Хотин-қизларга бўлаётган зўравонликларнинг аксарияти қайси вилоятларга тўғри келмоқда?

Хотин-қизларга бўлаётган зўравонликларнинг аксарияти қайси вилоятларга тўғри келмоқда?

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали хотин-қизларга нисбатан турли кўринишдаги зўравонлик, руҳий ва жисмоний тазйиқлар ўтказилаётгани, уларни ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб борилаётгани билан боғлиқ нохуш хабарлар юзасидан муносабат билдирди. Таъкид этилишича, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари аслида бундан-да кўп бўлиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 15 ва 49 ёшидаги хотин-қизларнинг 25 фоизидан кўпроғи ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келишади. Ушбу зўравонликларнинг 33 фоизи Жануби-шарқий Осиё ҳудудига тўғри келмоқда.
Айтиш жоизки, Бош прокуратура ўз хисоботида, 2020 йилда номусга тегиш ҳолатлари 27,7 фоизга ошганлигини баён қилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номига йўлланган мурожаатлар таҳлилига кўра, 2021 йилнинг 15 апрелига қадар хотин-қизлар томонидан 20 га яқин жинсий ва жисмоний зўравонлик, руҳий тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлари бўйича мурожаат келиб тушганини кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келади.

Жумладан, фуқаро М.М. 2013 йилда сурхондарёлик йигитга турмушга чиқиб, 2 нафар фарзандни дунёга келтиради. У ўз мурожаатида турмуш ўртоғи кўп йиллардан буён доимий равишда кийноққа солиб, руҳий ҳамда жисмоний тазйиқ ўтказиб келаётганлигини ёзиб, унгак нисбатан тегишли чоралар кўришни ва ҳимоя ордери олишда ёрдам сўраган. Омбудсман мазкур аризани назоратга олиб, уни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўрганди. Натижада фуқаро М.М.га 2021 йил 10 февраль куни «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар учун ҳимоя ордери» тақдим этилди.