Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]

Дардкаш излаган кўнгил

сана : 25-06-2018   /   Ибратли воқеалар   /   кўрилди: 122

Дардкаш излаган кўнгил

— «Оёқларимиз қумда куйиб кетяпти, юриб бўлмаяпти», деб раис бувага шикоят қилибмиз. У киши бўлса «Қизларим, чўл сизларга асфальт кўчаларингиз эмас. Бу ерда фақат этик кийиш керак. Ана ўшанда оёқларинг роҳат қилади», десалар ҳаммамиз кулиша-кулиша кўчма дўкондан кирзавой этик сотиб олиб, кийибмиз. Лекин бир-икки соатдан кейин умуман юра олмай қолдик. Оёқларимиз қумда куйган бўлса, энди шилиниб кетди. Чунки бунақа этик кийишдан аввал пайпоқ кийиб, пайтава ўраш керак экан-да…

 

Рисолат буви намланган кўзойнагини олиб, дока рўмолининг учига артди. Шаҳардан Гулистонга онасидан хабар олгани келган катта ўғил Баҳодир ака бирпас завқланиб хотираларини гапираётгани онани тинглагандек, уни-буни сўраб, гапига қўшилгандек бўлдию, сўнг зерикди, шекилли:

— Онажон, дориларингизни ичиб турибсизми? Тугаган бўлса, Бахтиёрга пул берай, олиб келиб берсин, — дея меҳрибончилик қилгандек бўлди.

Рисолат буви яна нималарнидир ҳикоя қилишга чоғланган эди, ўғлининг гапини бўлгани унга малол келди, лекин сездирмасликка уринди. Бўғзига тиқилган ранжу малолни босиқлик билан ўтказиб юборишга ҳаракат қилди.

— Ичим дорихона бўлиб кетди, болам. Ҳар қанча дори ичсам ҳам Худойимнинг менга атаган умридан бир соат ҳам зиёд яшай олмайман. Шунинг учун ўша дорига атаган пулингни ўзингда қолдир-да, менинг олдимга тез-тез келиб тур. Сени бағримга босиб, нафасингни нафасимда ҳис қилсам, ҳароратингни сезсам, овозингни эшитсам, шунинг ўзи менга дори…

Гапирар экан, Рисолат бувининг овози титради. Баҳодир эса қўлидаги сўнгги русумдаги телефонини титкилаганича:

— Онажон, Худойим ҳам асранганни асрайди. Бу дориларни ҳам кимлардир меҳнат сарфлаб, ихтиро қилган. Қанча-қанча олимлар синовдан ўтказган. Шуларнинг ҳам меҳнатини инобатга олиш керак. Энди сизга бизнинг ёқар-ёқмас гапларимиздан кўра ўша дориларнинг фойдаси кўпроқ тегади, — деди-да, Рисолат бувининг жавобини ҳам эшитмай яна қўлидаги телефонга энгашди.

Рисолат буви бирпас ўғлига термилиб ўтирди. Неча кунки унинг кўз олдидан ёшлик хотиралари кино тасмасидек ўтаётган эди. Мирзачўлда қўриқ ер очишга келгани, болаларининг дадаси билан танишгани… Айниқса, ўша танишув, илк эшитган муҳаббат изҳори ҳақида кимгадир жуда гапириб бергиси келаётган эди. Худди шу истагини сезгандек, Бахтиёрнинг хотини — Замира келини чой кўтариб кириб келди. Баҳодирга келиннинг келгани, яъни кейинги пайтларда анча сўзамол бўлиб қолган онасининг ёнида бир қулоқнинг пайдо бўлгани маъқул келди, шекилли, у ўрнидан турди:

— Онажон, сиз келинингиз билан чой ичиб ўтира туринг. Менинг бир-иккита ишларим бор. Битказиб, тезда келаман.

