Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]

“Аёлларга мазза!” (Ҳажвия)

Cана : 08-04-2018   /   Ибратли воқеалар   /   кўрилди: 489

 

Эътибор берсангиз, аёлларимиз "Сиз эркакларга мазза, умрингизнинг ҳар куни байрам!” деб таъкидлашни ёқтиришади. Улар учун эса "иш куни у ёқда турсин, ҳатто ҳафтанинг дам олиш кунлариям, дам олиш куни эмас”миш…

Фикрингизга қўшилмасликка рухсат этинг, азизларим! Чунки якшанба кунлари сиз аёлларгаям енгиллик бор. Пардоз-андоз қилиш керакмас, "Ишхонага нима кийиб борсам экан”, деган муаммоингиз бир кунгина бўлсаям четга сурилади. Яна нима керак, сизларга?

Бундай қарасанг, аёл бўлиш  яхши!  Ҳар қандай уйда  аёл учун махсус хоналар бор. У ерда истаганича кўнгил очиб, вақтичоғлик қилиши мумкин.

Хоҳласа, овқат пиширади, хоҳласа, идиш-товоқ ювади, мазза!

Аёл бўлиш осон! Улар ўртасидаги дўстлик ҳам ажойиб: бир-бирига жимгина, сўзсиз зимдан ҳасад қилишади! Бировнинг ичидан нималар ўтаётганини биров билмайди.

Аёл бўлиш қулай! Озгина эркалик, дийдиё, инжиқлик, ноз-фироқ, йиғи-сиғи қилса, бас, истагани муҳайё. Эркакка қийин, озгина эркалик, инжиқлик, дийдиё қилса… ош-овқат, кир-чир ҳам ўзига қолади

Аёл кишига мазза! Ишдан келади, тезгина уйни йиғиштириб, саранжом-саришталайди, овқат тайёрлашга тушади. Таом тайёр бўлгунича, кир ювиб, дазмол босади, овқатни сузиб келади, еб бўлингач, идиш-товоқларни ювиб олади, бўлди! Ана, кейин истаганини қилиши мумкин.

Кейин аёл салбий ҳис-туйғуларни  ичида сақламайди — эркакни айблайди, камчиликларини юзига солади, йиғлайди, ҳеч бўлмаганда орқаваротдан қарғайди, хуллас, салбий қувватни  тўғридан-тўғри нишон, яъни эркакка йўналтиради-қўяди.

Аксарият ҳолатлар, айтайлик, жамоат транспортига чиқаётганда, эшикдан кираётганда эркак аёлни, умр поёнида эса аёл эркакни  олдинга ўтказиб, йўл беради. Ана, сизга!

Сиз аёллар ҳаётда ҳеч қачон  номаъқул ишга қўл урмай, бундай юмушларни биз эркакларнинг зиммамизга юклаб қўясизлар. Биз эркаклар сизларнинг оддий меҳрибончилигингиздан ҳам эҳтиёт бўлиб туришимиз керак. Негаки, шуниям тагида эр шўрликнинг  бошини чангаллатадиган бирорта "илмоғи”, албатта, бўлади! Мана, кечагина худди шундай бўлди. Болаларнинг онаси кечқурун мени ноодатий тарзда, оғзи тўла табассум билан кутиб олди. Бундан хавотирга тушдим: "Тинчликмикан?”, деб. "Азизим, яхши ишлаб келдингизми?” дейди, қаранг! Тўйимиз бўлган кундан бери "Азизим” деган сўз  бирор марта бўлсаям оғзидан чиққанмиди, йўқмиди, деб ўйлаб қолдим. У бўлса парвойи палак:

— Нега кайфиятингиз йўқ? Чарчагандирсиз-а? Қайноққина чой олиб келайми? Сомса тайёр! Агар  чой ўрнига ўтмаса…

— Ўтмайди! — деб бош қимирлатгандим, меҳрни қаранг! Бир финжон қаҳва дамлаб чиқди! Сиз нима деб ўйловдингиз?! Мениям, хаёлимга бошқа нарса келувди. Аммо уни ичган бош билан устага қўнғироқ қилиб бўлмайди-да… Қаҳва яхши, мияни тетиклаштириб, нарх-навони тўғри ҳисоблатади!

— Очиғини айтавер, нима бўлди? — дедим, мардлигим тутиб.

— Арзимаган нарса: орқа чироқлар, капот билан бампер… холос…  — деди, ярамас! Арзимаган нарсамиш! Ўзи хотинга машина олиб берган мен аҳмоқ! Пиёдалар сафида жимгина юравермасмиди, менинг юрагимни адойи тамом қилмай!

"8 мартга совғага иккита олди чироқ билан, чиройли ғилоф олганди. Энди туғилган кунига орқа чироқлар, капот билан бампер… совға бўларкан-да!” деган ўй билан адашиб, машина эҳтиёт қисмлари эмас, тилла буюмлар дўконига кириб қолибман, денг. Сотувчи қиз хушмуомалалик билан

— Келинг, келинг, ассалому алайкум… — деб кутиб олди ва тинмай сайрай кетди:

— Дўконимизга кириб, жуда яхши қилипсиз! Бугун бизда йигирма фоиз чегирма! Нархлар ҳам қиммат эмас, ҳамёнбоп. Севган қизингизга атаб, бирор нарса харид қилинг. Истасангиз, ўзим танлашвораман.

— Мени севган қизим йўқ!

"Вой йўғ-ей?! Наҳотки шундоқ кўркам йигитнинг севган қизи бўлмаса? Ишонмайман! Баланд бўйли, қадди-қомати келишган, шундай чиройли йигит, наҳотки бирорта қизга кўнгил бермаган бўлса-я?!” — деб кўзлари ёниб турган қиз, "Хотиним рухсат бермайди!” деган жавобимдан кейин жим бўлди, қолди. Ана шунақа! Сиз аёллар бор жойда пулга чанг ўтирмайди. Чунки улгурмайди!

ЭҲСОНБЕК. 

Манба: Tasvir.uz

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!