Хитой бир ўқ билан икки қуённи урмоқда, Ғарб эса норози...

Хитой бир ўқ билан икки қуённи урмоқда, Ғарб эса норози...

 Фото:«EPA»

Хитой томонидан қабул қилинган миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунга қарши Ҳонконгда намойишлар бўлиб ўтди. Хабарларга кўра, полиция 300 дан зиёд кишини ҳибсга олган. Намойишчилар расмий Пекин қабул қилган сўнгги қонундан норози.

Гап шундаки, Хитой яқинда Ҳонконгнинг ҳуқуқий тизимига доир қонун ҳужжатини қабул қилди. Таҳлилчиларга кўра, Пекин ушбу қонун воситасида бир ўқ билан икки қуённи урмоқда. Биринчидан, қонун мухтор мақомга эга ҳудуд аҳолисининг сиёсий ҳуқуқларини чеклайди. Демак, ажралиб чиқиш йўлидаги уринишларга чек қўйилади. Иккинчидан, миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳоланган жиноятларга умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин. Бу эса Ҳонконгда кўпдан буён давом этаётган аксилҳукумат намойишларини тўхтатишга хизмат қилади.

АҚШ ҳамда Европа мамлакатлари янги қонун лойиҳасини қоралаб чиқди. Ғарб мамлакатларига кўра, Пекин қабул қилган ҳужжат унинг халқаро битимлар бўйича зиммасига олган мажбуриятларига зиддир.

Фото:«Reuters»

1997 йилда Буюк Британия собиқ мустамлака ҳудуди – Ҳонконгни Хитойга топширди. Ўзаро келишувга кўра, расмий Пекин 50 йил давомида ҳонконгликларнинг ҳуқуқ ва эркинларини муҳофаза этадиган бўлди. 2047 йилга қадар Ҳонконгда «бир мамлакат – икки тизим» қоидаси амал қилиши эълон қилинди, аҳолига кенг сиёсий ҳуқуқлар, жумладан, сўз ва намойиш ўтказиш эркинлиги тақдим этилди.

Хавотирларга кўра, янги қонун бўйича ҳар қандай намойиш миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳоланиши мумкин.

АҚШ Давлат котиби «Хитой Ҳонконг аҳолисига 50 йил муддатга эркинлик ваъда қилган эди, аммо 23 йил ўтиб ваъдасини бузди» дея эътироз билдирди. Помпеога кўра, ёввойи қонун ҳудуд мухториятини йўққа чиқарди.

Канада ҳукумати ҳам Ҳонконгга отланган фуқароларини асоссиз ҳибслар эҳтимолидан огоҳлантирди.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон эса ҳонконгликларга қироллик фуқаролигини бериш жараёни осонлаштирилишини маълум қилди. Қайд этилишича, ҳудудда яшовчи 7,45 миллион аҳолидан 3 миллиони енгиллаштирилган тартибда Британия фуқаролигини олиш имконига эга бўлади. 

Ҳонконг борасида қатъий позиция намойиш этаётган расмий Пекин Ғарб мамлакатларини мамлакат ички ишларига аралашмасликка чақирди.

Фото:«AP»

Айни пайтда инглиз ҳуқуқ тизими амал қилаётган Ҳонконгда мустақил судьялар фаолият юритади. Янги қонун эса ҳудудда Хитойдаги каби халқ суд тизими жорий этилишига йўл очади.

Янги қонунга кўра, Хитой марказий ҳукумати ва минтақавий бошқарув идораларига нисбатан душманликни уйғотиш, транспорт объектларига зарар етказиш терроризм деб малакаланади. Шунингдек, мухтор ҳудудда тўғридан-тўғри Пекинга бўйсунувчи хавфсизлик идораси ташкил этилади.