Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Ибратли воқеалар
  3. «Ғийбатларга ишониб муҳаббатимдан айрилдим»

«Ғийбатларга ишониб муҳаббатимдан айрилдим»

Cана : 04-03-2018   /   Ибратли воқеалар   /   кўрилди: 1226
— Ўшанда йигирма бир ёшда эдим. Университетда ўқирдим. Ётоқхонада турардим. Лола биздан қуйи курсда ўқирди. Уни биринчи марта ўқишга кириш учун ҳужжат топширгани келганда, қабулда кўргандим. Бирам нозик, кўҳликкина қиз эди. Ўшанда мен биринчи курсни тугатиб, ёзги таътилда қабул бўлимида ишлаётгандим. Лоланинг ҳужжатларини ўзим қабул қилдим. Кейин у имтиҳондан ўтиб, талаба бўлди. Мен уни севиб қолдим. Ётоқхонада яшашимга қарамай, ҳар тонг эринмай Лоланинг ижара уйи жойлашган кўча бошига бориб турардим. У уйдан чиқиши ҳамоно орқасидан кузатиб ўқишга қайтардим. Шу йўсинда орадан ойлар ўтди. Кейин йиллар… Мен тўртинчи курсга ўтдим, Лола учинчи курс бўлди. Кунларнинг бирида унга юрак ютиб адабиётдан оғиз очдим. Суҳбат қизиди. Биз деярли ҳар куни учраша бошладик. Бир-биримизга кўнгил қўйдик. Аммо ўртамиздаги муносабатни ҳеч кимга сездирмадик. Шанба куни шомга яқин ётоқхонадаги ҳамхонам хурсандлигидан ўзига сиғмай эшикдан кирди. Қўлида бозорлик кўтариб олганди. Хуллас, шу куни Сурат иккаламиз отамлашдик.

— Сенга анчадан бери айтмоқчи бўлиб юргандим, — дея салмоқлаб гап бошлади у. — Севган қизимнинг расмини олиб келдим. Шуни сенга кўрсатмоқчиман.

Қўлимга тушган расмга тикилганим ҳамон дунё кўзларимга қоронғу бўлди.

— Қалай? — сўради Сурат суратни қайтариб оларкан. Сўнг ўзича мағрурланди: — Биз топган қизни кўриб, мана шунақа миқ этолмай қоласиз.

Ҳа, чинданам миқ этолмасдим. Бир лаҳзага нафас олишни ҳам унутиб қўйгандим. Унинг қўлида ҳатто менда ҳам бўлмаган Лоланинг сурати эди. Менинг бўларим бўлди. Устимдан совуқ сув қуйилди гўё.

Эртаси куни дарсдан кейин факультет биносидан чиқарканман, Лола орқамдан чақирди. Мен гўё уни кўрмагандай йўлимда давом этдим. Бу ҳолат қайта-қайта такрорланди. У гаплашишга уринарди. Мен эса қочишга…

Орадан ойлар ўтиб борарди. Ўқишимиз тугашига ҳам оз фурсат қолган, имтиҳонлар, диплом иши ёзиш муаммолари. Хуллас, бош қашишга вақт йўқ. Бироқ фикру хаёлим фақатгина Лолада. Уни унутолмай қийналардим. Қиз бечора кўп бора мен билан гаплашмоқчи бўлди. Мен ҳар сафар устамонлик билан ундан узоқлашдим. Бора-бора мендан совиди, шекилли, бошқа йўлимдан чиқмай қўйди. Уни аҳён-аҳёнда дўстим билан турганини кўриб қолардим. Эзилардим-у, аммо ҳеч кимга ҳеч нарса деёлмасдим. «Нега уни дўстим севиб қолди?» дея ўкинардим. Агар жўрамнинг ўрнида бошқаси бўлганида борми, нақ юрагини суғуриб олган бўлардим, деб ўйлардим. Ҳолбуки, уни бошқа биров эмас, қиёматли оғайним яхши кўрарди. Мен бўлсам бир қиз учун жон дўстим билан юз кўрмас бўлишни сира ақлимга сиғдиролмасдим. Шунинг учун индамасликни маъқул топдим. Лекин бу индамаслигим бора-бора мени худбинликка етаклаётганини сезиб қолдим. Дўстим билан бўлар-бўлмасга жанжаллашадиган бўлдим. Бир якшанбада у уйига бориб келди. Нон синдирилганини, Лола билан унаштиришганини айтди. У қанчалик бахтдан сармаст бўлса, менинг ташвишим шунча ортганди.

— Хуллас, — деди Сурат бир куни қаршимга ўтириб. — Бир ҳафтадан кейин тўй. Икки кундан кейин меникига кетамиз. Ҳа, айтганча, Лолага сен ҳақингда гапирдим. Куёвжўрамни билиб қўйгани яхши, деб ўйладим.

Карахт бўлиб қолдим. Билмадим, шу маҳалгача нимадан умидвор эдим-у, энди қандай ҳолга тушдим. Хаёлимда тўй ўқиш якунлангандан кейин бўлса, бирор баҳона билан бормаслик эди.

Икки кун ўтди. Пешиндан кейин эшик тақиллади. Йўлакдан қиз боланинг ғўнғиллагани қулоғимга чалинди. Ҳамхонам қўлида хатжилд билан қайтиб кирди. У хатни ўқий бошлади. Қоғозга кўз югуртирарди-ю, менга қараб-қараб қўярди. Борган сари ранги оқарарди. Хавотирланиб сўрадим:

— Тинчликми ошна, рангинг оқаряпти?

У жавоб бермади. Қўлида қоғоз билан дераза ёнига борди-ю, югуриб хонадан чиқиб кетди. Эртасига нарсаларини йиғиштириб уйига жўнади. Мени бирга боришга ундамади ҳам. Унинг нега бундай қилганига ҳайрон қолган бўлсам-да, индамадим. Шундан кейин ҳамхонамни кўрмадим. Унинг аллақачон Лолага уйланганига ишончим комил эди. Орадан йиллар ўтди. Мен ҳам оила қурдим. Бироқ аёлимга кўнглим йўқ. Муҳаббатсиз яшаш қандай азоб бўлса, шундай яшаяпман..

Бир куни пойтахтга келдим. Бозор айланиб юрганимда Дилбар менга қараб жилмайиб турганига кўзим тушди. Бу Лоланинг хонадоши Дилбар эди. Лола билан бир вилоятдан, шунинг учун доим бирга юрарди. Ўша куни шинам кафеда ўтириб ёшлик йилларимизни кўп эсладик. Суҳбат мавзуси Лолага келиб тақалди. Аслида, шуни кутиб тургандим. «Лола бахтлимикин? Хонадошим Сурат уни авайлаб-асраб юрибдими?» деган саволлар менга тинчлик бермасди.

— Сурат ва Лола? — сўради у ҳайратланиб. — Ким айтди сизга уларни турмуш қуришган деб?

— Тушунмадим?! Ахир Сурат ўқишни тугатар чоғимизда бир ҳафтадан кейин тўй деганди. Улар учрашиб юришганди ҳам!

— Қанақа учрашув? Суратнинг ўзи Лолани тинч қўймай, йўлидан чиқарди. Фақат сизни ёмонлагани-ёмонлаган эди. Лола ғийбатларга ишонгиси келмай йўлингиздан чиқаверди, бироқ сиз ундан қочардингиз. Сўнгги марта ўқишни тугатиш арафасида сизга хат ҳам жўнатди. Унда ҳаммаси бошдан-оёқ аниқ-равшан ёзилганди. Бироқ сиз бечора қизнинг кўнглини синдириб: «Мен Суратни ҳурмат қиламан. У мен ҳақимда бундай гапларни гапириши мумкин эмас. Сен билан ўртамизда ҳеч қачон муҳаббат бўлмаган. Мени тинч қўй!» деб ёзгандингиз.

— Нима? Қанақасига?! Мен ҳеч қандай хат кўрмаганман ва ҳеч кимга хат ёзмаганман!

Шундай дедим-у, бошимни чангаллаб қолдим. Бирдан Сурат билан хонада ўтирганимизда қандайдир бир қиз хат олиб келганини эсладим. Демак, ўша хат Лоладан бўлган экан. Ё Худойим, нақадар аҳмоқман! Лекин нега? Нега Сурат бундай қилди? Нима учун? Ахир мен уни дўстим дегандим-ку! Ё, Тангрим, нега менга бундай тақдирни раво кўрдинг?

ЛУҚМОН
Навоий вилояти

— Ғийбату ёлғонларга ишонганларнинг аҳволи доим шундай бўлади. Тақдирига бефарқ одам қулоғи билан эмас, юраги билан иш кўради. Сиз ҳам бу борада қилмишингиздан афсус чекишингиз бефойда. Чунки энди муҳаббатсиз бўлса-да ҳаётингиз ва фарзандларингиз бор. Улар учун яшашга, Лоланинг бахти учун сабр қилишга мажбурсиз.

Бир одил қози шаҳарда пайдо бўладиган турфа ғийбатлардан безор бўлгач, маслаҳатчиларини йиғиб, ғийбатлар қаердан келиб чиқиши ҳақида сўрабди. Маслаҳатчилардан кимдир савдогарларни айблабди, кимдир ҳаммомчини, лекин ҳеч ким ғийбат асли кимлар томонидан тўқилишини аниқ айта олмабди. Қозининг кичик маслаҳатчисига сўз навбати келибди. Шунда у:

— Қози жаноблари, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган «учқур» ғийбатлар кўпинча ичкилик бор даврада юзага келади. Дўстлар даврасига ичкилик шайтон бўлиб киради, — дея фикр билдирибди.

— Бўлиши мумкин эмас, — ишонгиси келмабди қозининг.

— Хоҳласангиз баҳс бойлашга розиман, лекин бунга ишончим комил, — фикрида туриб олибди кичик маслаҳатчи.

Баҳс бойланибди. Алал-оқибат, қози шаҳарда истиқомат қиладиган ўн нафар бир-бирига яқин оғайниларни зиёфат баҳонасида чақиртирибди-ю, ўзи маслаҳатчилари ила яшириниб, уларнинг гапига қулоқ тутибди. Воқеадан бехабарлар аввалига ҳар хил олди-қочди гаплардан суҳбатлаша бошлашибди. Шу пайт осмондан турнанинг «Ғийқ!» этган овози эшитилибди.

— И-я, турна учди! — дебди эркаклардан кимдир.

— Ҳа, турна учди, — тасдиқлабди яна бири.

— Турна учди…

— А, қози ўлди?! — сўраб қолибди овсарроқлиги туфайли гап нимадалигини яхши эшита олмаган бошқа бир ширакайф эркак.

Шунда турна ҳақида мутлақо унутган эркакларнинг оғзига шу гап тушибди:

— Қози ўлибдими?

— Нега ўлди экан?

— Ҳалигина кўргандик…

— Ажали кўзига кўрингандир-да, зиёфат берибди, бояқиш…

Бу гапларни эшитиб юраги санча бошлаган қози ҳалиги маслаҳатчисига шивирлабди:

— Сен ҳақ экансан, ярамас, фақат буларни тезроқ ҳайда! Токи гапларига фаришталар омин деб юбормасин.

Ҳа, айрим вақтларда ғийбат бир инсон тақдирини ер билан яксон қилади. Шундай экан, одамзод тақдирига умуман бефарқ қарамаслиги керак. Ҳар ким ўз ҳаётига ва келажагига ўзи масъуллигини унутманг.
Шаҳноза РАҲМОНОВА

Манба: Hordiq.uz dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!