Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Иқтисодиёт
  3. Жиззахнинг жорий йилга мўлжалланган бюджет параметрлари

Жиззахнинг жорий йилга мўлжалланган бюджет параметрлари

Cана : 05-03-2018   /   Иқтисодиёт, Жиззах янгиликлари   /   кўрилди: 406

 

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюдежти параметрлари тўғрисида”ги қарорига биноан юртимизнинг жорий йилга мўлжалланган асосий иқтисодий кўрсаткичлари ва давлат бюджети параметрлари тасдиқланди.

 


Мазкур ҳуқуқий ҳужжат асосида вилоят ҳокимининг 2018 йил 8 январдаги қарори қабул қилиниб, унга кўра, вилоятимизнинг жорий йилга мўлжалланган бюджет параметрлари, вилоят бюджетига тушадиган даромадлар ва бюджетдан амалга ошириладиган харажатлар бўйича аниқ йўналишлар белгилаб берилди.

Жумладан, маҳаллий бюджетнинг умумий даромадлари вилоят бўйича 741,7 миллиард сўм, харажатлари эса 1153,8 миллиард сўм этиб белгиланди. Ушбу даромад ва харажатлар ўртасидаги 412,1 миллиард сўм фарқ республика бюджетидан ижтимоий трансфертлар шаклида ажратилиши кўзда тутилган.

Маълумки, маҳаллий бюджетга солиқлар ва бошқа даромадлар асосан ҳар ойнинг учинчи ўн кунлигида тушади. Бу ўз навбатида бюджет ташкилотларининг иш ҳақи тўловларининг вақтида ва тўлиқ қопланишига салбий таъсир кўрсатади. Шу жиҳат ҳисобга олиниб, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларининг иш ҳақи учун республика бюджетидан ижтимоий трансфертлар ажратилиши жорий қилинди.

Вилоят бюджети харажатларининг асосий қисми — 85 фоизи (985,3 миллиард сўм) аҳолини ва ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган. Жорий йил ўтган йиллардагидан фарқли равишда ҳар бир шаҳар ва туманда умумий харажатларнинг 1 фоизи миқдорида ҳокимликлар томонидан захира жамғармаси шакллантирилди. 2018 йилгача бундай жамғарма фақат вилоят ҳокимлигида бўлган.

Мазкур захира ҳокимликлар томонидан бюджетда кўзда тутилмаган ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш харажатларини қоплашга йўналтирилади. Шунингдек, маҳаллий бюджет даромадларининг асосий манбаси бўлган солиқлар ва йиғимларнинг 2018 йилга мўлжалланган ставкалари тасдиқланди ва қуйидагилар бюджетлараро муносабатларни шакллантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

-маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини мустаҳкамлаш, улар харажатларининг тасдиқланган параметрларини ўз вақтида ва мақсадли молиялаштириш, ижтимоий соҳа ҳамда инфратузилма объектларини янада ривожлантириш ва тегишли даражада сақлашни таъминлаш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти, молия ва солиқ идораларининг жавобгарлигини кучайтириш;

-тегишли бюджетларнинг даромадларини шакллантириш қисмида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджетга оид ваколатларини аниқ ва пухта чегаралаш;

-солиқлар ва йиғимларнинг баъзи турлари бўйича тушумларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида қолдириш ҳисобига уларнинг ўз даромад базасини кенгайтиришдаги фаолиятини кучайтириш;

-йирик солиқ тўловчилардан тушадиган баъзи солиқ турлари бўйича тушумларни тегишли тартибда тақсимлаш;

-шаҳар ва туманларнинг бир текис ривожланишини таъминлаш учун жойлардаги давлат ҳокимияти органларига маҳаллий солиқларнинг айрим турлари бўйича ставкаларни пасайтириш ва кўпайтириш ваколатларини бериш;

-ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш бўйича харажатларни ва кўзда тутилмаган сарф-харажатларни молиялаштиришда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мустақиллигини ошириш.

Президентимизнинг 2017 йил 7 июндаги маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтиришга оид фармонига мувофиқ жорий йил 1 январдан бошлаб маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг даромад олишдаги ваколатларини ошириш ва сарф харажатлардаги мажбуриятларини чегаралаш чоралари кўрилади.

