Тергов департаменти: 12 нафар қизни фоҳишаликка мажбурлаган аёл ушланди

Тергов департаменти: 12 нафар қизни фоҳишаликка мажбурлаган аёл ушланди

2018 йилнинг август ойидан жорий йилнинг октябрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида 44 ёшли О.К. Самарқанд шаҳрида жойлашган уйларнинг бирида К.У., Р.Э., А.А., К.А., М.Ф., Л.М., М.Ш., Г.М., М.Р., Ҳ.С., Д.Р. ва З.Б. ларга ижарага бошпана беришни ваъда қилиб, уларнинг фуқаролик паспортларини ғайриқонуний равишда эгаллаб олади.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, шу тарзда уларни ўзига қарам қилиб, тунги вақтда Самарқанд шаҳар Рўдакий кўчаси ва бошқа жойларида фоҳишалик билан шуғулланишларига мажбурлаб, уларни зўрлик билан ишлатиб, ҳар биридан кунлик 200.000 сўмдан 500.000 сўмгача пулни топиш режасини қўяди. Ушбу йўл билан топилган пулларни ўзида сақлаб, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлайди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан О.К., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми «Б» банди (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида юқоридаги шахсларнинг фуқаролик паспортлари тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳозирда О.К. жиноят иши доирасида ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми «Б,и» бандлари билан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси танланган.

Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.