Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]

ТЎЙХОНАДАН ҚАЙТГАН КУЁВ...

Cана : 09-12-2017   /   Ибратли воқеалар   /   кўрилди: 716

 – Қизни олиб дугонаси шошмай турсин, ёр-ёрай, шошмай турсин...

 

– Куёв келди, куёв келди!

 

Доира чалиб "Ёр-ёр” айтаётган қизнинг қўшиғи чала қолди. Қизлар қий-чув қилишиб, ўзларини эшикка уришди. Ҳаммалари куёвни кўришга ошиқдилар.

 

– Вуй-й...

 

– Бўйининг узунлигини...

 

– Костюмининг чиройлилигини...

 

– Бўйинбоғига қара!

 

– Киройи куёвинг бўлса шундай бўлса-да...

 

– Бўлди қилинглар, уялмайсизларми? – деди доира чалган қиз. – Ойша эшитса нима дейди?

 

Қизлар келган куёв дугоналарининг қаллиғи эканлиги энди эсларига тушгандек хижолат бўлиб лаб тишлашди ва четга чиқиб, куёв ва унинг икки навкарини тўрга, чимилдиқ томонга ўтказиб юборишди.

 

Куёвнавкарлар бирпасдан сўнг куёвнинг бир ўзини чимилдиқда қолдириб, момолар тутган товоққа атаганларини ташлаб, чиқиб кетдилар.

 

– Ҳай, қақажонлар, куёв ҳаммангнинг ҳушингни олдими, дейман? – деди момо қизларга. – Бориб келинпошшани олиб келмайсизларми?

 

– Вой, эсимиз қурсин! – қизлар шовқин билан Ойша "беркитилган” уйга, унинг сирдоши Фотиманикига югуришди.

 

– Жим! – лабларига бармоқ босди Фотима тўполон билан кириб борган қизларга. – Ойша намоз ўқияпти.

 

– Қанақа намоз? – ҳайрон бўлди қизлар. – Шу бугун-а?

 

– Қанақа намоз бўларди, Шом намозини ўқияпти, – деди Фотима. – Халақит бермай туринглар!

 

Қизлар жим бўлишди. Ҳаммалари оёқ учида даҳлизга киришиб, очиқ турган эшикдан ичкарида намоз ўқиётган дугоналарини ҳавас ва ҳайрат билан кузатишди.

 

– Ойша намоз ўқишини билмас эканмиз, – пичирлади бир қиз.

 

– Вой, кийимларининг ярашганини қаранглар! – деди бошқаси.

 

Уй тўрида ўзи тиккан жойнамоз устида намоз ўқиётган Ойшага адрас куйлагу лозими, бахмал камзули, ияги остидан танғиб олган оппоқ ҳарир рўмоли ҳақиқатдан ярашиб турар, бу либослар уни янада жозибали кўрсатар эди.

 

– Ана шу кийимларида кетмоқчи куёвникига, бунисига нима дейсизлар? – пичирлади Фотима.

 

– Йўғ-е! – қизлар ҳайрат билан Фотимага тикилишди.

 

– Ҳа, бу унинг қатъий қарори, никоҳ куйлаги олиб келгани ҳам йўқ. "Унақа куйлакни икки дунёда ҳам киймайман”, деди, – пичирлади Фотима. – Жим, намозига халақит бермайлик!

 

Ойшанинг пичирлаб оят ўқишлари, ўта малоҳат билан оҳиста рукуъ ва саждаларга боришлари қизларни сеҳрлаб қўйди.

 

– Фа би аййи алаи роббикумаа ту каззибаан...*

 

***

 

Келинни кутиб анчагина муддат ёлғиз қолган куёвнинг на келиндан, на унинг дугоналаридан дарак бўлавермагач, тоқати тоқ бўлди.

 

– Мен энди шундоқ туравераманми, айтилмаган гадойга ўхшаб? – деди у овозини кўтариб чимилдиқ ортидагиларга қараб.

 

– Бунча бетоқатсиз, куёв, – деди бир аёл кулиб. – Чидайсиз-да, энди, айланай. Қиз боланинг нози бўлади. Пардоз-андози бўлади. Бесабр бўлманг, ўргулай!

 

Тўлқин яна "бир соат” кутди. Келиндан дарак бўлмади.

 

– Ҳой, бирор тирик жон борми? Бу ерга нимага келдик ўзи? – деди яна Тўлқин. – Келин келмайдиган бўлса жўраларимни чақиринглар, "Дурак” ўйнаб турайлик!

 

– Мен шашка ўйнашни биламан, ўйнайсизми? – деди бояги аёл. – Эрим билан ўйнаб турамиз, ютқизган ўптиради.

 

Аёллар гуриллаб кулиб юборишди.

 

Тўлқин жаҳл қилиб чимилдиқни суриб ташлади ва ташқарига чиқиб кетди.

 

– Қани, келинпошша қаерда? – деди у унга пешвоз чиққан жўраларига тишлари орасидан сўзланиб.

 

– Оғирроқ бўл, оғирроқ, – деди билагидан маҳкам сиқиб ушлаб, уни четроққа тортган тоғаси Иброҳим ака. – Сенга Худо берибди, жиян. Келин намозхон экан, қўшнининг уйида намоз ўқияпти экан.

