Саёҳат учун йўналишлар сони тобора ошиб бормоқда. Бир мамлакат ўзининг диққатга сазовор масканлари билан машҳур бўлса, бошқаси ўзининг таомлари ва урф-одатлари билан танилган. Stuff.co.nz сайтида дунёнинг энг саёҳатбоп 10 шаҳри ҳақида маълумот берилди. Шуниси қувончлики, уларнинг орасида азим Самарқанд шаҳри ҳам бор.

Лиссабон (Португалия)

Лиссабонда бугунги кунда ҳукмрон ижобий муҳитни  сезмаслик мумкин эмас, зеро эски молиявий инқирозлар ва ишсизликнинг юқори кўрсаткичлари ўтмишда қолди.

Фото: 123rf

Бундай қарашнинг бир қисми туризм билан боғлиқ, чунки сайёҳлар Лиссабоннинг дўстона муҳити ва унча қиммат бўлмаган диққатга сазовор масканларига мафтун бўлишади. Альфамнинг анъанавий кафелли бинолари, Байрро-Альто йўлакчалари, Балемнинг кенг булвари ва Чиадодаги дўконлар ҳар қандай сайёҳ эътиборидан четда қолмайди.

Сеул (Жанубий Корея)

Сеулнинг фақат биргина камчилиги бор: у ҳам бўлса, КХДР етакчиси Ким Чен Инга яқинлиги. Қолган масалаларда Жанубий Корея пойтахти - космополит шаҳар.

Фото: 123RF

Сеулда сайёҳларга ёқиши мумкин бўлган нарсалар талайгина. Тарихсеварлар учун ибодатхоналар ва муқаддас даргоҳлар мавжуд. Харидорлар учун савдо марказлари ва бутиклар ишлаб турибди. Оқшомни мазмунли ўтказиш учун ресторанлар ҳам кўп. Бу ерларда корейс миллий таомлари билан бир қаторда қовурма жўжаларни татиб кўрасиз.

Гётеборг (Швеция)

Бугунги кунда Скандинавия (Европа шимолидаги тарихий-маданий минтақа)га саёҳат қилиш борасида ҳеч қандай муаммолар йўқ.

Фото: AP

Гётеборг дўстона шаҳар. Денгиз бўйидаги бу тарихий шаҳарни тадқиқ қилиш учун эски трамвайга ўтиришнинг ўзи кифоя - у сизни бозорлардан тортиб музейларгача, ресторанлардан тортиб барлар ва жонли мусиқа янгровчи масканларгача элитиб қўяди.

Лима (Перу)

Лима бой тарихга эга шаҳар. Кўп сонли жаҳонга машҳур музейлар, ноёб меъморчилик ва ажойиб жойлашув Перу пойтахтини сайёҳларбоп шаҳарлар сирасига киритиш учун арзирли сабаб.

Фото: AP

Бугунга келиб Лимадаги Виржилио Мартинес томонидан бошқарилувчи жаҳонга машҳур ресторан дунёнинг энг зўр 50 ресторани орасида 5-ўринни эгаллайди. Бу ерда гастрономик туризм яхши ривожланган.

Саппоро (Япония)

Сўнгги йилларда Саппоронинг энг саёҳатбоп туристик йўналишлардан бири сифатида қайд этилишига сабаблар талайгина. Япония тоғ-чанғи курортлари ва Саппоронинг жаҳонга машҳур Нисекога яқинлиги шулар жумласидандир.

Фото: SHUTTERSTOCK

Бу шаҳарни шунчаки транзит пункти сифатида кўриш тўғри эмас. Шаҳар Япониянинг гастрономик марказларидан бири ҳисобланади. Саппоронинг денгиз маҳсулотлари, ажойиб сут маҳсулотлари ва турли ичимликлари сайёҳларни бефарқ қолдирмайди. Шунингдек шаҳарда Япониянинг энг яхши ёзги фестиваллари ўтказилади.

Будапешт (Венгрия)

Дунай билан ажратилган Буда ва Пешт шаҳарлари ўзининг кўп сонли иншоотлари билан барча ёшдаги сайёҳлар учун аллақачон Шарқий Европанинг навбатдаги таниқли туристик йўналишига айланишга тайёр.

Фото: SALLY BURGESS

Будапештда ҳамма нарса оз-оздан бор - коммунистик даврнинг тарихий обидалари, меъморчилик мўъжизалари, дарё бўйидаги парламент биноси, сершовқин ва замонавий паблар ва ҳоказо.

Самарқанд (Ўзбекистон)

Саргузашт саёҳатларни севувчиларнинг кейинги йўналиши Самарқанд бўлиши керак. Қадимий Самарқанд Буюк Ипак йўлидаги энг асосий савдо марказларидан бири сифатида асрлар давомида сайёҳлар эътиборини жалб қилиб келган. Бугунга келиб Марказий Осиёга саёҳат қилишга қизиқиш ошиб бормоқда ва Самарқандда яна туристик "бум" кузатилмоқда.

Фото: JILL WORRALL

Самарқанд тарихи узоқ-узоқларга бориб тақалади, шаҳар ўз даврида Македониялик Искандар, Чингизхон каби машҳур саркардалар томонидан бошқарилган. Қадимий обидалар, мадраса ва мақбаралар, бозорлар сайёҳлар эътиборидан четда қолмаслиги аниқ. Самарқандда сизни бефарқ қолдирмайдиган сирли гўзаллик бор.

Болонья (Италия)

Болонья фақат таомлари билан машҳур эмас. У ерда ижодкор талабалар жуда кўп бўлиб, либерал атмосфера ҳукмрон. Бадиий галереялар, музейлар ва классик мусиқа янграйдиган масканларда вақтингизни мазмунли ўтказасиз.

Фото: AFP

Одамлар орасида "Болоньезе" номи билан машҳур рагу ҳам Болоньяни дунёга танитган. "Болоньезе" рагуси итальян пастаси учун гўштли соус. У анъанага кўра, Болонья аҳолиси томонидан сарҳил тальятелле ва лазанья билан бирга тайёрланади. Рагу камдан-кам ҳолатларда макаронлар ва пастанинг бошқа турлари билан бирга узатилади.

Остин (АҚШ)

АҚШнинг сайёҳлар орасида катта қизиқиш уйғотувчи  шаҳарлари кўп - Нью-Йоркдан то Лос-Анжелесгача, Чикагодан то Янги Орлеонгача. Техас штатидаги Остин "дунёнинг жонли мусиқа пойтахти" сифатида эътироф этилади.

Фото: JONATHAN MACKENZIE

Остин ўзининг мусиқаси ва таомлари билан машҳур. Шу билан бирга, шаҳарда ажойиб табиат манзараларидан завқ олиш мумкин. У ерда 300 дан ортиқ парк бор.

Аделаида (Австралия)

Жанубий Австралия пойтахти юқори сифатли хизмат кўрсатувчи ресторанлари, барлари, энг яхши фестиваллари ва пляжлари билан танилган. 

Фото: 123RF

Шундай бўлса-да, аксариятни Аделаидага жалб қилувчи омиллардан бири - унинг Австралиядаги энг яхши узумзорларга яқинлиги. Ярим соат Ғарб томон ҳаракатланинг ва сиз Аделаида тепаликларида пайдо бўласиз. Жанубга 45 дақиқа ҳаракатланинг ва ўзингизни McLaren Vale'да кўрасиз. Бир соат Шимол томон ҳаракатланинг ва Клэр водийсида пайдо бўласиз. Ажойиб!