Отасининг юзини ерга қаратган қизлар...

Отасининг юзини ерга қаратган қизлар...

 Бугун қулоғимизга чалинаётган гаплар:
“... Еттинчи синфда ўқийдиган қиз туғиб қўйибди”.
“... Ўн уч яшар қиз ҳомиладор эканлиги аниқланибди”.
“... Тўққизинчи синфда ўқийдиган қиз туғиб қўйибди”.

Эшитавериб одатланиб ҳам қолдик бу каби шивир-шивирларга. Ҳатто кейинги пайтда шивирлаб эмас, баралла гапираяпмиз ҳам. Ҳаё қилмай қўйдик эшитишдан. Ҳар қандай хунук иллат аввал одатга айланар, кейин эса қонга сингиб кетаверар экан. Порахўрлик, ҳаромхўрлик, зино ва фаҳш ҳам қон-қонимизга сингиб кетаётгандек назаримда. Ҳа, нега жаҳлингиз чиқади? Кеча ҳо, қайсидир қишлоқда бир йигит билан ошиқ-маъшуқ бўлиб, аҳду паймон қилган қиз тўйидан 5-6 ой ўтиб фарзанд кўргани овоза бўлса, юзингиз қизариб рўмолингиз учини тишлардингиз.

Бугун 12-13 яшар қизалоқнинг туғиб қўйганини бемалол эрингиз, қўни-қўшнингизу ҳатто фарзандларингиз билан муҳокама қиляпсиз. Охирзамон нишоналарининг бири — одамлар орасидан ҳаё кўтарилишидир. Ҳа, оғриқли, лекин тан олмай иложимиз йўқ — ҳаё кўтарилган. Ҳаёнинг кўтарилиши эса барака, хотиржамлик ва ҳалолликдан узоқлашишга сабаб бўлади. Узоқлашиб кетдик бу хусусиятлардан. Афсус, минг афсуски, ҳўлу қуруқ баробар ёняпти. Бирники мингга, мингники туманга уряпти. Ота- ўғилга, она қизга шафқат қилмаётган замонларга етиб келдик. Фаҳш, зино, ҳаром-ҳариш ишларга гуноҳ деб қаралмайдиган кунларда яшаяпмиз.

Айб фақат пул топишдами?
“Туғиб қўйган қизчанинг отаси Россияда экан, онаси мардикор экан” деяпмиз. Одатга кўра бундай ҳолларда “Ана, ота-она пул топиш дардида узоқларда юргани учун, боласининг тарбияси издан чиққан” деган қўшиқни баралла куйлашга ўрганиб қолганмиз. Пул топмаса, пули бўлмаса яшаб бўладими? Пул бўлмаса фарзанд тарбиялаб бўладими? Меҳнат қилмаса, пул топмаса оила боқиш, тирикчилик ўтказишнинг имкони борми? Майли, сизнинг касб-корингиз, ҳунарингиз бордир, Аллоҳ тақдир қилиб дипломли бўлгандирсиз, касб-ҳунари, дипломи йўқлар нима қилсин? Умуман олганда, ўз юртида моддий имкониятлари учун етарли маблағ тополмаган инсон ўзга юртда ризқ қидиришга мажбур бўлади. Ва бунинг ҳеч айбситиладиган жойи йўқ. Тирик жон тирикчилик учун ўрмалайди. Ризқ келиши учун ҳам ҳаракат ва мужодала керак. Масала бошқа, фарзанд тарбиясидаги кемтикликка ҳам моддиятнинг ўрни бор.

Яъни тўкис таъминот ҳам, эҳтиёжмандлик ҳам бола тарбиясига акс таъсир қилади. Ота-онанинг пул топиш билан машғуллигини фарзанд тарбиясидаги нуқсонга сабаб қилиш унчалик ҳам тўғри эмас, наздимизда. Тўғри, қайсидир маънода таъсири бўлиши мумкин, аммо болаларимизнинг тарбиясида оқсаётганимизнинг асл сабаби — маърифатдан узоқлигимиз. Бир неча йиллар давомида бизни маърифатдан узоқлаштириб бордилар. Бу амалларини жуда мукаммал режа билан босқичма босқич бажардиларки, охир-оқибатда бир пайтлари аждодларимиз учун уят, шармандалик саналган ишлар биз учун оддий, айтиш жоиз бўлса, одатий ишларга айланди.

Ҳаё — хайру барака ёғини
Маърифатнинг ажралмас қисмига айланган динимизда ибо ва ҳаё масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳадиси шарифда ҳам “Ал-ҳайау мин ал-ийман” яъни “ҳаё – иймондандир!”, дея марҳамат қилинади. Демак, ҳаёсиз уят ва андишаси йўқ одамда иймон ҳам мустаҳкам бўлмайди.

Шарм-ҳаё масаласи ҳар доим улуғ мутафаккирларимиз, алломаларимизнинг эътиборида бўлиб келган. Хусусан, буюк аждодимиз ҳазрат Алишер Навоий ҳам ўз асарларида бу масалага бир неча бора тўхталиб ўтганлар.

“Ҳайрату-л-аброр достонида адаб, тавозуъ ва ҳаё каби хислатлар тавсифига алоҳида боб ажратилган. Унда шоир жумладан, халқ учун мансаб эмас, айнан ҳаё билан адаб шарафлироқ эканини ёзади.

Элга шараф бўлмади жоҳу насаб,
Лек шараф келди ҳаёву адаб.

