Энди ким кўр?

– Ёмғир ёғаяптими?- Муқаддас эрининг саволига жавоб қайтармай, дераза ойнасидан бодом гуллари тўкилган йўлакка қаради. У ерда қора соябон тутган Рустам кўринди.

– Укангиз келаяпти, – деди деразадан кўз узмай.

– Шундай ёмғирда-я? – Ўктам сукут сақлади.–Рустам ўзи ажойиб йигит. Болалигидан мени яхши кўради. Мана ўзинг гувоҳ, кўзим ожизлашиб қолгандан бери кунора хабар олиб турибди.

Баҳор ёмғири чиройли бўлади. Баҳор ёмғири бешафқат. Бутоқларда жон ҳовучлаб турган ғунчалар тўкилди, йўллар лойга айланди, кўчада борган сари одамлар сийраклашиб, охири ҳеч ким кўринмай қолди. Уларнинг турмуш қурганига бир йил ҳам бўлгани йўқ. Икки ойча муқаддам Ўктам автофалокатга учраган эди. Жарроҳлик амалиётидан кейин эса кўзи кўрмайдиган бўлиб қолди. Аввалига бунинг вақтинчалигини таъкидлаган мутахассислар бир оздан сўнг бош чайқаб қолишди. Икки ҳафтача бурун қариндоши Собир Тошкентда бир таниш дўхтири борлигини айтди-ю, кўксида умид уйғонди. Кечагина сафардан қайтган эди у.

–Шундай кунда шартмиди овора бўлишинг?– деди укасига хижолатомуз йўсинда.

–Кеча меҳмонлар кўп эди, дуруст суҳбатлашолмадик.

– У дўхтирлар ҳам энди илож йўқ, деди, – Ўктам чуқур хўрсиниб қўйди.

– Собирдан эшитдим, – укаси

афсусли оҳангда гапирди.

– Ҳасса ва қора кўзойнак…

Бемаънилик!

Муқаддас ҳозиргина дамланган

чойни уч марта қайтаргач, пиёлаларга қуйди.

Рустам улардан бирини акасининг қўлига тутқазиб, чойга икки дона қанд ташлади.

– Шундай экан, нима қилардингиз бир неча кун ўша ерда қолиб? – суҳбатга

аралашди аёл.

– Ҳеч нимани кўрмасам ҳам шаҳар айландим, текис, равон йўллардан юрдим. Лекин… – Ўктам яна хўрсинди.

– Қадам қўйганим хато йўлга

ўхшайди. Пешонам-да!

– Ҳадеб куюнаверманг, – деди

Рустам таскин оҳангида. – Бугун бўлмаса эрта бирор чорасини топармиз.

Ўктам ширин чойдан ҳўплади, дастурхонни пайпаслаганича нон бўлагини олиб, оғзига солди.

– Ноумид шайтон, – деди нонни

чайнай туриб. – Лекин бошқалардан кам жойим борлигини ҳис қилишнинг ўзи даҳшат мен учун.

– Кўзи ожизларнинг ҳам яшашга ҳақи бор-ку, ака!

– Тўғри. Лекин менинг кўзим эмас, кўнглим кўрга ўхшайди.

Муқаддас қайнисига сирли нигоҳ ташлаб қўйди. У ҳам янгаси томон маъноли боқди. Фақат қора кўзойнак таққан Ўктамгина бундан мустасно эди, парво қилмай, пайпаслаб ушлаган ёстиғига бош ташлади.

Сукунат даҳшатли бўлади. Бир эмас, учта юрак уриб турган жойдаги сукут!

Кимдир сўзламоғи, кимдир тинглаши керак.

Фақат кўзлар сўзлашди. Янга ва қайнининг кўзлари! Кўзлар сирлашганда сўзлар ожиз қолади.

Сўзлар кўзлардан қўрқади.

Қўллар бир-бирига чирмашди. Бармоқларда титроқ бор. Қўллар қовушганда тиллар ожиз қолади. Тиллар қўллардан қўрқади. Бўйлар бўйлашганда ўйлар ожиз қолади. Ўйлар ўзин унутади. Ҳаяжон ҳижрондан қўрқади.

Ўктам қандай чўзилган бўлса, шу ҳолатда қимир этмай ётар, аммо унинг уйғоқлиги аён эди. Янга ва қайнининг эҳтирослари қанчалик жунбушга келмасин, улар овоз чиқариш ҳуқуқидан маҳрум эканликларини ҳис

қилиб турардилар. Висол бесадо

эди. Висол дилбар сўзлардан, иқрору изҳорлардан мосуво эди.

– Муқаддас!

Янга ва қайни чўчиб тушди. Аёл шоша- пиша ихтиёрсиз равишда сочларини тўғрилаган бўлди.

– Томоғим қақраб кетди, – деди Ўктам.

Қайнисига бир қараб қўйган Муқаддас титраётган бармоқлари билан чой қуйиб, пиёлани авайлаб эрининг қўлига тутқазмоқчи бўлди. Аммо унинг пиёла тутган қўли бир дам муаллақ қолди. Кутилмаганда Ўктам жиддий ҳолда кўзойнагини олди-ю, хотинига аччиқ кулимсираб қаради:

– Сочинг тўзғиб кетибди, рўмолингни тузат…!

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 31-03-2017, 17:43
0
579

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига