Жиззахнинг чегара олди ҳудудларидаги аҳоли билан учрашув ўтказилиб уларнинг муаммолари ўрганилди

Жиззахнинг чегара олди ҳудудларидаги аҳоли билан учрашув ўтказилиб уларнинг муаммолари ўрганилди

Жиззах вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоятдаги ташкилот ва муассаса раҳбарлари, ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари вакилларидан иборат тузилган ишчи гуруҳ билан ҳамкорлигида Бахмал ва Фориш туманларидаги Тожикистон ва Козоғистон Республикалари билан чегарадош ҳудудларда жойлашган маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда асосий масала чегара олди ҳудудларида истиқомат қилувчи турли миллат вакиллари ўртасидаги миллатлараро муносабатлар, зиддиятли ва низоли ҳолатлар, уларни ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳамда у билан боғлик бўлган мурожаатларни, шунингдек қардош тилларда олиб борилаётган умумий таълим мактабларидаги муаммоларни ўрганиш ва бартараф қилишга қаратилди.

-Ўтказилган учрашувда чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли вакиллари ўртасида миллий низо ва камситишлар, келишмовчилик ва муросасизлик ҳолатлари аниқланмаган бўлсада, ижтимоий ва инфратузилмавий муаммолар, ичимлик суви, электр энергия ва суюлтирилган газ таъминотидаги муаммоли ҳолатлар, кўприк ва йўл қурилишидаги камчиликлар мавжудлиги аниқланди ва мутасадди ташкилотлар орқали бартараф этишга қаратилди,-дейди вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Л.Аҳмаджонов.

Шунингдек, Фориш туманидаги "Истиқлол” ва “Дарбоза” маҳаллари аҳолиси учун мактабгача таълим муассасаси зарурлиги билдирилиб, масалани ижобий ҳал қилишга қаратилди.

Тадбир давомида чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли вакиллари томонидан миллатлараро муносабатларга алоҳида эътибор қаратилиб, қардош халқлар ўртасидаги зиддиятли ҳолатларга йўл кўйилмаслиги, барчани тенг ҳуқуқли халқ сифатида қаралиши ҳамда ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватланишига давлат даражасида эътибор каратилаётганлиги учун миннатдорлик билдирилди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати