ОТАМНИНГ КЎЗЛАРИДА ҚАЛҚИГАН ЁШ ЮРАК-ЮРАГИМНИ ЎРТАЙДИ...

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) "Аввало кимга яхшилик қилиш керак?” деган саволга уч маротаба "онангизга” деб, тўртинчисида эса, "отангизга” деганлари учунми, она ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Тўғри, улар олдидаги қарзимизни уза олмаймиз, лекин оталар ҳақида кам гапирамиз. Ҳолбуки, ота фарзандни вояга етказишда, униб-ўсишида онадан кам машаққат чекмайди, кишининг насл-насаби ҳам ота авлоди билан белгиланади.

Рўзғор кам-кўстини бутлаш учун югурган ота, фарзандлари келажаги учун қайғурган ота, уй-жой қуриш учун, тўй қилиш учун маблағ тўплаган, керак бўлса, ҳузур-ҳаловати, соғлиғидан воз кечган ота. Меҳнатини миннат қилмайдиган, елиб-югуришдан чарчамайдиган ҳам ота.

Эслаб кўринг, бундай ҳолатлар сизнинг ҳаётингизда ҳам қачондир рўй берган, фақат эътибор қаратмагансиз, худди шундай бўлиши шартдек қабул қилгансиз. Отангизни ранжитгансиз, кўнглига озор бергансиз. Энди бўлса, фарзандингизнинг хатти-ҳаракатларидан ўз шўхликларингиз учун муносиб жавоб кутмайсиз. Аксинча, сизни ҳурмат қилиб, меҳнатингизни қадрлашини хоҳлайсиз. Аслида, отангизга шундай ғамхўрлик кўрсатганмисиз?

Фарзандларнинг кенжаси бўлганим учунми мени бошқача меҳр билан яхши кўрганини эслайман. У киши эркатой қизини юрса елкасидан, ўтирса тиззасидан туширмасди. Гўдак тасаввуримда отамнинг елкаси энг баланд, қучоғи энг иссиқ, бехавотир туюларди. Менга ҳеч кимнинг қўли етмайдигандек ҳар томонлама муҳофаза этилгандек хотиржам сезардим ўзимни.

Китоб ўқишга муҳаббатни отам уйғотган. Эсимни таниганимдан ҳар куни шу манзара такрорланарди. Кундалик уй-рўзғор юмушларини саранжомлаган отам кўзойнагини тақиб олардида, муқаддас динимиз ҳисобланган "ислом дини” ҳақидаги китобларни мутолаа қилар эдилар. "Қуш уясида кўрганини қилади”, деганлари шу бўлса керак. Тўққиз ёшга тўлар-тўлмай "Қурони карим” оятларини ёд олишни бошлаганман. Мурғак қалбим билан ҳали ҳаёт нелигин англаб улгурмай, ўтганлар ёдига дуолар қилар эдим. Билмаганларимни отамдан сўраб олардимда, яна китобга муккамдан тушардим. Отам ҳам ҳақли равишда мен билан фаҳрланар эди. Отамнинг бу эътиборидан ўзимга ишонч ортган. Ўн беш ёшга тўлгунимга қадар икки китобни ёд олдим. Яратганга бўлган битмас ва туганмас меҳрим ҳам шу туфайли бўлса керак.

Фарзандлар тасаввурида оталар ҳеч кимдан қўрқмайдигандек, енгилмас баҳодирдек туюлади. Гўёки унинг қўлидан ҳамма иш келади. Оталарнинг йиғлаши мумкинлиги болаларнинг ақлига сиғмайди. Мен кучли, довюрак, ғамхўр отам билан фахрланиб юрардим. Унинг йиғлаши мумкинлигини ҳаёлимга келтиролмасдим.

Тақдирнинг синовлари бошимизга тушиб, айрилиқ азобига дучор бўлдик. Бедаво дард ота-онани дилбандидан, опа-сингилларни бир биридан айирди. Бу сўзни эшитиш мен учун жуда оғир бўлди. Ҳали эндигина ўн уч ёшни қаршилаган опам мендан рози бўлинглар деган сўзларни айтиб бу дунёни тарк этди. Онамнинг дод-фарёдлари кўкларга етди. Отамнинг эса "йиғла...қизим йиғла энди опанг йўқ” деган сўзлари ҳали ҳамон юрагимда. Отам бошимни тиззасига олиб сочларимни силай бошлаганида, кўзларидан оқиб тушаётган кўз ёшлар юзларимни ювар эди.

Мана ўн йилдирки опамнинг номини ёдга олиб қалбимизни соғинч қийнайди, кўзларимиз ёшга тўлади. Фарзандини асраб қололмаганликда ўзини айблаган отамнинг кўзларида қалқиган ёш юрак-юрагимни ўртайди.

Ота-онангиз, опа-сингилларингиз ва яқинларингиз борми? Бебаҳо давлатингиз бор! Уларни зиёрат қилишга вақт топдингизми? Ҳозироқ ёнларига шошилинг! Сизнинг адоқсиз истакларингизни қондириш учун, бекаму кўст яшашингиз учун тинимсиз меҳнатдан қаварган, томирлари бўртиб қолган қўлларини кўзингизга суртинг, кўнглини кўтарадиган гаплардан сўзланг. Уларни беҳад яхши кўришингизни, соғиниб юришингизни такрор ва такрор айтинг! Улар сизни дуо қилишади...

 

Ўғилой Исмоилова

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 7-04-2018, 14:15
0
145

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига