Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Ибратли воқеалар
  3. «Эрим телефонида беҳаё нарсалар кўради, бу камдек уларни…»

«Эрим телефонида беҳаё нарсалар кўради, бу камдек уларни…»

Cана : 04-03-2018   /   Ибратли воқеалар   /   кўрилди: 380

 

Давралардан бирида таниш аёл ҳасрат қилиб қолди: «Эрим телефонида беҳаё нарсалар кўради, бу камдек уларни ўртоқлари билан "олди-берди” ҳам қилади. Бегона аёллар билан гаплашади, ёзишади. "Бундай қилманг”, десам, "Мен эркакман!” деб осмондан келади. Қайнонамдан ўғлига насиҳат қилишини сўрадим. Жавобини эшитиб эса анграйиб қолдим: "Эркак кишига айби йўқ, қизим. Йигитчиликда бўлади-да бундай ишлар, эътибор берманг».


Бу хулосада суҳбатдош аёлнинг қайнонасига ҳамфикрлар кўп бўлмаса ҳам, етарлича бор. Ваҳоланки, гуноҳнинг жинси бўлмайди. Яъни, зино ёки зинога олиб борадиган ҳолатлар (очиқ-сочиқлик, аралашиб юриш)га фақат аёлга ҳаром, эркакка ҳалол деб қараш асло исломий тушунча эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда огоҳлантиради: "(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан)сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан)сақласинлар!” (Нур, 30–31).

Пайғамбар (а.с.) эркак ва аёл – жамиятнинг икки асоси бир-бирига қанчалик таъсир кўрсатишини қуйидаги ҳадиси шарифда очиқ-ойдин баён қиладилар: "Сиз эркаклар иффатли бўлсангиз, аёлларингиз ҳам иффатли бўлади” (Табароний ривояти).

Бир ғалати ҳолат бор – фаҳш суратми, лавҳагами аёлларнинг қараши уят саналади. Уларни эркаклар кўриши, ҳатто муносабат билдириши эса ғоят табиий қабул қилинади. Сўкиниб гапириш ҳам шундай. Яна жудаям мантиқсиз манзара – эркак киши ўзига ҳалол билган ҳаёсизликлардан аёли, фарзандлари ёки яқинларини қаттиқ ҳимоя қилади. Гўё унга мумкину буларга мумкин эмасдек. Аслида эса, шариатимиз ҳар қандай бузуқлик, фаҳш ишлар, сўкиниш каби гуноҳлардан ҳаммани баробар қайтаради.

Пайғамбар (а.с.) эркак бўлганлари ҳолда Ҳақ таолодан дуоларида тақво ва иффат сўрардилар. Ойша онамиз (р.а.) айтади: "Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг кичкина тиллари кўринадиган даражада қаҳқаҳа отиб кулганларини кўрмадим. Фақат табассум қилардилар. Яна у зот уйида ҳам ҳижоб тутган ёш қиздан-да иффатли ва ҳаёли эдилар”.

Пайғамбар (а.с.) аёлларни сатри аврат борасида жуда кўп бор огоҳлантирганлар. Эркакларга эса мазкур хусусда шахсан ўзлари намуна кўрсатганлар. Ҳадислардан маълумки, Расулуллоҳ (с.а.в.) яшил ва оқ рангли либос кийишни яхши кўрганлар. Ҳеч қачон аъзоларни билдириб турадиган даражада тор кийимлар киймаганлар. Эркакларни аёлларга хос қизил ва ёрқин рангли либосларда юришдан қайтарганлар. Сонни очиб юрмасликни, ҳатто ўликнинг ҳам сонига қарамасликни насиҳат қилганлар. Қорин ва икки тизза ораси эркак кишининг аврати эканини айтганлари ҳолда, ўша белгиланган аъзолардан тепаси ёки пастини ҳеч қачон очиб юрмаганлар.

Бироқ бугунги кундаги мусулмон эркаклар кийимларига назар ташласак, мазкур насиҳат ва қайтариқларга терс ҳолатларга гувоҳ бўламиз: тор шимлар, ранго-ранг кўйлаклар, тиззадан анча юқорига чиқиб кетган шортиклар, илма-тешик майкалар…

Қуръони карим иффатнинг ташқи кўриниши сифатида авратларни беркитишни буюради, шу билан бирга, "тақво либоси” ҳақида сўз юритади: "Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир…” (Аъроф, 26). Бу огоҳлантириш ҳам эркак-аёл – барча мусулмонларга тегишли.

Қуръони карим фақат огоҳлантириб, буйруқ бериб ёки тақиқ қўйибгина қолмай, буларни ҳаётга қандай татбиқ этишни ҳам "жонли мисол”лар билан кўрсатади. Каломи шариф бизга тақдим қилган икки иффат тимсоли бор: аёллардан ҳазрат Марям, эркаклардан ҳазрат Юсуф. Мазкур қиссаларни ўқир эканмиз, ҳам жисман, ҳам қалбан тақво либосида яшашнинг мукофоти қанчалар улуғ эканига гувоҳ бўламиз. Мавзумизга кўра, Қуръони каримда "аҳсанул қасас”, яъни "қиссаларнинг энг гўзали” деб ном берилган ҳазрат Юсуф қиссасига тўхталамиз. Юсуф (а.с.)ни отаси Яъқуб (а.с.) бошқа болаларидан кўпроқ яхши кўрарди. Табиийки, бу ҳасадни вужудга келтиради. Юсуф оға-инилари томонидан чуқурга ташланади. Аллоҳ ёрдами билан чуқурдан қутулиб, Мисрга боради, қул бозорида сотилади. Уни сотиб олган Миср азизининг саройида хизмат қила бошлайди. Юсуфнинг ҳуснига мафтун бўлган Миср азизининг хотини у зотга турли тузоқлар қўйиб, нафсини қондиришни истайди. Юсуф эса аёлни рад қилади, бундан кўра зиндонда ётишни афзал билади. Тақвоси, ихлоси, самимияти билан илоҳий мукофотга эришади, нубувват ва салтанатга ноил бўлади.

Қиссадан ҳисса, иффатлиликнинг мукофоти тайин. Ҳаёсизликнинг жазоси ҳам. Ва бу фақат аёлларга хос эмас. "Йигитчиликда айби йўқ”, "Эркак кишига жин ҳам урмайди”, деган даъволар тамоман пучдир.
Зилола Суярова тайёрлади.

Манба: irfon.uz dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!