"Энг расво йўллар Ўзбекистонда. Бу муаммони 30 йилдан бери еча олмадик" — Алишер Қодиров

"Энг расво йўллар Ўзбекистонда. Бу муаммони 30 йилдан бери еча олмадик" — Алишер Қодиров

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистондаги автомобиль йўллари талабга жавоб бермаслигини, бу муаммони бартараф қилиш учун жиддийроқ иш олиб бориш кераклигини айтди.

«Ўзбекистонда жуда катта муаммо сифатида йўл муаммоси турибди. Биз буни бартараф қилиш учун жиддийроқ иш олиб боришимиз керак. Фақат назарий жавоблар билан бу масалани еча олмаймиз. 30 йилдан бери еча олмадик. Ўзбекистондаги йўллар талабга жавоб бермайди», — деган у Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 6 апрель куни ўтказилган навбатдаги «Ҳукумат соати»да.

«Масалан, М-39 йўлда деярли 10 йилдан бери қатнаётган бўлсак, Тошкентдан чиқиб, Жиззахга етиб олгунча камида 3-4 та авария ҳолатлари юзага келади шахсан ўзимда. Кечқурун-ку умуман йўлда юриш ҳақида ўйлаш керак эмас, ҳаёт учун хавфли. Биз йўлларни ёритиш ҳақида умуман гапирмаяпмиз, чуқурларга тушмай қолиш, автомобиль балонларини алмаштирмаслик эҳтимоли ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», — дейди депутат.

Алишер Қодировнинг сўзларига кўра, маҳаллий кенгаш депутатлари 27 та халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари билан сўровнома ўтказган бўлиб, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистондан ўтган ҳайдовчилар Ўзбекистоннинг йўли ҳар доим улар учун энг ноқулай ва қийин йўл бўлганини айтган. «Биз Ўзбекистонга келгунча 3-4 та давлатдан ўтиб келамиз ва энг расво йўллар Ўзбекистонники», — деган фикр билдирган ҳайдовчилар.

«Тожикистон хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда йўлларни қурган. Биз эса ўзимиз қурамиз деб битта йўлни 3-4 марта қуряпмиз. Эҳтимол, буни хорижий сармоядорга беришимиз керакдир, балки биз қилолмаётгандирмиз, мутахассис йўқдир», — деган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев йўллар қурилишини изчил давом эттириш, бу соҳада сифатни таъминлаш учун малакали кадрлар тайёрлаш зарурлигини таъкидлаганди. Президент 2020 йил 28 январь куни транспорт тизимини самарали ташкил этиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда Ўзбекистонда автомобиль йўлларининг ҳолатини яхшилаш масаласига ҳам тўхталиб, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, тез фурсатларда Автомобиль йўлларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берганди.