Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали томонидан вебинар ташкил этилди

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали томонидан вебинар ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали томонидан  “Давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш жараёнлари ва истиқболлари” мавзусида вебинар ташкил этилди.

Вебинарда жами 36 нафар иштирокчи, шундан 30 нафари маҳаллий ҳокимликларнинг ташкилий назорат гуруҳи ҳамда ҳудудий давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар бўлинмалари раҳбарлари, 6 нафар Агентликнинг Жиззах вилояти филиали ходимлари иштирок этди.

Давлат фуқаролик хизматида ахборот коммуникацион технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига давлат фуқаролик хизматига қабул қилинишда очиқ мустақил танловларнинг адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилишини таъминлаш, ташкилотларда ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича ягона давлат сиёсатини юритишнинг бугунги кунда ҳаётий заруратга айлангани ҳеч кимга сир эмас. Ҳалқимиз бугун барча соҳаларда, жумладан давлат органлари ва ташкилотларида ишга қабул қилиш жараёнларининг очиқ, адолатли ва шаффоф тарзда амалга оширилишини истаётганлиги, соҳадаги коррупцион ҳолатларга тоқатсиз муносабатни шакллантиришнинг зарурлиги, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ислоҳотларнинг натижадорлиги кадрлар бўлинмалари раҳбарлари фаолиятининг самарали ташкил этилишига бевосита боғлиқ эканлиги вебинар мавзусининг долзарблигини кўрсатади.

Вебинарни очиб берган Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали раҳбари ўринбосари Б.Яхшибоевагентликнинг мақсади ва вазифлари, ташкилий тузилмаси, давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги мавжуд қонун лойиҳаси ва қонуности хужжатларитўғрисида умумий тушунчалар берди ҳамда вебинарнинг кадрлар бўлинмалалари раҳбарлари ва филиал ўртасида очиқ мулоқот майдони яратиши борасидаги аҳамияти тўғрисида ўз фикларини билдириб ўтди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар бўлинмалари фаолиятининг сифат таҳлилини “HR-метрика” технологияси асосида доимий равишда ўтказиб бориш, таҳлил натижаларини даврий равишда таққослаб бориш орқали ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш билан боғлиқ тизимли муаммоларни ва соҳа ривожланишига тўсиқ бўлаётган омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклифларни шакллантириб бориш ва соҳага “KPI тизими”ни, меритократия тамойилини, “Каръера модели”ни жорий қилиш натижасида эришиладиган самарадорлик борасида тушунчалар берилди.

Вебинар давомида сўзга чиққан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали раҳбари Э.Халбутаев бугунги кунда филалимиз фаолиятининг асосини ташкил этаётган очиқ мустақил танловлар ва уларни белгиланган тартибда, адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилишини сўзсиз таъминлаш бўйича тизимли ташкилий чораларни амалга ошириш, маҳаллий ҳокимият органлари ва келгусида барча давлат органлари ва ташкилотларига KPI тизимини жорий қилиш, давлат фуқаролик хизматчиларини малакасини ошириш ва аттестациядан ўтказиш, ҳудудий кадрлар бўлинмалари раҳбарларининг лавозимига тайинланиши ва лавозимидан озод қилинишидан аввал агентлик филиали билан келишишнингаҳамияти борасида ўз фикларини билдириб ўтди.

Давлат фуқаролик хизмати соҳасида ва кадрлар билан ишлаш йўналишида фойдаланилаётган ахборот тизимлари, уларнинг ўзаро интеграциялашган ҳолда ишлаш механизми, келгусида мавжуд ахборот тизимларидан самарали фойдаланишнинг устувор йўналишлари, тизимларни фойдаланувчилар учун янада осон ва қулай қилиб такомиллаштириш, жумладан, «ЯММТ» идоралараро дастурий-аппарат комплекси ва vacancy.argos.uz порталидан фойдаланиш усуллари тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилди.

Вебинар якунида ҳудудда давлат фуқаролик хизмати соҳасида мавжуд муаммо ва камчиликлар, хавф-хатарлар ва имкониятларни реал баҳолаш ва келгусида соҳани ривожлантириш юзасидан Агентлик филиали ва ҳудудий кадрлар бўлинмалари ўртасида ягона мулоқот майдони яратиш,ҳудудий давлат органлари кадрлар бўлинмалари раҳбарларининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалари ва таклифларини шакллантириш ва агентликка тақдим этиш борасида келишиб олинди.

О.Мелиев,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг

Жиззах вилоят филиали Кадрлар маъмуриятчилиги

бўлими бош инспектори