Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]

Фалокат... (Ҳаётий воқеа)

Cана : 25-04-2017   /   Ибратли воқеалар   /   кўрилди: 751

Бу воқеа куппа-кундузи – шундоққина кўз ўнгимда рўй берди...

Серқатнов йўл бўйидаги бекатда эл қатори автобус кутиб тургандим. Ўртадаги ўриндиққа ясланиб олган ўта замонавий кийинган, қош-кўзлари келишган кўҳликкина жувон гоҳ кўзгуга қараб лабини бўяр, гоҳ телефонда суҳбатлашар, лекин тинмай тортқиланаётган уч-тўрт ёшлар чамасидаги ўғилчасининг шўхликларига парво ҳам қилмасди. Аксинча, тез-тез унга "Ўчир овозингни, зумраша! Гаплашишга халақит бераяпсан!” дея дўқ уриб қўярди. Болакай эса танбеҳ эшитгани сайин баттар талтаяр, бекатнинг у бошидан бу бошига югурар, одамлар оёғи остида ўралашиб, ғашга тегарди.

Бир маҳал у кўчанинг нариги тарафига қаради-ю, бирдан қувониб кетди. "Ойи, қаранг, карусель! Ур-ра-а, мен каруселда учаман!” дея шодон қийқирганча, ўша томонга талпинди.

Айни лаҳзада сал наридаги чорраҳага ўрнатилган светофорнинг яшил чироғи ёниб, тўрт қаторга тизилган катта-кичик машиналар бирваракайига ҳаракатга келганди. Аммо аллақачон автобус тўхтайдиган майдончадан ўтган болакай хавф-хатарни ҳис этмай, йўлнинг қатнов қисмига қадам қўйганди. Бу ҳолатни кўриб аёл кўзлари қинидан чиққудек бўлиб, "Қайт, Зоҳиджон! Ортингга қайт!” дея жон алфозда қичқириб юборди. Ўрнидан сапчиб тураётганида қўлидаги телефон бир четга учиб тушди. Басма-басига чор тарафни машиналарнинг безовта сигнали-ю ғилдиракларнинг ғийқиллаган товушлари тутиб кетди.

Ана шундай қалтис дамда қорамағиздан келган ёшгина озғин йигит ниҳоятда ҳушёрлик кўрсатди. Чап қўлини баланд кўтариб, бекатга шитоб билан яқинлашаётган машиналарга "Тўхтанг!” ишорасини қилди-да, боланинг орқасидан югурди. Беш-олти ҳатлаб унга етгач, икки қўлтиғидан даст кўтарди. Сўнгра дарҳол ортига қайтиб, йўл четига олиб чиқди. Аммо охирги дақиқада ўзи чуқурга қоқилиб, юз тубан йиқилди. Худди шу пайт сал нарида бир томонга қийшайиб тўхтаган оқ "Нексия”дан кексароқ киши отилиб тушиб, унга ўрнидан туришига кўмаклаша бошлади.

Аёл эса аввалига югуриб бориб, бир четда ҳамон ҳеч нарсани англамай, ҳайрон бўлиб турган ўғлини бағрига босди. Кейин қўққисдан жаҳл отига миниб, важоҳат билан ҳайдовчига хезланди.

– Ҳов, аҳмоқ! – деди унинг ёқасидан маҳкам тутамлаб. – Оз бўлмаса, боламни босиб кетай дединг-ку, ифлос! Кўзингга қараб ҳайдасанг, ўласанми, эш-шак!

– Ўзинг-чи? – Ҳайдовчи ҳам бўш келмади. – Нега болангга қарамайсан? – деди бўғриқиб. Ёқасини аёлнинг чангалидан зўр бериб ажратаркан, қўшимча қилди. – Мен қоида бўйича белгиланган тезликда ҳаракатланаётгандим...

– Мен ҳозир сен безбетга қоида билан тезлик қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман! – Аёл унинг сўзини чўрт кесди-да, кутилмаганда юзига устма-уст шапалоқ тортиб юборди. Буям етмагандай, қарғишга зўр берди. – Ҳе, башаранг қурсин, оғзингдан қонинг келсин, овсар. Илоё, аварияга учраб, машинанг билан қўшмозор бўл, ҳезалак!

Мен оғзидан боди кириб-шоди чиқаётган аёлнинг шаллақилигига чидай олмадим.

– Ў-ў, синглим, – дедим уни инсофга чақириб. – Телефон билан андармон бўлиб, ўйинқароқ ўғлингизни буткул унутганингиз рост-ку. Нега энди ўз айбингизни бировга ағдараяпсиз? Нега отангиз тенги одамни сансираб, ҳақорат қилаяпсиз?

– Э, ўчир овозингни! – Жувон менга юзланиб, илондек вишиллади. – Ўргилдим сендақа қозидан... Аслида ҳамманг бир гўрсан! – Кейин ўғлининг қўлидан силтаб тортди. – Қани, кетдик, юр бу ёққа, жинқарча...

У боласини фалокатдан қутқарган йигитга раҳмат айтиш тугул қиё ҳам боқмади. Ўғлини судраб бориб, сал нарида турган таксига қарғана-қарғана ўтирди-да, хайр-маъзурни насия қилиб жўнаворди.

Мен йиқилганида қаттиқ лат емадимикин деган хавотирда ёғоч ўриндиқда нафас ростлаётган йигитга ўгирилдим. Ажаб, у тобора узоқлашиб бораётган такси ортидан маъюс боқиб, бошини сарак-сарак қимирлатар, адашмасам, ичини нимадир тимдалар, кекса ҳайдовчи эса унинг пешонасидан оқаётган қонни артиш билан овора эди...

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!