Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]

Хиёнатнинг "аччиқ жазоси"...

Cана : 03-03-2018   /   Ибратли воқеалар   /   кўрилди: 472

 

Ойсулув момо каттакон ҳовлида келини Нозигул ва набираси Баҳодир билан бирга яшайди. Ўғли Анварнинг хорижга кетганига эса бир йилдан ошди. Баҳодир отасини соғиниб инжиқлиги кўпайган, Нозигул ҳам одамови бўлиб қолганига анча бўлди. Қачон қараманг, хонасига қамалиб олган. Ойсулув момо шулар ҳақида ўйлаб юраги сиқилади. Анвар билан бир-икки гаплашганида ўғлига бу ҳақда айтди. У «Хўп-хўп», дея онасини овутиб қўйди-ю, аммо «Келаман», демади. Узун ўйлар гирдобида юрган момо бугун ҳам эрта тонгдан ҳовлидаги ишларга уннади. Нозигул эса у-бу нарса қилган бўлди-да, йўлга отланди. Дарвозага томон одимларкан, нимадир ёдига тушгандек тўхтаб, ортидан жимгина кузатиб турган қайнонасига юзланди:


— Айтгандек, ойижон, ўғлингиз пул жўнатибди. Шуни олиб келай. Тез қайтаман.

Ойсулув момо ҳафсаласизгина оғир хўрсиниб:

— Ҳа, яхши бориб келинг, — деди-ю кўнгли оғриди. Кеча ўғли билан гаплашганида Анвар онасига пул ҳақида оғиз очмаганди. Боз устига, келини ҳам йўлга отланиб, сўнг бу ҳақда айтгани унга оғир ботди.

* * *
Кун пешиндан оққан бўлишига қарамай, Нозигулдан дарак йўқ эди. Баҳодир эса дарвоза ёнида ўтирганча онасини интизорлик билан кутарди. Ойсулув момонинг ҳам икки кўзи кўчада, қўли ишга бормасди. Нозигулдан эса ҳамон дарак йўқ, бундан момонинг кўнглига ҳадик оралаб хаёлидан минг хил ўй ўтарди. Ниҳоят, қуёш уфққа бош қўяётган бир пайтда Ойсулув момо ортиқ уйида ўтиролмай, кўчага чиқди. У қўшниларидан телефон сўраб, келини билан боғланмоқчи эди. Шу пайт узоқдан келаётган келинини кўрди. Кейин ичкарига кириб, унинг етиб келишини кута бошлади. Нозигул ҳовлига қадам қўйиши билан додлаб йиғлаб юборди. Онасининг олдига югуриб чиққан Баҳодир турган жойида қотиб қолди. Ойсулув момо нима қиларини билмай қўрқиб қолган набирасини бағрига босди. Кўзлари жавдираб келинига термилди. Нозигул бироз ўзини тўхтатиб, йиғи аралаш гапира бошлади.

— Пулни олиб, банкдан чиқиб, уйга қараб жўнадим. Кўчада машиналар ўтиб-қайтгани билан пиёдалар кам экан. Йўлакдан юриб бекат томон келаётгандим, ортимдан кимдир келиб, итариб юборди-да, сумкамни олиб қочди. Кечгача милиция билан шаҳарда бормаган жойим, сўрамаган одамим қолмади. Еру кўкда йўқ. Энди нима қиламан? Ким деган одам бўлдим?!

Бу сўзларни базўр айтган Нозигул қайнонасини қучоқлаб, тағин додлади. Ойсулув момо келинининг кўз ёшини артиб:

— Қўйинг, дунёларига ўт тушсин, илоё. Йиғламанг, болани қўрқитасиз. Жонингиз соғ бўлса, пул топилади, — дея келинига тасалли берди.

Нозигул қайнонасининг гапларидан бироз ўзини ўнглаб, Баҳодирнинг пешонасидан ўпиб, хонасига кириб кетди. Қайнонасининг: «Чой ичмайсизми?» деган саволига. «Мазам йўқ», деб жавоб берди ва хонани ичкаридан қулфлаб олди.

