ДХА вилоят бошқармаси ФҲДЁ соҳасида амалга оширилган ишлар бўйича доимий комиссияга ҳисобот берди

ДХА вилоят бошқармаси ФҲДЁ соҳасида амалга оширилган ишлар бўйича  доимий комиссияга ҳисобот берди

Фото: ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг  навбатдаги сессияси муҳокамасига  киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш бўйича мажлис бўлиб ўтди.

Кенгашнинг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан ташкил этилган  йиғилишда “ФҲДЁ органларининг ташкилий -ҳуқуқий таъминоти,  моддий-техника базасини мустаҳкамлаш,  жумладан фуқароларга малакали хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратилганлик ҳолатини ўрганиш натижалари тўғрисида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва Сенат Қўмитасининг қўшма қарори ижроси бўйича Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси раҳбариятининг ахборотини эшитиш” режалаштирилган эди.

Кун тартибидаги масала юзасидан бошқарма бошлиғининг ўринбосари Алишер Неков ахборот берди.

Фото: ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

2020 йил 18 февралдаги ПФ–5938-сон Фармонига асосан ўтган йилнинг 1 апрелидан бошлаб, ФҲДЁ органлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилди.

Мазкур Фармон билан Агентликка ФҲДЁ органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш ва ФҲДЁ органларининг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функциялари юклатилди.

Натижада, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали юритишга ҳуқуқий асос яратилди.

Албатта, мазкур соҳа Агентлик тизими учун янгилик эмас. Ушбу санага қадар ҳам ФҲДЁ органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш Агентлик томонидан амалга оширилган.

Фото: ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Бугунги кунда, вилоятимизда жами 13 та ФҲДЁ органлари фаолият юритиб келмоқда. ФҲДЁ органларида жами 36 та штат бирлиги мавжуд бўлиб, шундан 13 та мудира, 14 та 1-тоифали инспектор, 4 та 2-тоифали инспектор, 1 та иш юритувчи ходимлар аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Фармонга кўра, мавжуд ФҲДЁ органларининг бинолари тегишли тартибда ҳокимият балансидан Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси тасарруфига қабул қилиб олинди.

ФҲДЁ органлари Агентлик таркибига киритилгандан сўнг улар фойдаланишида бўлган бинолари, моддий-техник базаси тўлиқ хатловдан ўтказилиб фуқароларга малакали, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш учун барча зарур шароитларни яратиш чоралари кўрилди.

Жумладан, Мирзачўл, Дўстлик, Янгиобод, Зарбдор, Зафаробод, Бахмал, Пахтакор туманларида ФҲДЁ бўлимлари Давлат хизматлари марказларининг янгидан қуриб фойдаланишга топширилган барча қулайлик ва шароитлари мавжуд замонавий биноларга кўчириб ўтказилди ва фаолият кўрсатмоқда.

Ўтган давр мобайнида туманлар, шаҳар ФҲДЁ органлари хизмат сифати ва тезкорлигини таъминлаш мақсадида қарийб, 25 млн. сўмлик девонхона моллари, 70 млн. сўмдан ортиқ гербли гувоҳномаларни чоп этиш принтерлари ва компьютерлар, пандемия даврида ҳодимлар саломатлиги сақлаш ва фуқароларга узлуксиз хизмат қилишни таъминлаш учун 30 млн. сўмдан ортиқ бир марталик ниқоблар ва антисептик воситалари, 50 млн. сўмлик UPS қурилмалари ва 45 млн. сўмга яқин товар моддий захиралар ва асосий воситалар билан таъминланди.

Шунингдек, ФҲДЁ органлари биноларида иситиш тизимлари профилактик кўрикдан ўтказилди ва ишчи ҳолатга келтирилди.

Фото: ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Бундан ташқари, барча туманлар ва шаҳарда ФҲДЁ органлари видеокузатув мосламалари билан жиҳозланиб марказдан кузатиш имконияти жорий этилди, шунингдек, барча туманлар, шаҳарда тезкор интернет ва сифатли алоқа тармоқларига улаш ишлари амалга оширилди.

Мажлисда тизимда амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилиниб, ахборот доимий комиссия аъзолари томонидан қабул қилинди.

Шу куни доимий комиссия йиғилишида “Сектор раҳбарларининг ҳудудда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” асосида амалга ошираётган ишлари бўйича ҳисоботлари, Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи, Халқ қабулхонаси томонидан секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш ҳолати бўйича киритган ахбороти  юзасидан масъул вилоят ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати