Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]

Қайдасиз, вафодорлар?

Cана : 11-03-2018   /   Ибратли воқеалар   /   кўрилди: 390

 

Ўшанда институтда тўртинчи босқичда ўқирдик. Пахтакорларга ёрдамлашиш учун бизни ҳам ҳашарга олиб чиқишди. Чўл ҳудудидаги қишлоқлардан бирига жойлашдик. Ҳар куни тонгда одам ташишга мўлжалланган юк машинасида узоқ-узоқлардаги пахта далаларига бориб пахта терардик. Дугонам Ойжамол биз пахта тераётган тумандан бўлгани учун, айрим пайтларда навбатчи домлалардан жавоб сўраб, уйига бориб келарди. Шундай кунларнинг бирида фалокат юз бериб, дугонам йўлда автоҳалокатга учради.

Касалхонага етиб борганимизда, Ойжамолнинг докага ўроғлиқ танасини кўриб қўрқиб кетдик. Уч кундан сўнг дугонам кўзини очди. Аммо… бир оёғи тиззадан тепароғидан кесилган эди.

– Яшагим келмаяпти, бундан кўра ўлганим афзал эди. Энди чўлоқ бўлиб судралиб юраманми?..

Ойжамол оёғи кесилганини билиб, дод солиб йиғлай бошлади.  Унга таскин-тасалли беришга ҳар қанча уринмайлик, эшитишни ҳам истамай қолди.

— Менга ҳаётнинг қизиғи йўқ. Чўлоқ қиз кимга ҳам керак? Ҳаёт китоблардагидек эмас. Ҳаммаси яхши бўлавермайди ҳаётда! Менга таскин бераверманглар, барибир ишонмайман. Қайтанга руҳимни баттар чўктиряпсизлар, — дерди.

Вақт — маҳоратли табиб. Йиллар ўтиши билан гарчи дугонамнинг бир оёғи кесиб ташлангани учун кўнгли кемтик бўлса-да, анча ўзига келди, ясама оёқда юришга ҳам ўрганиб кетди. Ойжамол биздан бир йил кейин ўқишини тамомлади. Талабалик таҳсилидан кейин бирин-кетин курсдош қизлар турмушга узатила бошладик. Ойжамол курсдошларнинг тўйига борганида, маҳзун бўлиб, мунғайиб қоларди. Кейинги сафар яна бир дугонамизнинг тўйига бирга борамиз деб уйига ўтсам, кўнмади:

– Қўйинг, мен бормасам ҳам, ўша тўй яхши ўтади. Ўзингиз борарсиз, уйдан чиққим йўқ…

Ҳарқанча уринмай, барибир Ойжамол тўйга боришга рози бўлмади. Дугонамни шу аҳволда ташлаб тўйга бориш менинг ҳам кўнглимга сиғармиди?! Шу тун дугонам билан бирга қолдим.

– Мен ҳам шундай оппоқ либосларда, ёр-ёрларда келин бўлармиканман?.. — деб қолди дугонам юмшоққина ўринларимизга чўзилар эканмиз. Даставвал унинг бу тушкун саволидан эсанкираб қолдим, сўнг ўзимни қўлга олиб:

– Худо хоҳласа, албатта, келин бўласиз. Ҳамма қизга ҳам ёр-ёр айтилади, дугонажон, — дедим.

Ойжамол ҳўнграб йиғлаб юборди:

– Кўнглимни кўтармай қўяверинг, мендай чўлоқ қизни ким ҳам яхши кўрарди? Бир йигит ҳар куни  ўқишимга излаб  боради. "Сизни бахтли қиламан, ҳар қандай қийинчиликларга розиман. Уйимдагилар ҳам ҳаммасидан хабардор” деб, ҳол-жонимга қўймаяпти. Совчилари ҳам беш-олти марта келишди. Рад этдим. Оёғим чўлоқ бўлса, эртага ясама оёқ билан қайнана-қайнатанинг хизматини қила оламанми? Ҳозир севги-муҳаббат деб ўзини ўтдан чўққа ураётган йигит эртага эҳтирослари сўниб, менга уйланганидан пушаймон қилмайдими? Мен билан тақдири қўшилганидан ўкинмайдими?.. Ҳа, майли, тақдиримда бахтли бўлиш битилмаган экан…

Дугонамга нима дейишни билмай қолдим. Бу тоифа кишиларнинг кўнгли жуда нозик бўлади. Ҳозир яхши кунлар умидига ундаб гапирганим билан, Ойжамолнинг  яраларига малҳам қўйиш ўрнига уни тирнаб қўйишим эҳтимоли кўпроқ эди.

Ойжамол айтган йигит чиндан ҳам субутли, аҳдидан қайтмайдиган экан. Охири дугонамнинг кўнглига йўл топиб, турмушга чиқишга кўндирди. Турмуш қуришди. Фарзандли бўлишди. Мана, ўттиз беш йилдан бери бирга умргузаронлик қилиб келишади. Уларнинг ўзаро меҳр-муҳаббатига, садоқатига ҳаваси келади кишининг. Ҳозирги кун ёшларининг "ўлдим-куйдим, севаман-ёнаман”ларига қараб туриб, дугонам билан поччамизнинг муҳаббату садоқатини ўйлайман. Ўша пайтда Ойжамол поччанинг совчиларини уйдан ҳайдашгача борганди… Аммо улар ҳеч қачон ортга қайтмадилар. Нега ҳозирги ёшларда бундай фазилатларни топиш муаммо бўлиб қолди?…

Ҳаётни кузатар эканман, кўп нарсада мувозанат йўқолиб бораётганидан кўнглимда оғриқ уйғонади. Бугун одамлар орасидан вафодор, садоқатли инсонларни топиш анча мушкул бўлиб қолди. "Нима учун?” деган саволга жавоб бериш жуда қийин. Балки қалбимиз қаттиқлашиб кетгандир, балки давримизга келиб садоқат оҳорини йўқотгандир. Балки вафодорларнинг қалби бевафолик  тиғидан яра бўлгандир. Хуллас, саволларга жавоб топиш мушкул…

Умида АДИЗОВА

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!