* * *
Кўп ўтмай борлиқни тун зулмати қоплади. Бу зулматда зўрға йўл топиб келаётган шарпа очиқ қолдирилган дарвоза қаршисида тўхтаб, чўккалаб ўтирди-да йўлнинг икки томонини зимдан кузатди. Ҳеч қандай ҳаракат сезилмагач, дарвозадан кириб, баланд уйнинг деразасини чертди. Дераза очилиб, ичкаридан таниш қўл узалди. У шу қўл ёрдамида хонага кириб олди. Иккаласи қоронғу хонада қўл ушлашиб анча туриб қолишди. Сукутни эркак бузди.

— Хўш, ишонишдими?

— Ишонмай ўлибдими?!

— Анави-чи?..

— Ҳа, Анвар акамми? Униям ишонтирдим. Онаси шундоқ-шундоқ, деб тургандан кейин қаерга борарди?!

Бу жавобдан сўнг эркак ўзини эркин ҳис қилиб, ўтирган жойида узала тушиб ёнбошлади.

— Рустам ака, энди нима қиламиз?

Нозигулнинг овозида ҳадик ва ҳаяжон бор эди.

— Режа бўйича иш кўраверамиз. Шундай қилиш керакки, ҳеч ким биздан шубҳаланмасин, — деди Рустам.

Рустам иккаласи шаҳарга бориб, ўзлари учун бахтли ҳаёт бошлашга келишиб олишгач, Нозигул тузалмас дардга йўлиқди. Уч кун ҳатто ўрнидан ҳам турмади. Ниҳоят, бироз ўзини ўнглаб олгач, ўғрини топиш учун шаҳарга жўнади. Режа бўйича бу вақтда Рустам ижарага уй олган бўлиши ва ўша жойда иккаласи ҳам иш топиб, янги ҳаёт бошлаши керак эди. Рустам Нозигулдан икки ёш катта бўлса-да, ҳали уйланмаганди. У Нозигулни илк бора кўрганидаёқ ёқтириб қолган ва доим у-бу баҳона билан уларнинг уйига чиқиб турарди. Нозигул эса эри хорижга кетгач, ўзгариб қолди. Бу ўзгаришни сезиб турган Рус­там жувон томон илк қадамини дадил қўйди. Нозигулдан ҳам шунга яраша жавоб бўлди. Шу билан иккаласи топишди-ю, ўзларини ҳаётнинг беаёв синовига дуч келган ғариблардай тута бошлашди. Мана, энди осонгина қўлга киритилган пул уларга янги ҳаёт эшигини очиб берди. Аслида, Рустам бирор жойда ишламас, қачон қараманг, кўчада қиморбозларни йиғиб ўтирарди. Унинг бирдан ғойиб бўлиши ва Нозигулнинг эса пулни ахтариб шаҳарга кетиши, шунингдек, у ерда бир-икки кун ушланиб қолиши атрофдагиларда шубҳа уйғотди. Нозигул эса тинимсиз қайнонасига қўнғироқ қилар, ўғрини излаётгани ва ҳатто талончининг изига тушишгани, энди уни далил билан қўлга олиш кераклиги, бунинг учун шаҳарда бўлиб туришини айтарди. Ойсулув момонинг кўнгли бу гаплардан негадир ғашланар, лекин келинига ҳеч нарса демасди. Қайнонасини ишонтирганига шубҳа қилмаган Нозигул ўз ишидан мамнун, бахтдан масрур эди. У ўзини Лайлидай ҳис этар, уларнинг муҳаббати эса бахтли хотима топишига шубҳа қилмасди. Аммо кунлар ўтгани сари пул камайиб борар, Рустамга эса ҳамон иш топилмасди. Эрталаб ижара уйдан чиқиб кетадиган Рустам кечга кириб келар, сўнг бугун ҳам иши юришмаганини айтарди. Бундан Нозигулнинг ҳафсаласи пир бўлар, қандай бўлмасин тезроқ иш топмаса бўлмаслигини уқтирарди.

Бу орада Нозигулдан хавотир олган қариндошлари уни ахтариб шаҳарга келишди. Энди бу ишни бир ёқли қилиш кераклигига ақли етган Нозигул қайнукасини шаҳарда кўриб, унинг қўлига хат тутқазди. Нозигул хатда бор гапни рўйи рост ёзди, фақат у кимга кўнгил бергани-ю, энди қаерда яшаётганини айтмади. Бу хабарни эшитган Ойсулув момо қулоқларига ишонмай, қон босими ошиб шифохонага боришга мажбур бўлди. Қизининг бундай йўл тутишига ишонмаган Нозигулнинг ота-онаси унга қўрғироқ қилди. Нозигул онасига эшитганлари ҳақиқат эканини айтди. Зеро, энди у бутун умрини Рустамга бағишлашга қасам ичганди. Бу хабарни эшитган отаси у томонда туриб:

— Иккалангни ҳам ўлдираман, ернинг тагидан топиб бўлса ҳам, кунингни кўрсатаман! — дея бақирди.

Боягина онасига:

— Мана энди бахтимни топдим. Мени бу йўлдан ҳеч ким қайтаролмайди, — деётган Нозигул отасининг пўписасидан чўчиди.

Рустам эса лоқайдгина қўл силтаб:

— Ҳеч ким барака топ, яхши иш бўлибди, демайди-ку. Аввал бақиради. Кейин кўникади. Вақт ўтгач, унутиб ҳам юборади, — деди.

Нозигулга Рустамнинг бу гаплари бироз бўлса-да, далда берди ва:

— Ҳамма айб ўзларида, — деди ота-онасини назарда тутиб. — Аввал бошдан мажбурлаб эрга беришмасин эди.

* * *
Эрта тонгда уйғонган Нозигул Рустамнинг йўқлигини кўриб ҳайрон қолди. Кейин «Иш ахтариб кетган бўлса керак», деган хаёлда газга чой қўйди. Сўнг нонушта қилиб, одатдагидай кўчага чиқди. Улар уй эгасига ўзларини фарзандсизликдан қийналиб даволанишга келган эр-хотин деб таништиришган, шу сабаб кундуз кунлари «Шифохонага кетдик», деб уйда қолишмасди. Нозигул боши оққан томонга юриб, шаҳар айланди. Кечга яқин ижара уйига йўл оларкан, Рустамга қўнғироқ қилди. Аммо боғлана олмади. Нозигул анча уриниб Рустам билан телефонда гаплаша олмагач, бир ўзи уйга қайтди. Овқат тайёрлаб, Рустамни кута бошлади. Аммо ундан дарак йўқ эди. Бир пайт нарсалари камайиб қолганини пайқади. Бундай қараса, хонада Рустамга тегишли ҳеч нарса қолмабди. Бундан даҳшатга тушган Нозигул Рустамга қайта-қайта қўнғироқ қилар ва доим телефон аппарати ўчирилгани ҳақида хабар эшитарди. Шу пайт пастки қаватда турадиган уй эгаси келиб Нозигулга: «Эрингиз эрталаб бериб қўйишимни айтганди», деб конверт тутқазди. Нозигул конвертни шошиб очди. Унда Рустам ёзган бир энлик хат бор эди. Хат қисқа ва кескин ёзилганди.

«Мени излаб овора бўлма. Пулнинг қолганини олиб кетдим. Бир кунингни кўрарсан. Мен ҳақимда бошқаларга айтмасанг, ўзингга яхши бўлади».

Нозигул бу хатни ўқиб даҳшатдан қотиб қолди. У энди қаёққа боришини билмас, кўз олдини эса чек-чегараси йўқ зулмат қоплаганди.
Қувончбек ХУДОЙШУКУР

Манба: hordiq.uz dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!