Қуйидаги даромадлар бюджетга ўтказилади:

-тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ, жисмоний шахсларнинг мулк ва ер солиғи, айрим турдаги товарларнинг чакана савдоси ҳамда айрим турдаги хизматларни кўрсатиш ҳуқуқлари учун йиғимлар, бозорлардан тушадиган даромадлар бўйича тушумлар тўла ҳажмда шаҳар ва туманлар бюджетларига;

-ягона ер солиғидан, юридик шахсларнинг ер ва мол-мулкидан олинадиган солиқдан, ягона солиқ тўлови ажратмаларидан, бензин, дизель ёнилғиси ва газ истеъмоли солиғидан, абонент рақамидан фойдаланганлик учун тушумларнинг тегишли қисми вилоят бюджети, шаҳар ва туманлар бюджети ўртасида тақсимлаган ҳолда вилоятнинг маҳаллий бюджетига;

-сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва давлат божининг тегишли қисми (лицензиялар бериш учун давлат божи ва патент божлари бундан мустасно) тўлиқ ҳажмда, шунингдек, давлат активларини сотишдан ва давлат мулкини ижарага беришдан олинадиган тушумларнинг 25 фоизи вилоят бюджетига ўтказилади.

Жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан, юридик шахсларнинг фойда солиғидан (даромад манбаида норезидентлардан ундириладиган солиқлар бундан мустасно), қўшилган қиймат солиғи, тегишли товарлар бўйича акциз солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, жарималар ва йиғимларнинг тегишли қисми бўйича олинадиган тушумларни республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятларнинг маҳаллий бюджетлари ўртасида тақсимлаш, шунингдек, тегишли қисмда ажратилаётган солиқлардан олинаётган тушумларнинг белгиланган прогнозлари ошириб бажарилган сумма тегишли бюджетларнинг тасарруфида қолдирилади.

Қуйидагилар:

- иш ҳақи бўйича харажатларни ҳамда тиббиёт муассасаларининг ягона ижтимоий ҳақини тўлашга ҳамда шаҳар ва туманларнинг бюджетларидан молиялаштириладиган таълим муассасаларининг айнан шундай сарф-харажатларини тўлашга вилоят маҳаллий бюджетига республика бюджетидан;

- шаҳар ва туманларнинг бюджетларидан молиялаштириладиган иш ҳақи ва ягона ижтимоий тўлов бўйича сарф-харажатларнинг қолган қисмини тўлашга шаҳар ва туманларнинг бюджетларига вилоят бюджетидан мақсадли ижтимоий трансфертлар ажратиш;

Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалар ходимларининг иш ҳақи ҳамда ягона ижтимоий тўловини молиялаштиришга ажратиладиган мақсадли ижтимоий трансфертлар ҳажми шаҳар ва туманлар бюджетларининг даромад базаси кўпайишидан қатъий назар камайтирилмайди. Шунингдек, республика Вазирлар Маҳакамасининг 2017 йил 29 июндаги маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш захираларини аниқлаш ишларини ташкил этишга доир қарори ва шу асосдаги вақтинчалик низомларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида жорий йилда қуйидаги жами 134,0 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча маблағлар тушиши режалаштирилган бўлиб, бу ишнинг бажарилиши кунлик назоратга олинган.

Жисмоний шахслар фаолиятини назорат қилиш ҳисобидан солиқ тушумларини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортиш бўйича ўтказиладиган хатлов тадбирлари натижасида давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб келаётган 18,8 минг жисмоний шахслар аниқланиб, уларни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш ҳисобига 7,3 миллиард сўмни маҳаллий бюджетга жалб этиш чоралари кўрилади. Шунингдек, вилоят солиқ органларининг 119 нафар участка давлат солиқ инспекторлари томонидан 362,5 мингдан ортиқ хонадонга ташриф буюрилиб, ушбу объектларнинг ҳақиқий инвертаризация қиймати ва ер майдонлари хатловдан ўтказилади.

Хатлов жараёнида 13,7 мингта кўчмас мулк объектлари ва ер участкаларини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш ҳисобига маҳаллий бюджетларга жисмоний шахслардан 5,9 миллиард сўм миқдорида мол-мулк ва ер солиқлари қўшимча ундириб олинади. Солиқ идоралари томонидан ўтказиладиган тадбирлар натижасида солиқдан қарзи бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг 46,3 минг нафаридан солиқ қарздорликларини ундириш ҳисобига маҳаллий бюджетга 18,3 миллиард сўм қўшимча маблағлар жалб этилади. Яъни, 12,7 минг юридик шахслардан 17,4 миллиард сўм, 33,5 минг нафар жисмоний шахслардан 0,9 миллиард сўм қўшимча маблағ ундирилади.

Юридик шахсларнинг молиявий фаолиятини таҳлил қилиш, хусусан, камерал назорат ҳисобига 18,7 мингта хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ ҳисоботларида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш эвазига бюджетга 36,2 миллиард сўмлик солиқ тўловлари ундирилади. Ишламаётган 499 та хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти ва молиявий аҳволи ўрганилиб, уларни тиклаш ҳисобига 5,5 миллиард сўм, 768 та янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 30,5 миллиард сўм, солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши ва мавжуд имтиёзлардан нотўғри фойдаланганлик ҳолатларини аниқлаш ҳисобига 9,4 миллиард сўм қўшимча маблағ ундириб олинади.

Бозорлар даромадини ошириш орқали бюджет даромадлари базасини кенгайтириш ишлари ҳам олиб борилаяпти. Чунончи, ўтказиладиган хатлов тадбирлари натижасида бозорлар фаолиятига оид 1,1 мингдан ортиқ ҳолатлар бўйича 1,1 миллиард сўм қўшимча маблағ жалб этилади. Яна ҳам аниқроғи, 899 та бўш савдо ўринлари бандлигини таъминлаш ҳисобига 0,8 миллиард сўм, хизмат турлари тушумларини ошириш ҳисобига 34,0 миллион сўм, автомобиль сақлаш жойларини ташкил этиш эвазига 268,0 миллион сўм қўшимча маблағ ундирилади.

Шунингдек, бозорлар ва савдо комплексларида ноқонуний савдо фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ҳисобига 1,7 миллиард сўм ундириш кўзда тутилаётир. Якка тартибдаги тадбиркорларнинг бир нафардан ёлланма ишчини рўйхатдан ўтказиши ҳисобидан эса 448,0 миллион сўм, бозорларда ўтказиладиган текширишлар натижасида қўлланилган молиявий жарималарни ундириш ҳисобига 519,0 миллион сўм қўшимча маблағ олинади.

Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда 5,2 миллиард сўм миқдорида солиқ қарзини ундириш чоралари кўрилади. Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва бошқа ташкилотлар томонидан бюджетга 400 миллион сўм ундирилиши кутилмоқда.

Таълим соҳасини молиялаштириш учун маҳаллий бюджетдан 600 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилади. Республикамиз раҳбарининг 2017 йил 30 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этишга доир қарори асосида вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳамда шаҳар ва туманларда мактабгача таълим бўлимлари юзага келтирилди. Ушбу бошқарма ва унинг жойлардаги бўлимлари бино ва хоналар билан таъминланди. Мебель, компьютер ва бошқа жиҳозлар сотиб олиниши учун маҳаллий бюджетдан 1076,0 миллион сўм маблағ ажратилди.

Шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан Ш. Рашидов туманида 2 та, Ғаллаорол, Мирзачўл, Фориш туманлари ва Жиззах шаҳрида 1 тадан филиални давлат мактабгача таълим муассасасига айлантириш, Янгиобод туманида 3 та янги мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, Ғаллаорол туманида 1 та, Шароф Рашидов туманида 2 та, Жиззах шаҳрида 4 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

2017-2018 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида 10, 11- синфлар ташкил этилди. Шу муносабат билан вилоятдаги 75 та касб-ҳунар коллежларининг фаолияти ўрганиб чиқилди ва мазкур ўқув муассасаларининг 55 тасини умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларига айлантириш таклифи билдирилди.

Баҳодир ЎРОЛОВ,

вилоят молия бош

бошқармаси бошлиғи

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!