Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]

Онасини кўриб қизини ол...

Cана : 18-02-2018   /   Ибратли воқеалар   /   кўрилди: 391
Бир абитуриент қиз география факультетига кириш учун тест топшириб чиқди. «Саволлар қийин бўлмадими, қизим?» – деб сўрадим ундан. «Жуда қийин саволлар тушди», — деди у ҳеч иккиланмасдан. «Муаллимчилик касали» тутиб қолдими, ишқилиб: «Масалан, қандай савол?» — дея қизиқдим. «Масалан: «Қайси шаҳарлар нефтни энг кўп экспорт қилади?» — деган савол тушди», — деди. «Йўғ-э, — дедим мен, — «қайси мамлакатлар» дегандир?» «Йўқ, айнан «шаҳарлар» деган». Кейин ундан тест жавобларини айтишни сўрадим. «Кувайт, Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ», — деди. Мен унга: «Булар шаҳар эмас, ҳаммаси мамлакат-ку!» — деб ўтирмадим. Чунки у шаҳар билан мамлакатнинг фарқига борадиган даражада билим ёки ақл-фаросатга эга эмас эди...

Шу қиз ўткир бир йигитга турмушга чиқди. Орадан йиллар ўтиб, уларнинг мактабни битираётган боласини саволга тутдим. Амин бўлдимки, бунинг онг-тафаккури, билими, ақл-фаросати даражаси онасиникидан унчалар узоқ эмас.

Бола ўзини қизиқтирган ҳамма-ҳамма саволига аниқ-тиниқ жавоб олиши — шарт. Саволларига жавоб ололмадими, савол бермай қўяди. Савол бермай қўйдими, ақлий тараққиёт пастлай бошлайди. Бир ёшида олиши керак нарсани икки, икки ёшида олиши керак бўлган нарсани уч, уч ёшида олиши лозим бўлган нарсани тўрт ёшида... олса, тенгдошларидан орқада қоладими? Умумий ўрта таълим мактабини битирган айрим болаларнинг дунёқараши ва билим савияси баъзан бешинчи синфни тугатган бола даражаси қадар бўлиши ҳам мумкинми? Жуда мумкин-да.

Назаримда, ҳар бир киши умрининг охирига қадар онаси (ёки она ўрнидаги аёл) берган тарбия билан яшайди. Шунинг учун жамият маънавияти, маърифати, ахлоқ-одоби — аввало, оналар маънавияти, маърифати, ахлоқ-одобига чамбарчас боғлиқ. Жамият равнақи учун хотин-қизларнинг билим савиясини кўтариш, маърифатини ошириш, маънавиятини юксалтириш — ўта муҳим масала.

Илмда исботланганки, бола беш ёшигача умрининг охиригача оладиган жами ахборотнинг (демакки, ақлнинг) 70 фоизини олиб улгурар экан. Хўш, бола беш ёшига қадар онаси билан кўпроқ бўладими ёхуд отаси биланми? Албатта, онаси билан. Хўп, онада ахборот кўп бўлса, бола кўпроқ ахборот оладими ёки кам бўлсами? Онанинг дун­ёқараши — тор, илми — паст, тушунчалари — тубан бўлса, бола қаердан ахборот олиб, ақлини қандай ўстирсин?

Бу мулоҳазалар билан оилада оталарнинг ёш авлодни вояга етказишдаги ўрни ва масъулиятини заррача камситиш ёки инкор этиш фикридан бутунлай йироқман. Зотан, ҳамма нарса жуфт қилиб яратилган. Бу бола тарбияси борасида ҳам ўз аксини топиши зарур.

Жамиятнинг сиёсати, иқтисодиёти ва маънавияти бўлади. Оиланинг ҳам. Ота кўпроқ оиланинг сиёсати билан иқтисодиётини бошқарса, она унинг маънавиятига раҳбарлик қилади, десак, тўғрироқ бўлар.

Бир ота академик лицейни битираётган ўғлига: «Агар олий таълим муассасасига ўқишга кирсанг, машина олиб бераман», — дебди. Бола грантга кирибди. Отаси «Матиз» олиб берибди. Лекин ўша кундан кайфияти йўқ эмиш. Қандайдир аразлагандай, тушкун бўлиб қолибди, бўлар-бўлмасга ота-онасига зарда қиладиган одат чиқарибди. Суриштира-суриштира сабабини топишибди. Бор-йўғи шартнома асосида ўқишга кирган ўртоғига отаси «Ласетти» олиб берган экан. Норозилиги шундан эмиш...

Бу оилада сиёсат тўғри олиб борилган. Бола ўқишга қизиқтирилган. Мукофот ҳам ваъда қилинган. Натижа ҳам яхши бўлган. Яъни унинг меҳнати муносиб рағбатлантирилган.

Бу оилада иқтисодиёт масаласи ҳам — жойида. Эндигина ўқишга кирган ўғилга автомобиль олиб бериш учун моддий имконият яратилган. Аммо бу оилада маънавият тўғри изга қўйилмаган. Ҳаётда йиллаб ишлаб, «Матиз»га етолмаётганлар қанча. Болада катта ношукрлик бор. У машинага, барибир, жуда осон эришган. Шунга ҳам рози эмас. Ҳаётни билмайди. Бундан ташқари, қалбида ҳасад ниш урган. Бу иллат вақтида йўқотилмаса, ўта ёмон оқибатларга олиб келади. Ҳасад, аввало, ҳасадчининг ўзини ейди.

Камалакнинг ранги бир хил бўлмагани каби, оилаларимизнинг иқтисодий имкониятлари ҳам ҳар хил. Биров бой, биров ўртаҳол. Оилаларимизнинг иқтисодий аҳволи қандай бўлишидан қатъи назар, ота-она бир нарсага жуда жиддий қарашга мажбур: ҳеч бир фарзанд ўксиб ўсмасин! Ана ўша ўқишга кирган куни «Матиз»га эга бўлган бой оиланинг боласида ўксиш бор. Қайсидир фарзанд унинг ёшида қаттиқ меҳнат қилиб, қўли калтароқ ота-онасининг қаватига кирган, оиланинг моддий аҳволини яхшилашга қатъий бел боғлаган. Лекин унда ўксиш йўқ. Кам таъминланган оилада ҳам болаларни ўкситмай ўстириш мумкин. Афсуски, бой оилада фарзанд ўксиб вояга етиши ҳам мумкин экан-да.

Ўзбек бекорга кўришганда биринчи бўлиб оила, бола-чақани сўрамас экан. Биз таниганларимизнинг оиласи билан ҳам қизиқамиз. Ҳаётни кўраверганинг сари оила билан боғлиқ масалалар ҳам ҳаддан зиёд кўп эканига амин бўлар экансан.

Ғарбликларни маънавий таназзулга олиб борган, амалда оила муқаддаслигини ер билан яксон қилган «эркин муҳаббат» ғояси бизга ҳам кириб келганига анча йиллар бўлган. Халқимиз орасида хулқ тарбиясини асрий анъаналар ўзанидан чиқаришга уринишлар ана шундан дарак.

Оқибат нима бўлди?

Эллик ёшдаги отанинг фарзанди тенги қизга гап отишига кулибгина қараймиз. Бунга айрим қизларнинг ўзи ҳам мойил бўлиб қолаётгани бундан ҳам ёмон.

Тошкентдаги олий таълим муассасаларидан бирининг кўчадаги ошхонасида чой ичиб ўтирибмиз. Орқа столдаги уч-тўрт талаба қизнинг ўзаро суҳбати қулоққа кириб турибди. Бирови иккинчисига айтган гапини эшитиб, бошим қотиб қолди: 

— Декан ўринбосарининг қизи билан бир гуруҳда ўқийман. Хонасига қизи билан кирганимда ўзини сипо тутади. Ёлғиз кирдимми, бўлди, ҳар гал гап отади, ифлос. Бундай гап отгандан кўра, бир-икки имтиҳонимни ёпиб берсин!..

Шарт орқамга ўгирилиб: «Э қиз, бир-икки имтиҳонингни «ёпиб берса», у сени соғ қўядими?!» — дегим келди. Лекин бундай қилмадим. Чунки шундай дейиш даражасида тубанлик ботқоғига ботган маънавиятсиз қизга бу гап таъсир қилармиди?

Баъзан биз — катталарнинг ўзимиз ёшларимизга ўрнак бўлиш ўрнига, маънавиятсизликка эшик очиб бер­япмиз. 1978 йил эди. Катта бир олий таълим муассасаси залида таниқли бир олимнинг эллик ёшлиги нишонланяпти. Таомилга кўра, юбилярнинг ёнида мамнун бўлиб хотини ҳам ўтирибди. Сўзга чиққанлар унинг ёстиқдоши ҳақида айтаётган илиқ гаплардан хурсанд экани шундоққина юз-кўзида акс этиб турибди. Шунда вилоятларимизнинг биридан келган ўттиз беш ёшлардаги чиройли, келишган, ўта бийрон бир жувон сўзга чиқиб, устозини оғиз кўпиртириб мақтай кетди. Баландпарвоз нутқининг охирида:

— «Азизлар! Келинглар, сизларнинг ҳузурларингизда мен устозимни битта ўпай», — деди-да, шахдам қадамлар билан юбилярнинг рўпарасига бориб, бўйнига обдон осилганча юз-кўзидан чўлп-чўлп ўпди.

Олимнинг ёнида ўтирган хотинининг авзойи бузилди. Лабига кулги бормай қолди. Тантана унинг учун мотамга айланди. Уйда нима ҳолат кутаётганини тасаввур қилиш қийин эмас эди.

Динимизда эри бор аёлнинг номаҳрам эркакни ўпиши у ёқда турсин, турмуш қуриш учун кўришаётган йигит-қизнинг қўл ушлашига ҳам рухсат берилмайди. Биринчидан, ҳали тўйгача анча бор. Иккинчидан, ҳали бу иккаласи ўртасида тўй бўладими-йўқми?.. 
Султонмурод ОЛИМ

Манба: od-press.uz dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!