Янгиобод туман ФҲДЁ: ажримларнинг сабаби нимада?

Янгиобод туман ФҲДЁ: ажримларнинг сабаби нимада?

Жасур ва Сабинанинг никоҳи Янгиобод туман ФҲДЁ бўлими томонидан 2018 йилнинг сентябр ойида расман қайд этилди.  Катта орзулар билан қурилган оила 2021 йилда ўзаро тушунмовчиликлар туфайли ажрим билан якун топди.

Тил бесуяк, ҳар хил гапни ўйламасдан гапириб қўяди. Уларнинг чиройли турмуши айнан “Тилнинг ноўрин сайраши” туфайли шу холатга келди. Уйдаги гапларни Сабина онасига телефон орқали етказиб турар бу қайнонасига ёқмасди. Ваҳоланки ўртада ҳар хил келишмовчиликлар, даҳанаки айтишувлар бошланади. Қудаларнинг ўзаро муносабатларига дарз кетди.

ФҲДЁ бўлими ходимлари, маҳалла фаолларининг саъй-ҳаракатларига қарамай ёш оила ярашиш ниятидан қатъий воз кечди.

Халқимиз орасида “Чиққан қиз чиғириқдан нари” деган ибора бежизга айтилмаган. Келин ўзга бир хонадонга бордими демак, бир умр яшайдиган, муросаю-мадора қиладиган ошёни ўша уй, оила аъзолари ҳисобланади. Уйдаги гапни кўчага чиқариш кўпинча яхши оқибатларга олиб келмаслигини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Лекин ҳаммамиз ҳам ўша қоидага амал қиляпмизми?

Икки тарафни тингласангиз иккиси ҳам ўзича ҳақ. Бир-бирини айбини очган, бисотидаги бор гаплар билан ҳақорат қилган. Ёшларку майли аммо катталар-чи? Айнан улар эмасми ёшларга ўрнак бўладиган. Қудалар муроса йўлини излаб, уларга тўғри йўналиш берганларида эди бу оила ажрим ёқасига келиб қолмаган бўларди. Қарс икки қўлдан чиқади. Икки тарафнинг ҳам ўзига яраша хатолари бор. Тилнинг ким ўзарга ўйнаши натижасида икки оила аъзоларини кўз кўрмас даражага келтириб қўйди.

Энг ачинарлиси Янгиобод туман ФҲДЁ бўлимида жорий йилнинг 6 ойи давомида 18 та оиланинг ажрими қайд этилган. Шундан, 6 та оиланинг никоҳи эса фарзандсизлик оқибатида барбод бўлди.

ФҲДЁ бўлими ходимлари, маҳалла фаоллари ва хотин-қизлар бўйича туман маркази мутахассисларининг аралашуви билан 3 та оила яраштирилди.

 

Шарофат Ғафурова  - Янгиобод туман ФҲДЁ бўлими мудираси