 

Тўлқин тоғасига бироз ҳайрон бўлиб қараб турди-ю, тоғаси кўрсатган уйга қараб юрди. "Бирор ишкал қилмасин”, деган тоғаси ҳам унга қўшилди.

 

– "Солиҳа хотин динингизнинг ярми, қолган ярмига ўзингиз ҳаракат қилинг”, деганлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом, – деди Иброҳим ака жиянининг ёнида бораркан. – Келин танлашда адашмабсан, жиян, энди бу ёғига шу келинга муносиб бўл!

 

– Мен нима қилишим керак экан? – деди Тўлқин тоғасига ажабланиб қараб.

 

– Намозни ўрганиб олишинг керак, жиян. Келин намозхон экан, уйингга боргандан кейин намоз пайти кирганда у жойнамозга ўтса-ю, сен бир четда бургутга ўхшаб ҳурпайиб ўтирсанг ярашмайди-да, жиян. Битта гапни айтайми? Аслида никоҳ мусулмон одамга буюрилган, никоҳ иймонли кишилар ўртасида ўқилади.

 

– Йўғ-е, – ишонқирамади Тўлқин. – Менга никоҳ ўқилмайдими?

 

– Сенга ўқилаверади, сендан бошқаларга ҳам ўқилаверади, жиян, бошқа иложимиз йўқ. Беникоҳ эр-хотин бўлишмасин, ҳароми болалар кўпайиб кетмасин, деб муллалар никоҳ ўқийверишади, аммо бу никоҳ Аллоҳ таолонинг даргоҳида қабул бўладими йўқми ҳеч ким билмайди, жияним.

 

Ойша бор уйга кириб келишди.

 

Қизлар жим-жимгина ўзларини четга олишди. Тўлқин Ойша намоз ўқиётган уйга кирди-ю, Ойшанинг овоз чиқариб дуо қилаётганини кўриб тўхтади. Тоғаси дарҳол ўтириб дуога қўл очганини кўриб, оҳиста гиламга чўккаллади.

 

– Парвардигорим, Ўзингдан ўзга меҳрибоним йўқ, Ўзингдан сўрайман, мен бугун келин бўлиб бораётган хонадонни хайрли, баракотли қилгин! – дуо қиларди кўзида ёш билан Ойша. – Мен уларни яхши билмайман, аммо қайнотамнинг ҳам, қайнонамнинг ҳам, Сен менга муносиб кўрган жуфти ҳалолимнинг ҳам иймон-эътиқодли, инсофли кишилар бўлишидан умидворман. "Ҳар бирингизга ниятингизга яраша жуфти ҳалолни бераман”, деб ваъда қилгансан, ваъдасига вафодор Зотсан, менга муносиб кўрганинг жуфти ҳалолимни ҳам иймонли, тақводор, парҳезгар қилгин! Орзу қилганимдай хожа бериб, ундан орзу қилганимдай фарзандлар бергин, токи улар Сенга, динимизга хизмат қилсин! Имом Бухорийдай, Имом Термизийдай, Имом Мотурудийдай, Ҳазрат Навоийдай, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдай фарзандларни бергин! Ана шундай фарзандларга она бўлишимни насиб қил! Жуфти ҳалолимнинг ҳам ана шундай фарзандларга ота бўлишини насиб қил! Бошқасига рози эмасман, Аллоҳим! Қалбида ана шундай ниятлари бўлмаган эрга дучор қилганингдан кўра чимилдиққа етмай жонимни ол!

 

Тўлқиннинг аъзойи бадани жимирлаб кетди. Икки қўлининг билакларидан чумолилар галаси юриб ўтгандек бўлди. Қалбидан ўтган фикрлардан мияси қизиб кетди. Тўлқин шартта ўрнидан туриб, ташқарига йўл олди.

 

Тўлқин тўй бўлаётган уйга қайрилмай машиналар турган ерга борди. Уни кўриб, нима бўлди экан деб, ёнига келган йигитларга буюрди:

 

– Акромни чақиринглар!

 

"Мерседес”нинг эгаси бўлган Тўлқиннинг ўртоғи Акром келиб сўради:

 

– Тинчликми куёв бола, бирор жойга бориб келадиган бўлиб қолдикми?

 

– Мошинангни юргиз!

 

– Хўп, ўртоқ, дўқламасдан гапирсанг ҳам юргизаман!

 

– Кечир, дўстим, хаёлим ўзимдамас, – деди Тўлқин.

 

Тўлқиннинг машинага ўтириб кетаётганини кўриб, унинг ортидан етиб келган Иброҳим ака сўради:

 

– Нима бўлди, жиян, тўйхонадагиларга нима дейин?

 

– Тоға, ҳаммаларидан кечирим сўраб қўйинг! Мен сал шошилган эканман. Мен... менинг бу туришимда тўй бўлмас экан, тоға. Мен... мен ҳали тўйга тайёр эмас эканман, – деди Тўлқин ва машина юриб кетар экан, ойнадан бош чиқариб деди: – Тўй кунини бошқатдан белгилаймиз, тоға, келинингизга айтиб қўйинг!

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!