Шоир ҳаё билан адабни ҳар доим ёнма-ён тилга олади. Уларни ёғин манбаига – хайру баракот келтирувчи булутларга қиёслайди. Бу ёмғирнинг ҳар қатраси тупроқни кимё қилади, яъни ундан олтин ундиради. Навоий айтадики, ҳаё ва адаб бор жойга хорлигу зорлик яқин йўламайди. Нега бу ҳақида такрор ва такрор муноқаша қилаётганимизни мулоҳаза қилдингизми, суҳбатдош? Фарзандимизга энг биринчи навбатда ҳаё ҳақида тушунча беришимиз шарт. Ва бунинг учун аввало ўзимизда ҳаё, адаб ва иймон ҳақида етарлича замин бўлиши керак. Муаммо шундаки, аксар ҳолларда фарзанд тарбиялаётган, тўғрироғи ўстираётган ота-оналарнинг ўзи инсоний фазилатлар ҳақида тушунчага эга эмас.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иймон етмиш нечта шохчадан иборатдир. Ҳаё иймоннинг шохларидан бир шохдир”, дедилар (Бухорий ривоят).

Ҳаё барча яхшиликлар боши ҳисобланади. У энг гўзал зийнатдир, иймон аломатларидан саналади. Ҳаё Аллоҳнинг сифатларидан ҳамда У Зот суйган хулқдир. Шармнинг йўқолиши барча яхшиликларнинг кетиши, демакдир. Аллоҳ асрасин, ҳаёсизлик шармандаликдир. Зеро, Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ҳаё нимада бўлса, албатта уни зийнатлайди. Ҳаёсизлик нимада топилса, албатта уни шарманда қилади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Қиз болани қандай тарбиялаш керак?
Аввало бола тарбияси, хусусан, қиз боланинг тарбия жараёнида ҳуқуқлари камситилмаслиги мақсадга мувофиқ. Зеро: “Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларни яхши хулқ билан хулқлантиринг” дейилади Ҳадиси шарифда.

Қиз болани ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, унга ҳамиша ғамхўрлик қилишнинг аҳамияти юксак, оқибати хайрлидир. Мўминлар онаси Ойша (р.а)дан ривоят қилинади: “Бир куни менинг ҳузуримга иккита қизини етаклаб бир аёл тиланчилик қилиб кириб келди. Менинг ҳузуримда битта хурмодан бошқа нарса йўқ эди. Мен хурмони берсам, аёл уни иккига ажратдида, икки қизига берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирганларида бу ҳақда хабар берсам, у зот: “Ким мана шу каби қиз фарзанд билан имтиҳон қилинса, қизларини чиройли парвариш этса, унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади”дедилар". ( Мутафақун алайҳ)

Одатда балоғатга етган қизларга меҳмондай муносабатда бўлишади. Ҳар бир ҳаракатлари тўғирланиб, келин бўлиб тушадиган хонадон учун тайёрлайди. Қиз бола тарбиясининг замирида ҳам аслида бекаликка, оналикка тайёрлаш ётади. Дилдан чиқмаган гаплар билан уни эркалашни эса у тезда пайқайди ва бу каби танбеҳларни қабул қилмайди, шундай экан уни кўпроқ ўпиш ва эркалаш, камчиликларини юзига солмаслик керак. Қиз болани тарбиялашда қайсарлик қилса қаттиққўллик билан жисмоний жазо қўллаш яхши эмас. Чунки қиз онасидан калтак ейишдан қўрқиб ўз фикрини айтолмаслиги ва энг муҳими онасини сирдоши қилиб қабул қила олмаслиги мумкин. Ўн бир ёшдан бошлаб қиз боланинг руҳияти, дунёқараши ва фикрлаши кундан кунга ўзгаради. Ҳаттоки тўғри йўлни кўрсатадиган оналарининг гапини олмаслиги ҳам мумкин. Шундай ҳолларда қиз боланинг кўнглига яхши сўзни қурол қилиши лозим бўлади.

Ривоят
Кунларнинг бирида Луқмони Ҳаким бир онанинг ўз қизига қилаётган насиҳатини эшитиб қолибди: “Қизим сен ҳам балоғат ёшига етиб қолдинг, эртага бировнинг ҳасмига айланасан. Менинг уйимга эса меҳмонга келасан, холос. Сен яхши ҳаёт кечираман, обрў-эътиборли бўлиб юраман десанг, қайнонангни ҳурмат қил, барчадан эрта тур, ҳаммадан кеч ёт, қўлинг эгри бўлмасин, бошингга қилич келганда ҳам рост гапир, ёлғончи, иккиюзламачи, чақимчи, ғийбатчи бўлма. Қайнонангни, оила аъзоларингни ёмонлама. Зийрак, доно, ақлли бўл! Шунда Луқмони Ҳаким “Онасини кўриб қизини ол, арқоғини кўриб бўзини ол” деганлари шу бўлса керак деб, йўлида давом этибди.

Миллат оналарини муносиб ўстириш керак

Ҳар бир қизнинг тарбияси, унинг камолоти, унинг бир оилага севимли келин бўлиб бориши нафақат ўзи учун, балки бутун бир жамият учун ҳам муҳим саналади. Бир қизнинг шаъни фақат бир ота-она ёки хонадон аъзоларининг шаъни эмас, бутун бошли миллатнинг иззат-обрўйидир. Бугун ҳаёсизлик домига тушган, экранларидаги шармандали саҳналарга бой сериаллар таъсирида “тарбияланаётган”, маърифатдан узоқ, одоб, ҳаё ва иймондан мосуво ўсаётган қизлар эртага қандай она бўлади? Улардан туғилган, уларнинг қўлида тарбияланган фарзандлар ким бўлади? Менимча, муаммога фақат ота-онанинг мардикорлигини рўкач қилмай, асл моҳиятни ҳам таҳлил қилиш ва бу борада жиддий ҳаракат қилиш мавриди келди.

Манба: Azon.uz