Ўзбек олими яратган коронавирусни зарарсизлантирувчи технология халқаро конференцияда тақдимот қилинади

Ўзбек олими яратган коронавирусни зарарсизлантирувчи технология халқаро конференцияда тақдимот қилинади


Хабарингиз бор, жиззахлик ихтирочи Олимжон Юсупов томонидан, Covid-19 вирусини ҳаво ва сиртдаги ҳолатини буткул зарарсизлантириш технологияси яратилгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур технология бир йил мобайнида барча лаборатория, клиник олди ва клиник синовларидан муваффақиятли ўтди. Оҳирги клиник синовлари «Зангиота – 1, 2» махсус шифохоналарида ўтказилди. Синовларни янада мураккаблаштириш учун, Республика экспертлари томонидан технология муаллифига, ҳаво таркибидаги, сиртдаги вирусни нобуд килишдан ташқари, суюқликдаги вирусни нобуд қилиш масаласи қўйилди. Апрель ойида технология суюқликдаги Covid-19 ни бартараф этиш учун лаборатор синовлари ташкил этилди. Синовлар натижаларига асосан, ўзимизда яратилган миллий технология, Covid-19ни ҳатто суюқ ҳолатида ҳам 1 сония ичида нобуд қилди.

Юқорида қайд этилган синовлар натижалари оламшумул бўлгани ҳамда бундай юқори натижалар ўзимизда яратилишига шубҳа туғилгани учун шахсан  Зангиота махсус клиникаси мутахассислари билан боғландик. 

- Ҳақиқатдан ҳам технология мавжуд, ўзимизда яратилган бўлиб - ҳаво, сирт ва суюқликдаги Covid-19 нинг барча турлари, Британия штамми, Африка штаммини ҳам бир сония ичида нобуд қилди, - дейди Зангиота махсус клиникаси бош директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Мақсуда Ильясовна. 

Sangzor.uz жамоаси ўтган ҳафтада Жиззахга ташриф буюрган технология муаллифи билан суҳбат уюштирди. Технологияни ўз кўзимиз билан кўриб, ишлатиб ҳам кўрдик. Расмий ҳужжатлар билан танишдик. Яратилиш жараёни ва самарадорлигини Республикамизда исботлаш учун қанчалик кўп тўсиқларга дуч келинганининг гувоҳи бўлдик. 

Жумладан, яратилган технология бир йил мобайнида кўплаб давлат ташкилотларида ўрнатилгани, 5 ёшдан – 80 ёшгача бўлган фуқароларимиз йил бўйи фойдаланаётгани, нафас йўллари билан боғлиқ бўлган касалликларни олдини олиши, фойдаланувчиларнинг ижобий фикрлари билан танишдик. 

Лойиҳа муаллифининг айтишича ҳозирда Республикамиздаги қизиқиш билдирган ташкилот ва фуқароларга технология етказиб берилмоқда. Россия ва Қозоғистон билан ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқиляпти. 

Бундан ташқари келгуси ҳафтада 1 – 4 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Covid-19 га бағишланган халқаро конференцияда, мазкур технология бутун дунёга тақдимот қилиниши режалаштирилмоқда. 

Ўйлаймизки, ўзимизда яратиладиган, лекин эътиборсиз қоладиган шу каби технологияларга бир кун келиб, «айрим» раҳбарларимиз қаршилик кўрсатиш ҳамда эътиборсиз бўлишни бас қилиб, халқимиз ва юртимиз довруғини дунёга танитиш вақти келганлигини тан олишар.

 

Ҳ.Фозилов – Sangzor.uz cайти бош муҳаррири