Путин халққа мурожаатида нималар ҳақида гапирди?

Путин халққа мурожаатида нималар ҳақида гапирди?

Россия президенти Владимир Путин 23 июнь куни Россия халқига навбатдаги телемурожаат билан чиқди. Kun.uz ушбу мурожаатдаги асосий мавзуларни саралади.

Коронаинқироз ҳақида
Путин мурожаати давомида коронавирус инқирозининг бутун оқибатлари энди баҳоланишини айтди. Аммо у ишсизлик барча мамлакатлар учун энг катта муаммо бўлганлигини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, глобал эпидемия туфайли дунёда янги воқелик шаклланмоқда. Путиннинг айтишича, эндиликда хавфсизлик ва тараққиёт масалаларида ҳамма фақат ўзигагина суяниши мумкин.

Россияда ишсизлик ўсди
Россияликларга мурожаати давомида Путин ишсизлик масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат иқтисодиёти тўлиқ ишга тушмади, ишсизлик эса ўсди.
"Иқтисодиёт тўлиқ қувват билан ишга тушмади, ишсизлик эса ўсди. Қийинчиликлар ҳали чекинганича йўқ", - деди у.

Коронавирусга 17 миллионта тест ўтказилди
Владимир Путиннинг айтишича, Россия коронавирусга тест ўтказиш бўйича етакчилик қилмоқда.
"Тест ўтказиш ҳажми ошиб бориши ортидан ижобий динамика кузатилмоқда. Россия ҳар минг кишига тест олиш сони бўйича дунёнинг йирик мамлакатлари орасида етакчилик қилмоқда. Жами ўтказилган тестлар сони 17 миллиондан ошди", - деди Путин телемурожаатида.

У кенг миқёсдаги тест ўтказишлар ҳисобига касалликни эрта босқичда, ҳаттоки симптомларсиз кечаётган бўлса ҳам аниқлаш мумкинлигини қайд этди. Кўп топган кўп тўлайди, вояга етмаган ҳар бир болага эса 10 минг рублдан берилади

Россия президенти юқори даромад топадиган бой солиқ тўловчилар учун солиқ ставкалари оширилишини айтди.
Унинг маълум қилишича, бундай солиқ тўловчилар учун солиқ ставкаси 13 ўрнига 15 фоизни ташкил этади. Бунда оширилган ставка йилига беш миллион рублдан ошган даромад миқдорига нисбатан қўлланилади.

Тушган маблағлар камёб касалликларга чалинган болаларни даволашга сарфланади.
Янги солиқ ставкалари 2021 йил 1 январдан жорий этилади.

Бундан ташқари, Путин 16 ёшгача бўлган болаларга июль ойида яна 10 минг рублдан пул тўлашни таклиф қилди.
Бу қўллаб-қувватлаш чораси мамлакатдаги 28 миллион болани қамраб олади.