Интилганга толе ёр

Интилганга толе ёр

Қатъий мақсад сари интилиш инсонни чўққиларга кўтаради, қадрини улуғлайди, одамлар орасида ҳурмат қозонишига ёрдам беради. Боиси, йиллар давомида қўлга киритилган марра томон йўлни босиб ўтишнинг ўзи бўлмайди. Улкан сабр ва матонат эзгуликка йўлдош бўлиши билангина кўзланган чўққини эгаллаш мумкин. Жиззах давлат педагогика институти 1 босқич  магистранти Ҳакима Давлатовани  ҳам ҳудди шундай инсонлар тоифасига киритиш мумкин.

Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида туғилган қизалоқ болалигидан тарихга ихлоси баланд эди. Зангори экран орқали тарихий шаҳарларимиз: Самарқанд, Хива, Бухородаги обидалар намойиш этилса, қаҳрамонимиз қадамжоларни ўз кўзи билан кўриб, саёҳат қилишни орзу қиларди.

- Мактабда жуда кўп фанларни адабиёт, тарих, ҳуқуқ, рус тили ва инглиз тили фанларига қизиқишим баланд эди,- дейди биз билан суҳбатда Ҳакима Давлатова. - Уларни қунт билан ўрганиб мактабни аъло баҳолар билан имтиёзли тамомлагач Жиззах давлат педагогика институти  қошидаги “Сайилжой” академик лицейига ҳужжатларимни топширдим. Бу ердаги уч йиллик билим ҳамда устозлар берган сабоқ мени ўз устимда янада ишлашга,  илм олишга ундади. Лицейда ўқиш давомида  фан олимпиадаларида фаол қатнашардим.

Лицейни тамомлагач хорижий тилларга бўлган иштиёқим боисми,  Абдулла Қодирий номида Жиззах давлат педагогика институти Рус тили йўналишига ўқишга кирдим. Рус тилини биламан лекин моҳир педагог бўлиш учун нима қилиш керак. Шунда русий забонни ўзбек ҳамда форсий тилларга, таққослаштириб, ўрганишни  мақсад қилиб олдим. Кўпроқ рус тилида ёзилган ҳикоя, қисса ва романларни ўқий бошладим. Гарчи, рус тили йўналишида ўқиб, тамомлаган бўлсам-да, тарих фанига бўлган чўғ йиллар ўтавергач олов алангасига айланди. Буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва асарлари мен учун ноёб дурдонадир. Меъморий обидаларимизнинг қандай қурилгани жумбоқ...

Бу масала моҳиятини ечиш учун газета, журнал, бадиий ва илмий асарлар мутолаа қилдим.

Ҳозирда устозим фалсафа фанлари доктори Фаррух Ақчаев  билан “Жиззах воҳаси тожиклари: анъанавий турмуш тарзи, урф-одатлари ва маросимлари” мавзусида илмий иш олиб бормоқдамиз.

Ҳ. Давлатованинг сўзларидан устозларига бўлган ҳурмат ва уларга муносиб шогирд бўлиш истагида ҳаракат қилаётгани сезилиб турарди.

Институтимизда кўплаб иқтидорли талабалар таҳсил олишади. Шулар орасидан Ҳакима Давлатова ўзининг билимга бўлган тиришқоқлиги билан ажралиб туради. Унинг ўнлаб илмий мақолалари юртимиз, балки Польша, Франция, Буюк Британия, Германия, Россия, Украина, Ҳиндистон, Қозоғистон, Малайзия, Чехия, Испания ва АҚШ давлатларида чоп этилди,- дейди Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий бўйича проректори Сарвар Назарқосимов.

Қаҳрамонимизга танлаган соҳасининг устаси бўлишида омад тилаймиз. Зеро, ёшларимиз учун мамлакатимизда яратилаётган шароитлар ва имтиёзлар уларни янада шижоатлироқ бўлишларида  руҳлантирмоқда.