Коррупциянинг илдизи қаерда?

Коррупциянинг илдизи қаерда?

Таълим ва тарбия жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳалари ривожига бирдек таъсирини ўтказади. Оила ва таълим муассасасида эгалланган бу икки ҳислат инсонни барча қинғир ишлардан, хусусан коррупция деб аталмиш иллатдан узоқроқ сақлайди. Том маънода таълим ва тарбия – “ҳалоллик вакцинаси” кафолати!

Ҳозирда дунёнинг деярли барча мамлакатларида коррупция ҳолатлари учрайди. Аммо қайсидир давлатда бу жиноят даражаси паст, бошқасида эса аҳолининг асосий қатлами мазкур иллатдан муттасил азият чекади. Яна шуниси аниқки, қаерда коррупцияга қарши самарали курашилаётган бўлса, ўша жойда тараққиёт, ижтимоий адолат ва фаровонлик таъминланмоқда. Албатта, буларга илмга бўлган эътибор, таълим сифатининг юқорилиги билан эришилаяпти.

Шу ўринда соҳалар кесимидаги коррупцияга тўхталсак.

Таълимдаги коррупция туфайли жамиятнинг барча касб эгалари билимсиз “мутахассис”лар қўлига ўтади. Бу иллатнинг мудофаа тизимида томирлаши мамлакат қудратини заифлаштиради, иқтисодиётдаги коррупция қашшоқлашувга олиб келади. Бугун мактабгача таълим тизимидан тортиб олий таълим ва ундан кейинги таълим тизимида ҳам коррупциоген ҳолатлар учраётганини биз билиб, сиз сезмай қолаётганингиз йўқ. Мазкур жиноят соғлиқни сақлаш тизимида кузатилса, мажруҳлик ёки бевақт ўлимлар ортади.

Сиёсатшунослар таъкидига кўра, давлат хизмати ходимларининг ўз маошидан қониқмаслиги, уларга ташкилотлар ва фуқаролар фаолиятига таъсир кўрсатувчи катта ваколатларнинг берилиши коррупцияни кучайтиради. Худди шундай давлат идоралари ишидаги ёпиқлик даражасининг кучлилиги, ўта “бесўнақай ҳисоботлар” тизими, қонун ижодкорлиги тизимининг очиқ ва ошкора эмаслиги, давлатнинг кадрлар билан ишлаш сиёсатидаги камчиликлар коррупцияни авж олдиради.

Жамиятдаги маданий тубанлашув, фуқароларнинг хабардорлик ва уюшқоқлик даражасининг пастлиги, ҳокимият тепасидагиларнинг ўзбошимчалигига нисбатан жамоатчиликнинг нофаоллиги ҳам бу жиноят омилларидир. Аммо коррупциянинг энг асосий сабаби мазкур ижтимоий иллатни тийиб турадиган ички ва ташқи сиёсий институтларнинг мукаммал эмаслиги ҳисобланади. Икки хил талқин қилинадиган қонунларнинг мавжудлиги, аҳолининг қонунларни билмаслиги ёки тушунмаслиги, мамлакатда сиёсий вазиятнинг беқарорлиги коррупцияга йўл очади. 

Ҳокимиятлар ўртасида ўзаро алоқа механизмларининг йўқлиги, бюрократиянинг ҳукмрон элита сиёсати билан уйғунлашуви, касбий нокомпетентлик, коррупция устидан назорат механизмларини сусайтирадиган пинҳона келишувлар шаклланишига олиб келадиган уруғ-аймоқчилик ва сиёсий ҳомийлик коррупцияни кучайтиради. Бундан ташқари, давлат секторида ишловчиларнинг иш ҳақи хусусий секторда ишловчиларникидан пастлиги, иқтисодиётнинг давлат томонидан тартибга солиниши, фуқароларнинг давлатга қарамлиги, муайян хизматларга нисбатан давлат монополияси, бюрократик элитанинг халқдан ажралганлиги, иқтисодий беқарорлик, инфляция, иқтисодий ривожланиш даражасининг пастлиги коррупцияни келтириб чиқаради.

Ушбу жиноят ижтимоий ҳодиса сифатида сиёсий ва иқтисодий мазмун касб этади. Сиёсий коррупция сайловчиларнинг овозини, мансаб ва лавозимларни сотиб олиш кўринишида намоён бўлади. Бу эса давлат қарорлари, стратегиялари ва ҳаракатларининг мақсадлари ва воситаларини танлашда амалдорлар ўзбошимчалигининг қонунийлаштирилишига олиб келади. Оқибатда давлат қарорлари сифати пасайиб, сиёсатда популизм устунлик қила бошлайди.

Субъектлар мақомига кўра коррупция ҳокимият органларидаги ҳамда хусусий сектордаги коррупцияларга бўлинади. Ҳокимият органларидаги коррупция ижроия, вакиллик ва суд органларини қамраб олади. Унинг замирида ҳокимият, шунингдек, нодавлат сектор ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш даражасидаги таъмагирлик ётади. Хусусий секторга кўра, коррупция давлат ҳаридлари, ер участкалари билан ўтказиладиган операциялар, солиқларни йиғиш, давлат ҳокимияти органларида масъул лавозимларга тайинлаш, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари соҳаларида кўп тарқалади.

Натижада сиёсий элита ва унинг теварагида жамланганлар бойиб бораверади. Аксинча, халқнинг турмуш даражаси пасайиб, эртанги кунга ишончи сусаяди, норозилик ортади.

Биздан 1200 йил аввал яшаган қомусий олим Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупциядир, дея таъкидлаган эди. 

Албатта, мамлакатимизда бу иллатга қарши кескин курашиш чоралари кўрилмоқда. 2020 йил 29 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу борада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш билан бирга, ана шу кўрсаткични яхшилаш устида ишлаб келмоқда.

Тадқиқотлар бирор-бир муаммога барҳам беришда энг самарали восита унинг ўзи билан эмас, балки сабаби билан курашиш эканини кўрсатади. Шу боис ҳам коррупциоген ҳолатларнинг илдизига асосий эътиборни қаратмоқ лозим. Энг аввало, коррупцияга қарши курашиш борасида оилада, боғчада, мактабда ўғил-қизларимиз онгига, руҳиятига тамагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки у жамиятимиз таназзули, иқтисодиётимиз орқага кетиши сабаби эканлиги ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб бормоғимиз лозим.

Хуллас, таълим ва тарбиянинг пухталиги келажакда ҳар қандай иллатга қарши курашишда “ҳалоллик вакцинаси” бўлиб хизмат қилади!  

 

Хусан АБДУНИЯЗОВ,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати