» » Тожикистонда 12 та қўйни ғажиб ташлаган қор қоплони ушланди (видео)

Тожикистонда 12 та қўйни ғажиб ташлаган қор қоплони ушланди (видео)

Тожикистоннинг Тоғли-Бадахшон автоном вилояти Рушан туманидаги Разуч қишлоғида маҳаллий аҳоли томонидан 12 бош қўйни ғажиб ўлдирган қор қоплони ушлаб олинди.

Қишлоқ эркаклари биргаликда ҳаракат қилиб йиртқични қафасга қамаб қўйишга муваффақ бўлган, дея хабар бермоқда Sputnik.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари қор қоплони ғажиб кетган қўйларнинг эгаларига кўрилган зарарни қоплаб беришни ваъда қилмоқда.

Қафасга солинган қоплон яна тоғларга қайтарилди ва аҳоли яшаш жойларидан анча узоқ ҳудудга қўйиб юборилди. Видеода юк машинасига ортиш вақтида ҳам йиртқичнинг одамларга нисбатан тажовузкорлик қилмаганини кўриш мумкин.

Деярли ҳар йили куз-қиш мавсумида Тоғли-Бадахшон автоном вилоятида чорва молларига йиртқичлар тез-тез қирон келтириб туради. Совуқда қорни очқаган қор қоплонлари тоғлардан қишлоқ ҳудудига тушади ва тунда чорва моллари жойлашган қўраларга кириб мол-у қўйларни еб кетади. 

                         

2018 йил ноябрда Ишкошим туманининг Ширгин қишлоғида ҳам қор қоплони 20 га яқин ўлжаларни ғажиб ташлаганидан сўнг қўлга тушганди. Йиртқич қишлоқдан 47 километр олисга Шарқий Помир тоғларига олиб кетилган ва у ерда яшаш учун қўйиб юборилган.

Экологларнинг қайд этишича, сўнгги йилларда маҳаллий аҳолининг табиатни асраш бўйича саводхонлиги ошган ва шу сабабли ҳам қор қоплонларини ўлдирмай, уларни ушлаб тоғларга қўйиб юбориш ҳолатлари кўпайган.

Қор қоплони (илвирс) дунёнинг 12 мамлакати: Афғонистон, Бутан, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Мўғулистон, Непал, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистонда учрайди. Бутун дунёда қор барсларининг умумий сони 4,5 дан 8,5 минггача эканлиги тахмин қилинган. Тожикистонда оқ барсларнинг сони 400—500 атрофида ва улар денгиз сатҳидан 5500 метр баландликдаги Помир тоғларида учрайди.

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив