатади.25 йиллик иш тажрибасига эга, намунали фаолияти учун бир неча бор Давлат солиқ қўмитасининг фахрий ёрлиғи билан мукофотланган.  

Хотин-қизлар куни арафасида Зулхумор Мустафоева сингари тизим фахрийлариинг хонадонларига ташриф буюрилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди. Кўп йиллик хизматлари яна бир бор эътироф этилиб, уларга совға-саломлар топширилди.

 

Зулхумор опа намунали давлат хизматчиси бўлиши билан бирга тўлақонли оила соҳибаси ҳамдир. Фарзандларининг бири ўзи сингари солиқ ходими бўлса, яна бири шифокор. У турмуш ўртоғи билан уч нафар фарзандни эл корига ярайдиган инсонлар сифатида тарбиялаб, намунали оила эгалари деган шарафли номга сазовор бўлишди. 

  • Солиқчилик касби машаққатли бўлса-да, меҳнатдан қадр топадиган, ишининг натижасини кўрадиган касбдир. Давлат бюджети, халқ хазинасини тўлдиришда мен каби хотин-қиз ходимларнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Аммо солиқ тизимида ишлаётган хотин-қизлар оилани ҳам унутмайдиган, ҳар икки жабҳани бирдек юритадиган аёллардир. Албатта, бу осон эмас. Аммо касбга меҳр, оилага муҳаббат кучли бўлса, аёл киши қайси касбда ишламасин, давлатга ҳам, халққа ҳам нафи тега олади, дейди давлат солиқ хизмати ходими Зулхумор Мустафоева.
  • Вилоят Давлат солиқ хизмати идораларида гендер тенглигининг таъминланишига катта эътибор қаратилган. Тизимда хизмат қилаётган хотин-қизлар сонини  ошириш, уларни рағбатлантириш, ораларидан раҳбар кадрлар тайёрлаш ишларига алоҳида аҳамият берилади. Бундай рағбат ва эътибор соҳада фаолият юритаётган хотин-қизларда танлаган касбига меҳр, ҳурмат ва иштиёқни оширади.

 

Вилоят ДСБ Ахборот хизмати