Иши шаҳарда, яшаши шаҳарда бўлган Баҳодирнинг қишлоқда қанақа иши бўлсин? Рисолат буви билади, ўғли чойхонага чиқиб, эски оғайнилари билан валақлашмайди ҳам, улар назарига кирмайди, шунчаки, Бахтиёр укаси барпо этиб қўйган боғдаги икки қаватли шийпоннинг тепасига чиқиб, ухлайди. Лекин Рисолат буви билиб турган нарсаларини тўнғич ўғлига айтиб ўтирмади. Айтганидан нима фойда? Эшитиб, ўғли ранжиса, айтиб ўзининг дили ғашланади…

— Майли, бора қол, болам. Ҳарна бўлса-да, ишинг битсин, сизлар иш одамисизлар, — деб яхшилик билан кузатиб қолди.

Замира келиннинг ҳам ўйчанлигини сезиб турарди. Унинг ҳам қандайдир иши бор. Лекин Рисолат буви болаларининг дадасининг дил изҳори ҳақида гапиргиси келарди.

— Шу денг… дадангизнинг кўз қарашларини сезиб юрибман. Лекин сира сир бой бермайман, ўзимни билмаганликка оламан.

Замира келин бошини кўтариб қайнонасига бир қараб қўйди-да, яна дастурхоннинг попугини ўйнай бошлади.

— Шундай кунларнинг бирида дадангизнинг ёнида юрадиган бир тракторчи ўртоғи бўларди, доим қорамойга беланиб юрарди. Унинг ёнида ёшлар бригадасига раҳбарлик қиладиган дадангиз чақнаб кўринарди. Раҳматли қум, чанг-тўзоннинг ичида ҳам ўзига жуда қараб юрарди. Ўша ўртоғи кабутарнинг қанотидек қоғозчада хат келтириб берди. «Қаландар ўртоғим бериб юборди, охиригача ўқиб чиқинг», деди. Тавба, нималар ёзди экан, деб қават-қават ўралган қоғозни очсам, бор-йўғи учта сўз ёзилган: «Менга турмушга чиқинг!» Қоғознинг қолган жойлари кўп нуқталар…

Рисолат буви ўша бетакрор дамларнинг хаёли билан банд бўлди, шекилли, бирпас жим қолди. Замира келин эса қайнонасининг гапларини мутлақо эшитмагандек, бутунлай бошқа мавзуда гап очди:

— Аяжон, Баҳодир акам келганидан фойдаланиб бир нарсани ҳал қилиб олсак, дегандим. Бахтиёр ўғлингиз бу гапни ҳеч қачон сизга айта олмайди. Ҳув Толмазордаги қариндошларимиз вақтинча ўтириб турган уй Баҳодир акамнинг номларида. Тўғри, ер у кишига берилган, пойдевору деворни у киши тиклаган. Лекин қурилишни Бахтиёр акам охирига етказган. Тонг демай, шом демай, лой чангаллаганларидан хабардорсиз. Ҳадемай Мақсуд набирангиз ўқишни тугатиб келади, уни уйлантирамиз, уй керак. Шу уйни Баҳодир акам укаларининг номига ўтказиб берса, яхши бўларди. Барибир, эртами, кечми, шундай бўлади. Лекин бўладиган ишнинг тезроқ бўлгани яхши-да. Нима дедингиз, аяжон?

Рисолат буви болаларининг дадасига айланган Қаландар олдига қизил бризент этик, қарғашойи кўйлак, ироқи дўппида қизариб-бўзариб туриши ҳақида ўйлаётган эди. Келинига: «Ичимда «жон» деб турсам-да, дадангиз хатига интиқлик билан жавоб кутаётганини сезсам-да, ҳеч нарса дея олмасдим. Яккаш «Ота-онам билади»дан нарига ўтмасдим», дея ўша унутилмас дамлар ҳақида гапириб бермоқчи эди. Лекин келини… Рисолат буви хўрсинди, келини узатган пиёлани бармоқлари учига қўндириб айлантирди:

— Бу ака-укалар орасида ҳал бўладиган иш. Ўзлари билиб-билиб қилишади, болам. Бу савдога сизу бизнинг аралашгилигимиз йўқ.

