Бухорода 24 ёшли қизни чўлда икки эркак билан жинсий яқинлик қилишга ундаган аёл қўлга олинди

Бухорода 24 ёшли қизни чўлда икки эркак билан жинсий яқинлик қилишга ундаган аёл қўлга олинди

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида 100 минг сўм эвазига 24 ёшли қизни чўлда икки эркак билан жинсий алоқа қилишга ундаган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов маълум қилди.


Таъкидланишича, туманнинг «Оқработ» маҳалласида яшовчи 40 ёшли аёл Н.Ч. 24 ёшли А.А.ни «Барака» маҳалласига қарашли чўл массивига олиб бориб, икки нафар эркак билан жинсий алоқа қилишга ундаган. Шарт-шароит яратиб бериши эвазига мижозлардан 100 минг сўм пул талаб қилган. Ҳолатдан чўл ҳудудида яшовчи фуқаролар хабар топган. Ва бу ҳақда зудлик билан Ғиждувон туман ИИО навбатчилик қисмига хабар берган.

2021 йилнинг 11 июль куни туман ИИО ФМБ вакиллари томонидан тезкор ҳаракат бошланган ва қисқа муддатда воқеа жойига етиб борган. Берилган маълумотга кўра, Н.Ч. 100 минг сўм пулни мижоздан олган вақтда қўлга олинган. Аввалига ўзини оқлашга уринган Н.Ч. ҳолат ойдинлаштирилгач, айбига иқрор бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 131-моддаси 1-қисми (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Таъкидлаш лозим, ушбу модда билан гумонланган фуқаронинг айби исботланса, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача (1 225 000 сўмдан 12 250 000 сўмгача) миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.