Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Ҳуқуқ
  3. Фарзанд асраб олмоқчиман…

Фарзанд асраб олмоқчиман…

сана : 23-05-2018   /   Ҳуқуқ   /   кўрилди: 155

Фарзанд асраб олмоқчиман. Фарзандликка олиш ва унинг ҳуқуқий асослари қандай?

– Фарзандликка олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида белгилаб қўйилган. 2013 йил 30 апрелда Ўзбекистон Республикасининг мазкур кодексининг "Фарзандликка олиш” деб номланган 20-бобига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб йўл қўйилади. Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик, ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади. Вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкинлиги, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланмаганлар, қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар, асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар, қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар бундан мустасно.

2016 йил 23 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга асосан Фуқаролик процессуал кодексининг 2853-моддасига ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг бошқа давлат фуқароси бўлган болани фарзандликка олишда республика ваколатли органининг розилиги, қонуний вакил ва бола қайси давлат фуқароси бўлса, ўша давлат ваколатли органининг розилиги, туғилганлик тўғрисидаги далолатномадан кўчирма, тиббий хулоса талаб этилади.

Агар бола ўн ёшга тўлган бўлса, фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади. Оила кодексининг 156-моддасида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Суднинг фарзандликка олиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб ўн кун ичида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари фарзандликка олинаётганнинг туғилиши қайд этилган дафтарга зарур ўзгартишлар киритиши лозим. Фарзандликка олишни расмийлаштириш учун ФҲДЁ органига суднинг ҳал қилув қарори, фарзандликка олувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, шунингдек, фарзандликка олувчи(лар)нинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари тақдим этилади.

Фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади.


Қандай болаларни асраб олиш мумкин?

— Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори (1999 йил 12 апрель) билан тасдиқланган "Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги низомга мувофиқ қуйидагилар фарзандликка олиниши лозим бўлган болалар сифатида ҳисобга олинади:

  • — ота-онаси вафот этган;
  • — ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган;
  • — ота-онаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган;
  • — ота-онаси болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган;
  • — ота-онаси бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар муассасалари ёки тиббий муассасалардаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган;
  • — ота-онаси тарбиялаш, даволаш муассасаларидан, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасасидан ва бошқа муассасалардан боласини олишдан бош тортган;
  • — ота-онаси бедарак йўқолган ёки вафот этган деб эълон қилинган болалар.

Фарзандликка олиш қай тартибда амалга оширилади ва кимлар бола асраб олиш ҳуқуқига эга?

— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар алоҳида иш юритиш тартибида фарзандликка олувчилар (олувчи), васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари, шунингдек, прокурор иштирокида суд томонидан кўриб чиқилади. Ака-укалар ва опа-сингилларни турли шахслар томонидан фарзандликка олишга йўл қўйилмайди, фарзандликка олиш болаларнинг манфаатларига мувофиқ келган ҳоллар бундан мустасно.

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар фарзандликка олиш тўғрисидаги аризани фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судига, фуқаролик ишлари бўйича вилоят ёки Тошкент шаҳар судига беради.

Сўнгра судга тақдим этиш учун (суд томонидан берилади) талаб қилинган рўйхат бўйича қуйидаги ҳужжатлар аризага илова қилинади:

Никоҳда турган шахслар(шахс) томонидан фарзандликка олинганда – фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасининг кўчирма нусхаси;

эр-хотиндан бири томонидан фарзандликка олинганда – бошқасининг розилиги. Агар эр-хотин оилавий муносабатларни тугатган, бир йилдан ортиқ бирга яшамаётган бўлса ва эрнинг (хотиннинг) яшаш (турган) жойи номаълум бўлса, шунингдек, бу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, фарзандликка олишда унинг розилиги талаб қилинмайди;

никоҳда турмаган шахс томонидан фарзандликка олинганда – фарзандликка олувчи паспортининг кўчирма нусхаси ва никоҳда турмаслиги ҳақидаги маълумотнома; фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) соғлиғи ҳолати ҳақида тиббий хулоса ( руҳий асаб касалликлари, сил касалликлари, наркология диспансери, шунингдек, ОИТСга қарши кураш диспанцерининг маълумотномалари); фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) иш жойидан эгаллаб турган лавозими ва иш ҳақи тўғрисида маълумотнома ёки бошқа даромад манбалари тўғрисида маълумотнома; турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат; фуқаро фарзандликка олишга номзод сифатида ҳисобга қўйилганлиги ҳақидаги ҳужжат.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг бошқа давлат фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш тўғрисидаги аризасига Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 185-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари бола қонуний вакилининг розилиги ва бола қайси давлат фуқароси бўлса, ўша давлат ваколатли органининг розилиги илова қилинади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш тўғрисидаги аризасига мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек, фарзандликка олувчи қайси давлат фуқароси бўлса, ўша давлат (бола Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан фарзандликка олинаётганда – ушбу шахслар қайси давлатда доимий яшаш жойига эга бўлса, ўша давлат) ваколатли органининг уларнинг яшаш шароитлари ҳақида ва фарзандликка олувчилар бўла олиш имкониятлари ҳақидаги хулосаси, тегишли давлат ваколатли органининг фарзандликка олинаётган боланинг ушбу давлатга кириши ва мазкур давлат ҳудудида доимий яшаши учун рухсатномаси, фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси вакилларига фарзандликка олинган бола ҳақида ахборот бериш ва бола билан мулоқот қилиш имкониятини бериш тўғрисидаги нотариал тасдиқланган мажбурияти илова қилинади. Чет эл фуқаролиги бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган фарзандликка олувчи шахслар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар белгиланган тартибда легализация қилиниши ёхуд уларга белгиланган тартибда апостиль қўйилган бўлиши керак. Бунда тақдим этиладиган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат тилига таржима қилинган ва нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Судья ишни судда кўришга тайёрлашда ажрим чиқаради, унга кўра фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги васийлик ва ҳомийлик органлари зиммасига фарзандликка олиш асосли эканлиги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида судга хулоса тақдим этиш мажбурияти юкланади. Васийлик ва ҳомийлик органининг фарзандликка олиш асосли эканлиги тўғрисидаги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиқлиги ҳақидаги хулосасига тегишли тартибдаги ҳужжатлар илова қилинади.

Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ишни мазмунан кўриб чиқиб, фарзандликка олиш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш тўғрисида ёхуд уни қаноатлантиришни бутунлай ёки қисман рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради. Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни суднинг ёпиқ мажлисида кўриб чиқади.

Фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади.

Вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин, қўйидаги шахслар бундан мустасно: ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар. Қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар. Асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар, қонун асосида белгиланган тартибда фарзандликка олганлиги бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар.

Фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлмаслиги шарт, ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳоллари бундан мустаснодир.


Болани васийликка ёки патронатга олишда қандай ҳужжатлар талаб этилади?

— Болани васийликка ёки патронатга олиш учун Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига ариза билан мурожаат қилинганда худди фарзандликка олиш каби белгиланган тартибда ҳужжатлар йиғмаси аризага илова қилинади.

Шунингдек, болани патронатга олишда белгиланган тартибда маълум муддатга шартнома имзоланади.

 


Ота-онанинг ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаши қандай тартибда амалга оширилади?

Ш. Бойназарова, Қашқадарё вилояти

— Ўзбекистон Республикасининг "Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги (№ 364 2014. 02.01.) Қонуни 26-моддасига асосан ота-онанинг ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақидаги аризаси болаларнинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига берилади. Ушбу ариза ёзилган сана кўрсатилган ҳолда уларнинг ўз қўли билан имзоланган ва нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак.

 Рукн бўйича маслаҳатчи: Амрулло АҲМЕДОВ, адвокат.

Умида АДИЗОВА тайёрлади.

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!