Она тилимизга эҳтиром ва садоқат

Она тилимизга эҳтиром ва садоқат

Тил – миллат таянчи. Миллат онги, руҳи ўсиши билан тил ҳам ўсади, томир отади, гуркирайди. Ва аксинча ҳолат юз берганда, нур сочиб турган манзиллар ҳам саробга айланиб, оқибат, йўқликка юз тутади. Инсоният тарихида бунга мисоллар кўп. 

Биз кундалик ютуқ, қусурларимиз кўлами, чегарасини ўзимизча белгилаймиз. Чунки бу биргина ўзимизга, нари борса, оиламизга тегишли бўлган ўта хусусий масала. Аммо она тилимиз ҳақида гап кетганда, дўппини бошдан олиб, орқа-олдимизга қараб, кейин сўз айтишга чоғланамиз. Чунки она тили – бу миллат тили, хусусийлик доирасидан ташқаридаги умуммиллий ҳодиса. У бутун бошли бир халққа, миллатга тегишли.

Ана шундай бебаҳо бойлик, неъмат бўлган тил ҳам барча тирик мавжудот каби парваришга, кези келганда, ҳимояга ҳам муҳтож бўлади.

Мана, ҳадемай, она тилимизга давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлади. Ана шу 31 йил бурун қабул қилинган муҳим қарор халқимиз руҳиятини уйғотди, бизга мустақиллик эшикларини очди. Мустақиллик, ўз навбатида, тилимизга бўлган эътиборни янада кучайтирди. Бирин-кетин ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган қонун ва қарорлар қабул қилинди. Бу жараён охирги икки-уч йил ичида янада жонланиб кетди.

Шукрки, тилимиз бугун майда-чуйда қусурлардан қутулиб, тобора қаддини тиклаб, боболаримиз орзу қилган мавқега кўтарилиб бормоқда. Президентимиз ташаббуси билан бу йил 21 октябрь санаси юртимизда Ўзбек тили байрами куни – миллий байрам сифатида кенг нишонланади. Бу байрам ҳам худди мустақиллик байрамидек халқимизнинг энг қутлуғ айёми бўлиб қолишига шубҳа йўқ.

Президентимиз таъбири билан айтганда: «Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим», бўлади.

Тилимиз софлиги, унинг юксалиши учун кураш доимий жараён бўлиб, Маҳмуд Кошғарий замонидан ҳам бурун бошланган ва то шу кунимизгача давом этиб келмоқда.

 

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ Матбуот хизмати