Замира келиннинг қовоғи уюлди:

— Сиз она бўлиб бир оғиз гапирсангиз бўлади-ку, доим тўнғичингизга қайишасиз!

* * *

Тавба, Рисолат бувига нима бўляпти ўзи? Замира келин билан қисқа давом этган даҳанаки жангдан сўнг шу ўтирган жойида ёстиққа суяниб ёнбошлаган эди, кўзи илинибди. Раҳматли эрини туш кўрибди. Энди тўйлари бўлаётган эмиш. Қизиқ эри ҳозирги замоннинг куёвларидек ёқасига капалак нусха бўйинбоғ тақиб, орқаси узун костюм кийиб олганмиш. Сочлари ҳам набиралариникидек пўрим олинган. Ўзи ҳам сочини баланд турмаклаган эмиш, билаклари, олди очиқ оқ кўйлакда эмиш. Дарвозадан қайнонаси кириб келаётганмиш. Рисолат буви қаерга беркинишини билмай, эрининг орқасига яширинар эмиш…

— Буви, бувижон, алаҳсираяпсиз, ёнбошингизга қараб ётинг… Набираси Зилола мактабдан келибди, шекилли, бувисини уйғотди.

Аслида, Зилола уйғотмаса ҳам, Рисолат буви тушида қайнотасидан яшириниб юриб, уйғониб кетган эди. У ўрнидан туриб, ёстиқни сўрининг суянчиғига тираб, ўзи ҳам ёстиққа таянди.

— Муздай сув обке, болам. Юзимни чаяй, — деди.

Нега бунақа туш кўрди экан? «Тушдаги тўйни аза бўлади», дея таъбирлашар эди… Наҳот сафари охирлаган бўлса! Ахир хотиралар бостириб келаётганини ҳисобга олмаса, жисму жонида ҳеч қандай ўзгариш йўқ-ку.

— Туш кўрибман, болам… — Рисолат буви тинмай компьютер титкилайдиган Зилола набирасидан ҳозирги кўрган тушининг янгича бир талқини бормикин, шу ҳақда сўрамоқчи эди, набираси:

— Бувижон, туш бу яшалган ҳаёт ҳақидаги хотиралар ёки сиз орзу қилаётган нарсаларнинг суратдаги инъикоси. Тушга мутлақо эътибор бермаслик керак. Бувижон, яхшиси, сиз бирорта эрмак топинг. Масалан, шахмат ўйнашни ўрганинг. Китоб ўқинг, сериал кўринг, десам, «Бошим оғрийди, кўзим тинади», дейсиз. Аслида, китоб ўқиганингизда зўр бўларди. Кутубхонамиздан даста-даста китоб олиб келиб берардим. Шунда туш ҳам кўрмасдингиз. Қотиб ухлаб қолардингиз…

Айтмоқчи бўлган гапи яна Рисолат бувининг бўғзида қолди. У набирасига «Бу бошқача туш, бутунлай бошқача туш», деб ҳам айта олмади. Чунки Зилола унинг юзини ювдирди-да, қаёққадир кириб кетди.

«Ҳа, ҳаммасининг ўз ҳаёти, ўз ташвиши бор, Рисолат. Ким ҳам сенинг хотираларингни эшитгиси келяпти», деб ўйлади. Негадир хўрлиги келди. Ҳатто кўзидан бир-икки томчи ёш ҳам думалади.

— Аяжон, Жамила қўнғироқ қиляпти-да,  ҳануз қовоғи очилмаган келин уй телефонини Рисолат бувига олиб келиб берди.

«Қиз бола билан онанинг киндиги битта бўлади, дейишади. Юракдан гаплашгим келиб турганини қизим сезди, шекилли», деб ўйлади Рисолат буви.

— Алё, қизим, омонмисан? Уйга бир келсанг эди, иякни иякка тираб, бир гаплашсак эди, жуда тўлиб турибман, — деди Рисолат буви.

— Аяжон, қизимга кетма-кет совчи келиб ётибди. Шошиб қолдим. Она бўлиб уйимга келиб ҳамма нарсага бош бўлиб ўтирмайсизми? Сандиқдаги сарполаримни кўрмайсизми? Кам, зиёдимни айтмайсизми? Фақат ўғилларингизга ёпишганингиз-ёпишган! Мен биттагина қиз бўлсам, бундоқ ёнимда туринг-да!

Жамиланинг гинаси ҳам ўзига етарли эди. Рисолат буви телефонда ҳам ҳеч нарса айта олмади. Жамила онасини тинглагиси келмади. Унинг узатиладиган қизлару уларнинг сеп-сидирғаси ҳақида айтадиган гаплари бор экан, шунинг учун Рисолат бувининг ич-ичидан қайнаб-тошиб кетаётган гапларини эшитмади. Ўзининг айтадиганини айтаверди.

* * *

Рисолат буви одми кўйлагини кийди. Бошига зангор, тўқ зангори рангли рўмолини ташлади. Оёғига калиш илди. Ўғли Кавказ томонлардан олиб келган учи нақшли ҳассасига таянди-да, дўқ-дўқ юриб, кўчага чиқди. Бу пайтда кечаги воқеалардан бир кеча ўтган, яна тонг отганди. Ҳамма кечқурун ярим тунгача телевизор кўргани учун ҳали маст уйқуда. Рисолат буви яна туш кўрган эди. Тушига яна раҳматли чоли, унинг ошиқлик даврлари, Мирзачўл, тупроқ, лой чангаллаб уни ўзлаштирганлари кирибди…

«Такрор-такрор бир хил воқеалар тушимга киряпти. Бежизга бўлмаса керак. Нимадир қилишим керак. Яхшиси, чолимнинг бошига бораман», деб ўйлади. Кеча Жамила билан телефонда гаплашаётганда қизи: «Ая, уйда гапириб одамларнинг ғашига тегманг. Ҳозирги замонда сергап одам бировга ёқмайди. Ҳамма ундан қочади», деган эди.

Шундан сўнг ҳеч кимга гапирмади. «Ҳа» ёки «йўқ»дан нарига ўтмади.

Мана, қабристон. Ранг-баранг атиргуллар очилиб ётибди. Майин сабо билан гулларнинг ифори узоқ-яқинларга таралади. Ҳар ер-ҳар ерда мажнунтолларнинг узун кокиллари солланади.

Рисолат буви чолининг қабрини осон топди. Оёқ тарафидаги ўриндиққа ўтириб, нафасини ростлади. Сўнг Қуръон тиловат қилди. Енгил эпкинда анча йиллар аввал ўтказилган атиргулларнинг шохлари, ғунчалари, гуллари, барглари тебранар эди. Рисолат буви уларга яқинроқ ўтирди, кафтларида силади:

— Чўлга янги борган пайтларимиз, ўз ихтиёримиз билан отилиб чиққанмиз. Усти очиқ машинага йигит-қизлар худди тўйга кетаётгандек кулиша-кулиша чиқибмиз. Эртадан кечгача дўқир-дўқир йўлда силкиниб чўлга етиб бордик. Ҳаммаёқ қамишзор. Йигитлар машинадан тушиб, таёқ учига латта чўқмор қилишиб челакдаги соляркага ботириб, машъала ясашди. Ҳар ер, ҳар ерда машъала, қамиш гулханлар ёқилгач, ичимизга ёруғлик киргандек бўлди. Мен болаларимнинг дадасини илк бор машъала ёғдусида кўрганман. Юз-кўзларида олов акси ўйнар, янаям кўзлари чўғланиб кўринарди…

Рисолат бувининг сўзларини гуллар ҳам, шабада ҳам бўлмасди. Шабада гулларни у томонга эгар, улар чиндан ҳам бувини тинглаётганга ўхшарди. Буви неча кундан буён юрагида туғён қилаётган, фарзанд, набираларига айтгиси келаётган хотираларни гапирар, гапиргани сайин овози очилиб, кўнгли равшанлашиб борарди…

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета