» » Ўзбекистонга нима учун атом энергияси зарур?

Ўзбекистонга нима учун атом энергияси зарур?

Жиззах вилояти Фориш туманида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлда қабул қилинган “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. 
Ўзбекистон Республикаси Сенатининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари, аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталари билан ҳамкорликда ўтказилган йиғилишда сенаторлар, депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, вилоят, туман хокимликлари, олимлар ва мутахассислар иштирок этди. 
Тадбирда мазкур қонунинг мақсади, аҳамияти ва асосий йўналишлари батафсил кўриб чиқилди.
photo_2019-08-10_11-04-13.jpg
Йиғилишда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш устуворлиги, хавфсизликнинг таъминланиши, ядровий қурол ва бошқа ядровий портловчи қурилмалар ишлаб чиқаришнинг тақиқланиши атом энергиясидан фойдаланишнинг асосий принциплари экани таъкидланди.
***
Шунингдек, шу жойда ва шу иштирокчилар таркибида ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлашда малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим вазифаларига бағишланган конференция ҳам ўтказилди.
Конференцияда маъруза қилган ва сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари – Атом энергиясини ривожлантириш агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов, Республика саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ғуломов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда йилдан-йилга энергия ресурсларига эҳтиёж ортиб бораётгани таъкидланди. Бу эса иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ишончли ҳамда самарали қувват билан таъминлашни талаб қилади.
Бугунги кунда республикамиз энергия манбаи сифатида табиий газга қарам, чунки айнан шу ресурсдан фойдаланиш электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмида 85 фоизини ташкил этади. Буни инобатга олиб, мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш учун энергетика тармоғини ривожлантиришнинг турли вариантлари кўриб чиқилди.
photo_2019-08-10_11-04-14.jpg
Шу боис бир тўхтамга келишда кўпгина омил ва ҳолатлар – энергетик хавфсизликни таъминлаш, атроф муҳитга углерод ташланмаларини камайтириш, атом электр станциялари фаолиятининг хавфсизлик кўрсаткичларига ишончнинг ортиши, ядро энергетикасининг иқтисодий жиҳатдан самарадорлиги ҳамда рақобатбардошлиги ва бошқалар ҳисобга олинди.
Натижада мамлакатимизда АЭС қуриш тўғрисида қарор қабул қилинди. Россия ва Ўзбекистон ўртасида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) нинг хавфсизлик бўйича барча талабларига жавоб берувчи қуввати 2 400 МВт бўлган иккита энергия блокидан иборат “3+” авлод атом электростанциясини қуриш тўғрисида Битим имзоланди. Объект Жиззах вилояти Фориш туманида қурилиши режалаштирилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадида соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ишлаб чиқилмоқда, ядровий ва радиацион хавфсизликни бошқариш тузилмаси такомиллаштирилмоқда.
Президент қарори билан Тошкент шаҳрида “МИФИ” Миллий ядро тадқиқот институти филиали ташкил этилди. Россия пойтахтига атом энергетикаси соҳасида маълумот олиш учун 56 нафар талаба юборилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида радиациявий хавфли объектлар ишчи-хизматчиларини ҳамда авария-қутқарув тузилмалари шахсий таркибларини аварияларни бартараф этиш бўйича касбий тайёргарликдан ўтказиш чораларини кўриш лозимлиги таъкидланди.
Анжуманда муҳокама этилган масалалар бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.


Т.Бекназаров, Ж. Ёрбеков, ЎзА
скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив