“Қуйма тилла” операцияси...

“Қуйма тилла” операцияси...

Қўшни мамлакатдан Андижон вилояти божхона бошқармаси “Дўстлик” чегара божхона постига кириб келган фуқаролар Г.А. ва Э.М. ларнинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди.

Натижада, ушбу шахслар тегишли тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, уларнинг юклари орасида декларацияда кўрсатилмаган, божхоначиларнинг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, умумий қиймати 880 млн. сўмлик 1,1 кг. “қуйма тилла” борлиги аниқланди. Бу ҳақида Божхона департаменти хабар бермоқда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил   6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3512 сонли қарорига мувофиқ жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига 65 граммгача бўлган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари божхона тўловларисиз олиб кирилиши мумкин.

Ҳозирда юкоридаги ҳолат юзасидан Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмокда.