Жиззах шаҳридаги уйдаги ёнғин ўз вақтида бартараф этилди. Акс ҳолда...(фото)

Жиззах шаҳридаги уйдаги ёнғин ўз вақтида бартараф этилди. Акс ҳолда...(фото)

2020 йил 18 январь куни соат 11.16 да Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Жиззах шаҳар Сайилжойи маҳалласи 28-уйнинг 17-хонадонида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида маълумот келиб тушди.

Дарҳол ёнғин жойига ёнғин-қутқарув бўлинмалари юборилди.

Бўлинмалар ёнғин жойига етиб келганида хонадон тутун ичида қолганлиги, хонадон эшиги қулфланганлиги, ичкарида инсонлар қолиб кетганлиги маълум бўлди. Амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида хонадон ичида бўлган 1989 йилда туғилган фуқаро Б.Б. ҳамда 2013 йилда туғилган Т.Ш.лар қутқариб олинган. Ёнғин натижасида бир нечта кўрпа-тўшаклар ёниб зарар кўрган. Жабрланганлар йўқ.

Аниқланишича, хонадон эгалари вояга етмаган икки нафар фарзандини уй ичида қолдирган ҳолда эшикни қулфлаб, ўз ишлари билан кетишган. Назоратсиз қолган болаларнинг электр иситиш печига ёнувчи маҳсулотларни яқин қўйиши натижасида ёнғин келиб чиққан.

Эътиборлиси, уйга қайтган хонадон соҳибасининг ёнида эшик калитлари бўлмаган. Эшик мустаҳкам бўлганлиги сабабли, уй ичида қолган болалар дераза туйнуклари орқали қутқариб олинган. Хонадон кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашганлиги, деразаларда панжаралар бўлмаганлиги қутқарувчиларга тутун ичида қолган хонадон эгаларини қисқа муддатда қутқариб олиш имконини берди. Акс ҳолда ушбу ҳолат аянчли якун топиши ҳеч гап эмасди.
Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси барча ҳамюртларимизни юқоридаги ҳодисадан тўғри хулоса чиқариб, болаларни уйда қаровсиз қолдирмасликка, иситиш печларидан нотўғри фойдаланмасликка, қиш мавсумида ёнғин хавфсизлигига қоидаларига қатъий риоя қилишга чақиради.