Тадбиркорнинг муаммоси ечилди

Тадбиркорнинг муаммоси ечилди

Карантин даврида иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Жиззах шаҳар прокуратураси вакиллари томонидан бу мавзудаги ҳар бир мурожаат ўрганилмоқда.  

Сир эмаски, коронавирус пандемияси ҳар бир мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир ўтказмоқда. Мамлакатимиз раҳбари томонидан карантин пайтида халқимиз учун қулайликлар яратиш, айниқса, тадбиркорларга кўмак кўрсатишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субьектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармон ҳам бу йўналишдаги вазифаларни янада жонлантирди.

Бу  фармонда банк-кредит масалалари билан боғлиқ муаммоларга ҳам ечим бор.

Яқинда Жиззах шаҳар прокуратурасига “Жиззах мега қурилиш технологиялари” масъулияти чекланган жамият раҳбари Ж.Аллаёров томонидан “Трастбанк” ХАБ Жиззах филиали томонидан пандемия муносабати билан кредит тўловларини қайтаришда имтиёзли давр бермаётгани ва мос равишда якуний тўловлар муддатларини узайтирмаётганлиги ҳақида мурожаат қилди.

Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида “Трастбанк” ХАБ Жиззах филиалининг ҳақиқатдан ҳам Президент фармонига асосан кредит тўловини кечиктирмаганлиги аниқланди. 2020 йил 12 июнда  банк раҳбари Ш.С. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 241-моддасининг 6-банди билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида қарор қабул қилиниб, кўриб чиқиш учун Жиззах шаҳар маъмурий судига  юборилди. Натижада суд томонидан банк раҳбари Ш.С. га жарима жазоси тайинланди.

Прокуратуранинг аралашуви тадбиркорнинг кредит тўловига 2020 йил октябрь ойига қадар имтиёзли давр берилишига сабаб бўлди.

 

                                                     Феруз Бекмуҳаммедов,

                                    Жиззах шаҳар прокурорининг ёрдамчиси,

                                                           3-даражали юрист.