Журналист ва блогерларда хавотир уйғотган қонун Сенатда маъқулланди

Журналист ва блогерларда хавотир уйғотган қонун Сенатда маъқулланди

 Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ва «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритишга доир қонун Олий Мажлис Сенатининг 13-ялпи мажлисида маъқулланди.

Ахборот соҳасига доир янги жавобгарлик чораларини эълон қилувчи мазкур қонуннинг лойиҳаси эълон қилинганида, журналист ва блогерлар уни хавотир билан қарши олганди.

Янги қонун билан, Жиноят кодексининг 244-моддасида:
- ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасликка;
- оммавий тартибсизликка;
- фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади.
Қонун кучга кирса, бу моддада айбдор деб топилганлар жаримага тортилиши, ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилиши, озодлиги чекланиши ёки 5 йилгача қамалиши мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга:

  • фуқароларни қонунчилик талабларини бажармасликка ёки бузишга оммавий даъват қилганлик;
  • фуқароларни қонунчилик талабларини бажармасликка ёки бузишга ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, интернет, матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилганлик учун жарима жазоси киритилади (201-модда 1-қисм). Жарима миқдори 60 БҲМдан 80 БҲМгача этиб белгиланмоқда. Айни пайтда бу миқдор 147-196 млн сўмга тенг.


Сенатнинг 12 мартдаги ялпи мажлисида чиқиш қилган сенатор Фармон Тошев сенаторлардан уни маъқуллаб, овоз беришни сўради.

Фармон Тошев / Фото: Сенат ахборот хизмати
«Ўзбекистонда кейинги тўрт йилда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратилди.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари фаолияти учун ҳуқуқий асослар ҳам яратиляпти. Лекин шуни ҳам назарда тутиш керакки, глобаллашув давридаги ахборот алмашинув жараёнида ахборот хуружлари ҳам юз беряпти.

Бунда веб-сайтлар пайдо бўлгани, инсонларга ижтимоий тармоқларда ўз сўзини айта олиш имконияти берилгани ҳар бир сўзимизни ўйлаб гапиришга, нимагадир салбий таъсир кўрсатмайдиган, аксинча жамиятдаги иллатларни йўқотишга хизмат қиладиган сўзни айтишга хизмат қилувчи масъулиятни келтириб чиқаради.

Чунки ижтимоий тармоққа жуда кўпчилик киряпти, жуда кўпчилик ёзяпти ва уларни орасида тажрибасизлари ҳам бор. Ёки уларда ахборот тарқатиш маданияти шаклланмагани бизни ана шундай эътибор қаратишга чорлаяпти.

Шу қатори ахборот эгалари ва тарқатувчиларининг ҳам масъулият ва жавобгарликни ҳис қилиши, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатланиши ҳам белгилаб қўйилиши мақсадга мувофиқ.

Ушбу қонуннинг мақсади – веб-сайт ва унинг эгалари, шу жумладан, блогерларнинг оммавий тартибсизликлар ва зўравонликка даъват этиш, ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатиш, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилишнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик нормалари ҳисобланади.

Бу қонун эндиликда веб-сайт эгалари ва шу жумладан блогерларни ўзлари юритаётган сайт ва блогни доимий равишда мониторинг қилиб боришга даъват этади. Бу соҳадаги муносабатларнинг ҳуқуқий аниқлигини таъминлайди.Бунда барча томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ таъминланиб, кейинчалик ўз ҳуқуқларини суд тартибида таъминлашига имкон беради», – деди асли касби журналист бўлган сенатор.

Фармон Тошев қонун парламент қуйи палатасига киритилгунга қадар «жамоатчилик, журналист ва блогерлар билан келишилгани»ни қўшимча қилиб кетди ва батафсил аниқлик киритмади. Аввалроқ Kun.uz суҳбатлашган бир неча журналист ва блогер таклиф этилаётган жавобгарлик чораларини маъқулламаслигини билдирганди.

Фармон Тошевдан сўнг сўз олган Сенат раиси Танзила Норбоева бу қонунни сўз эркинлиги ва ахборотни бирор-бир тарзда чекловчи сифатида талқин этмасликни сўради.

«Мамлакатимизда сўз эркинлиги бор ва бу ҳар кимнинг конституцион ҳуқуқи. Худди шунингдек, ҳар бир инсонга истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи кафолатланган.

Бироқ бу ҳуқуқ ва эркинликлардан жамият, шахс ва давлатнинг ҳуқуқ ва манфаатларига қарши фойдаланмаслик керак. Қонунга бўйсунмаслик, оммавий тартибсизликлар уюштириш, одамларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиш жиноятми? Жиноят. Шундай экан, нега уларга даъват қилиш жиноят бўлмаслиги керак?

Шу боис бу нормалар ҳаётий зарурат эканини чуқур англашимиз керак.

Бу қонун қуйи палатада кўрилаётган пайтда турли талқинлар бўлиб кетди. Худди биз сўз эркинлигига дахл қилаётгандек. Қонун бундай эмаслигини Фармон Исоқович ва бошқа сенаторлар ҳам маъқуллади. Шунинг учун, бу қонунни қабул қилсак, биз бу маконда бўлаётган ҳодисаларни тартибга соламиз
», – деди қонун чиқарувчи ҳокимият раҳбари.


Танзила Норбоеванинг бу таъкидларидан кейин овоз беришда қатнашган сенаторларнинг барчаси қонунни маъқуллаб овоз берди, қаршилар ва бетарафлар бўлмади.

Қонун президент томонидан имзоланиб, расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.