Жиззахлик ишбилармонлар хорижда 13 та савдо уйини ишга туширишди

Ўтган йили Жиззах вилоятидаги 36 та корхона экспорт фаолияти билан шуғулланиб, ушбу корхоналар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Литва давлатларига 38 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотларни етказиб берди. Шу йилнинг ўтган даврида қарийб 5 миллион АҚШ долларига 9 миллион 278 минг тоннадан ортиқ маҳсулот экспорт қилинди. Қолаверса, вилоятдаги 23 та саноат корхонасида ишлаб чиқарилаётган гилам, тайёр трикотаж маҳсулотлари, калава ип, электротехника буюмлари, пахта момиғи, олтингугурт, оҳак ва шиша момиғи каби қурилиш маҳсулотлари ҳам хорижга чиқарилмоқда. «Roison home white goods», «Diamond karpet», «Forish texstil group», «Ekoсlimat» каби йирик саноат қувватларининг етакчилик қилаётгани эса соҳа ривожига ҳисса қўшаётир.

— Бу йил 25 та қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан жами 70 минг тонна олма, узум, нок, беҳи, шафтоли, пиёз, карам, булғор қалампири, сабзи, помидор, қовун, ошқовоқ, мош, ловия, нўхат, ковул, музлатилган балиқ каби маҳсулотларни экспорт қилиш чоралари кўриляпти, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг Жиззах вилоятидаги вакили Умид Нишонов. — Қувонарлиси, бу йил экспортчи корхоналар сафига яна 18 та саноат қуввати қўшилди. Шунинг эвазига 2017 йилда вилоятнинг экспорт кўрсаткичини 63 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.

«Jizzax impex agrofirmasi» раҳбари Исроил Олимовнинг таъкидлашича, хўжаликда илғор тажрибалар ўзлаштирилиб, замонавий технологиялар, зотли чорва моллари ҳамда кўп ҳосилли экин навларини келтириш чоралари кўрилмоқда. Ана шу мақсадда корхона вакиллари Беларусь ва Польша давлатларида бўлишди. Ташриф доирасида Беларусь Республикасининг Брест шаҳрида «UzBel» «Ўзбекистон — Беларусь» савдо уйини очиш, ушбу савдо уйига юртимиздан ҳўл ва қуритилган мева, сабзавотларни етказиб бериш, Беларусдан сифатли кунгабоқар мойи, баққоллик маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги ва оғир юк ташиш техникалари келтириш бўйича келишувга эришилди. Ўз навбатида, мазкур келишувларга мувофиқ, Польшадаги «ESG Krauter GmbH» компаниясининг кўкат ва озуқа қўшимчалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «CON agro» фирмаси республикамиздан 2 минг тонна қуритилган кўкат, асосан, сабзи ва қизил лавлаги сотиб олишни мўлжаллаётгани мазкур маҳсулотларни кўпроқ етиштиришни тақозо қилмоқда.

Таъкидлаш лозим, Польшада фаолият кўрсатаётган «Action» S.A компанияси юз турдан зиёд маҳсулотни қайта ишлаш, қадоқлаш имкониятига эга йирик корхоналардан. Корхонада қайта ишланиб, қадоқланган маҳсулотлар дунёдаги 130 та давлатга экспорт қилинади. Ҳозирда мазкур компания мамлакатимизда етиштирилган маҳсулотларни сотиш ва етказиб бериш билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш ҳамда ўзбекистонлик тадбиркорларни ишбилармонликка ўқитиш истагини билдирмоқда.

Бу йил Жиззах вилоятининг экспорт географияси Ҳиндистон, Франция, Жанубий Корея каби давлатлар ҳисобига кенгайди. Шу ўринда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга сотиш имкониятлари ортаётганлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Бу йўналишдаги тадбирларда «Агроэкспорт» ташқи савдо компаниясининг вилоятдаги вакиллиги фаол иштирок этмоқда. Мазкур компания хориждан ҳамкорлар топиш, шартномалар тузиш, маркетинг ва консалтинг хизмати кўрсатиш борасида деҳқонларнинг яқин кўмакчисига айланди. Айни пайтда жиззахлик ишбилармонлар Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда 13 та савдо уйини ишга туширишди. Бу савдо уйларида саноат маҳсулотлари билан бирга, Жиззах заминида етиштирилган узум, помидор, қовун-тарвуз савдоси ташкил этилаётир. Эътиборли жиҳати, шу йил сўнгига қадар хорижий давлатларда яна 5 та савдо уйи очиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг тўртинчи чорагида ўаллаорол туманидаги Қўйтош конидан вольфрам олиш, вилоят марказида эса электр жиҳозлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат қувватлари ишга туширилиши режалаштирилган. Ушбу корхоналарда тайёрланган маҳсулотлар ҳам экспортга йўналтирилади.

Жиззахлик ишбилармонларнинг яқин келажакдаги бизнес-режасидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи, сараловчи ва қадоқловчи корхоналарни ишга тушириш, ип-калавадан кийим-кечак тайёрлаш билан боғлиқ ўнлаб йирик лойиҳалар ўрин олган. Яқин орада ана шу лойиҳалар амалга оширилса, вилоятнинг экспортдан оладиган фойдаси салмоғи яна ҳам кўпаяди.

Дарвоқе, яна бир муҳим масала. Зомин, Бахмал, Фориш ва ўаллаорол туманларидаги сўлим гўшалар, Айдар — Арнасой — Тузкон кўллар тизими, ҳудуддаги қадимий зиёратгоҳ ва қадамжолар вилоятда экотуризмни ривожлантириш имконини беради. Бироқ мазкур соҳа ҳозирча кучли реклама ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишни тақозо этмоқда. Айни дамда тадбиркорлар шулар ҳақида бош қотиришмоқда.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 24 08 2017 йил
0
342

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига