Чиқиндилар муаммосининг ўзимизга боғлиқ оддий ечими

Ҳар биримиз мактабда таълим олган давримизда табиатда моддаларнинг айланиши мавзусида сабоқлар беришган. Агар эсласангиз энг оддий мисол тариқасида табиатда сувнинг айланиши, яъни унинг осмондан ёмғир ва қор шаклида ерга ёғиши, барча ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини эҳтиёжини қондириши, ортгани эса ер курррасининг икки қутблари ва тоғларда заҳира тариқасида тўпланиши, океан ва денгизлар юзасидан қуёш нури таъсирида буғ шаклида яна юқорига кўтарилиб булутларни ҳосил  қилиши ва ниҳоят яна ёғинлар кўринишида ерга қайтиши мисолида табиатнинг занжирсимон боғланган ўз қонуниятларидан бирини тафаккур этамиз. Табиатда инсонни бундай чуқур мушоҳадага чорловчи ҳодисотлар беҳисобдир.

Шу ўринда "инсон табиатнинг бир бўлаги” деган иборани ишлатамиз-ку, аммо унинг асл моҳиятини теран англай олмаймиз. Моддий жиҳатдан қараганда инсонни ташкил этувчи кимёвий элементлар ҳам инсонга ҳаво, сув, она сути, турли тамолар ва озиқ-овқатлар шаклида инсон танасига сингиган, унинг мушак, суяк, асаб, қон-томир тизимларини ва хатто дақиқа сайин ўсувчи соч-тирноқларигача ташкил этувчи моддий элементлардир. Вақти соати етиб руҳ танани тарк этиши  билан бу моддий вужуд яна  табиатга қайтади.

Бугун биз айни лаҳзаларда дунёдаги 7 млрд.дан ортиқ инсонлардан бири шакли-шамойилида мавжуд бўлсак, маълум вақт ўтгач бизни ташкил этиб турган моддалар парчаланиб, яна таьиатнинг абадий  қонуниятларига бўйсунган ҳолда коинот ва самовот кенгликлари узра айланаверади. Олимларнинг ҳисоблашларига кўра шу кунгача ер юзида тахминан 140 млрд.дан ортиқ одам дунёга келиб кетган.

Аммо шу кунгача неча ўн минг, балки юз минг йиллар давомида ер юзасида яшаб ўтган барча авлодлар ўзидан охирги юз йилда яшаган одам авлоди етказган зиённи табиатга (демакки, ўзига) раво кўрган эмасдир. Инсон тафаккури қанчалик ўсгани сайин у ўз кундалик ҳаётида қулай ва осон ечим топишга ҳаракат қилади, турли ихтиролар асосида янги моддаларни ишлаб чиқаради, аввал фойдаланилмаган заҳира ресурсларни, жумладан табиий манбалардан фойдалана бошлайди. Аммо ер курраси чексиз эмас, унинг бағридаги неъматларнинг ҳам ҳисоби бор, бундан ташқари улар фақат бизнинг  XXI асрда яшаётган авлодга фойдаланиш учун берилган эмас, унда келгуси яна қанча миллиардлаб авлодларнинг ҳаққи ва насибаси бор.

Шундай экан, аввало ўз ҳаёт фаолиятимиз, турмушимиз ва ишлаб чиқаришда ҳосил бўлаётган турли шаклдаги она табиат учун бегона бўлган чиқиндиларнинг ҳосил бўлишига бепарво бўлишга ҳеч кимнинг ҳеч қандай ҳаққи йўқ. Бугун шу заминда ерни гурсиллатиб юрган  инсон эртага оёқ остида макон топишини унутмаган инсон нафақат давлат ва жамият қонунлари, руҳий ҳаловат, балки шахсий маъсулиятини ҳис этган ҳолда амалда аввало ўзи намуна кўрсатиши лозим. Балки кимнидир ўз руҳий олами, "виртуал дунёси”, шахсий макони бўлиши, таомларва озиқ-овқатлардан энг сараларини танлаб  ва текшириб тановвул қилишлари мумкиндир, ҳаммо ҳеч кимнинг ўз шахсий табиий ресурслари, нафас олишга ўз шахсий ҳавоси ва чанқоғини қондиришга ўз шахсий сув ҳавзаси мавжуд бўла олмайди. Бундай имкониятларга хатто ўлимидан сўнг ўзларининг жонсиз танасини коинот бўшлиқларига "дафн қилишни” буюртма қилиб, таналарини парчаланишдан сақлашга интилаётган баъзи хориждаги сармоядорлар ҳам қодир эмасдир.

Шундай экан мавжудотларнинг энг акллиси бўлмиш инсониятнинг ҳар бир вакили  қайси жамият ва давлатда, қайси қитъа ва миллатдан бўлишидан қатъий назар ўзи мавжуд бўлиб яшаб турган маконнинг бир бўлаги сифатида унинг келажагига, унинг соф ҳолда сақланишига ўзининг хохиш-истагидан қатъий назар нафақат давлат ва жамият қонунлари, балки абадий табиат қонунлари асосида  мутлақ ва шак-шубҳасиз жавобгардир.

Ўзбекистонда табиатни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ қонунчилик тизими ишлаб чиқилган ва амалиётга киритилган.

Ҳар бир ташкилот, корхона,  ишлаб чиқарувчи ва  хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатувчи тадбиркор бир вақтнинг ўзида чиқиндилар ҳосил бўлишига бевосита (жуда бўлмаганда, билвосита) даҳлдордир. Хаттоки, жамиятимизнинг аъзоси бўлмиш ҳар бир инсон табиий ресурслар ва уларни қайта ишлаш натижасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан фойдаланади, табиат инъом этган неъматлардан тасарруф этади.

Тўғри, корхона ва ташкилотлар, юридик мақомга эга бўлган хўжалик субъектлари амалдаги қонунчилик талабларига асосан белгиланган тартибда ва миқдорларда компенсация тўловларини амалга оширадилар. Аммо бу билан чиқиндилар муаммоси ҳал этилмайди, чиқиндилар уюми эса ортиб бораверади.  Ҳар қандай юридик мақомга эга ташкилот  ёки тадбиркорлик субъектининг раҳбари – аввало ИНСОН, асосан етук, ўз соҳасининг билимдони, юқори малакали мутахассис, ўз жамоасида ва оиласида фарзандларига намуна бўла оладиган ташаббускор фуқаролардир.

Худди шу ўринда ғоят ғалати ҳолат кузатилади. Яъни чиқиндини ҳосил қилишга сабабчи кўпчиликни ташкил этган ҳолда, уни  йиғиш ва қайта ишлаш ва тўлиқ утилизация қилиш борасида кўпчилик маъсулиятни ўзидан соқит қилишни истайди. Бу билан гўёки, "муаммо меники эмас, демак уни ҳал этиш менинг мажбуриятим эмас” деган пассив позицияни эгаллайди.

Модомики, инсон ўз ҳаёт фаолияти ва ишлаб чиқариш сабабли юзага келган чиқиндилар муаммосини ҳал эта олмаётган экан, шунга тескари пропорционал равишда табиий ресурслардан фойдаланишда меъёр талаблари ва уларни иқтисод қилиш, тежамкорлик каби принципларга риоя этишни сўзссиз бажариши  лозим. Бу билан инсонни "Камроқ нафас ол ва ҳавони кам сарфла, бу билан оз миқдорда хавони углерод гази билан заҳарлайсан, ёки кам сув ич, бу билан чучук сув ресурсларини тежайсан” каби калтабин насиҳатлардан йироқмиз.

Хонадонимиздаги ва иш жойимиздаги сув жўмрагини ортиқча очиқ қолдириш ёки қувурдан оқаётган сув босимини заруриятсиз ошириш ўзимизнинг маблағларимизни ортиқча сарфланиши билан бирга ҳудудда канализацияга тушаётган оқова сув миқдорини ошишига сабаб бўлади. Бундай эҳтиёждан ортиқча ҳосил қилинган оқовалар ўз ўрнида тозалаш учун яна ортиқча  майдонлар, сиғимлар, мутахассис ва ишчилар меҳнати, молиявий маблағлар, махсус тозалаш иншоатлари  ва тозалаш учун турли кимёвий воситалар, ҳамда уларни барчасини молиялаштириш учун жуда катта маблағларни сарфланишини талаб этади.

Балки ташкилот раҳбарлари, тадбиркор ватандошларимиз, кекса-ёшларимиз, яъники, ҳар биримиз  ўз ҳаёт тарзлари ва меҳнат фаолиятларини юритиш давомида табиат неъматларидан фойдаланишда "бегона”лик тушунчасидан воз кечишимиз лозимдир. Зеро уларнинг барчаси ҳар биримизники, шу билан бир вақтда барчаникидир.

Аслида чиқинди тушунчаси бугунги кунда иккиламчи ресурс сифатида талқин этилади. Бу дегани чиқинди бўлиб тўпланган нарса аслида бирор ишлаб чиқариш учун зарур бўлган қайта ишлашга яроқли хом ашёдир. Чиқиндиларни қайта ишлашдаги техник ва технологик имкониятлар уларни тўлиқ қайта ишлаш имкониятини яратади. Бугунги кунда республикамизда кўплаб чиқиндиларни  қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар фаолият юритмоқда. Уларнинг фаолияти натижасида қоғоз, металлолом, пластмасса ва  ПЭТ–бутилка кабиларни йиғиш ва қайта ишлашда анча ижобий ўзгаришлар мавжудлигини эътироф этиш мумкин.  Аммо уларни сараланган  ҳолатда тўплаш асосий муаммодир. Ҳосил бўлаётган чиқиндиларни уларни кейинчалик қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга қайтариш мақсадида чиқиндиларни сараланган ҳолда чиқиндихоналарга топширишни таъминлаш зарур. Масалан, шаҳар аҳолисининг маиший чиқиндилари таркибида салмоқли улушни ташкил этувчи озиқ-овқат чиқиндилари ва шох шабблар, кузги мавсумда эса тўпланадиган хазонлардан бемалол экологик тоза усуллар билан органик ўғитлар олишда фойдаланиш  имкониятлари очилар эди. Бундан ташқари қурилиш ва таъмирлашда ҳосил бўлаётган турли қурилиш чиқиндиларидан ерни рекультивациялашда, ҳамда турли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда самарали фойдаланиш мумкин. Аммо уларни ўзаро аралашган ҳолатда чиқиндихоналарга ташланиши эса ушбу имкониятларни тўсиб қўяди.

Ушбу вазифани эса ҳар бир фуқаро қаерда яшаши ва ишлаши, ёши, жинси, дини, миллатидан қатъий назар табиатни муҳофаза қилишни назоратчи, маҳалла посбони, атрофдагилар кўриб қолишидан уялгани учун эмас, балки ўз виждони йўл қўймагани учун даҳлдорлик ҳисси билан ёндошиши талаб этилади. Шу ўринда яна муаммонинг асл сабаби чиқиндиларда  эмаслиги, балки инсонларнинг ўзига, уларнинг экологик тарбия маданиятига, яна ҳам  тўғрироғи ушбу тарбиянинг савияси пастлигида кўринади.

Нодира АЛИМОВА

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 23 03 2017 йил
0
1346

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига