Хитой ҳукумати янги вирус ўчоғи ҳисобланган Ухань шаҳридан аҳолининг чиқишини тақиқлаб қўйди

Хитой ҳукумати янги вирус ўчоғи ҳисобланган Ухань шаҳридан аҳолининг чиқишини тақиқлаб қўйди

Хитой ҳукумати янги турдаги коронавирус тарқалган Ухань шаҳрига борувчи йўлларни ёпиб қўйди, деб хабар беради «Жэньминь жибао».

23 январдан Ухандаги аэропортлар ва темир йўл станциялари йўловчиларни ташимайди. Ҳукумат автомобиллар ҳақида ҳеч нарса демаган, бироқ Ухан аҳолиси муҳим зарурат бўлмаса шаҳарни тарк этмаслик ҳақида огоҳлантирилган.

Бундан ташқари, Уханда жамоат транспортлари, хусусан, автобуслар, метро ва паромлар ҳаракати тўхтатилган. Шаҳар аҳолисига ниқоб тақиш ва одамлар тўпланган кўчалардан нарироқ юриш тавсия қилинган.

Ҳукуматнинг таъкидлашича, бу каби чекловлар янги турдаги коронавируснинг тарқалишини назорат қилиш учун қўлланилмоқда. Транспортлар ҳаракати қачон йўлга қўйилиши номаълум.

Ўзбекистон ТИВ аввал ҳам Хитойда тарқалган вирус туфайли у ерга бормоқчи бўлган ўзбекистонликлар ва у ерда бўлиб турган фуқароларни эҳтиёткорликка чақирган. Ўзбекистон ССВ эса Хитойда тарқалган коронавирус туфайли чегарадаги санитар назоратни кучайтирганди.

Коронавирус хавфи туфайли Европанинг бир нечта компанияси охирги уч ҳафтада жиддий молиявий зарар кўрган. Хитойда коронавирус ҳақидаги маълумотларни яширган шахслар умрбод шарманда бўлишдан огоҳлантирилган, шунингдек, мамлакатда пластик пакет ва найчалардан фойдаланиш тақиқланган. Аввалига Хитойнинг Ухан шаҳрида оммавий туризм тақиқланди, кейинроқ Шимолий Корея коронавирус сабабли мамлакатга туристларнинг киришига тақиқ қўйган. Вирус сабаб Forbes’нинг энг бой одамлар рўйхатида етакчи алмашди.